Қисқа сатрларда

Анъанавий «Гуллар фестивали» ўтказилиш санаси маълум қилинди

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

29 March, 2024, 03:08

Қишлоқ хўжалиги

БУЗОҚБОШИ ҚЎНҒИЗЛАРНИ ХАВФСИЗ ҲАШАРОТ ДЕБ ЎЙЛАМАНГ!

  • 25.Марта.2021
  • 1346

Марказий Осиёда мевазор боғларда бузоқбоши қўнғизларнинг уч тури: зарарли бузоқбош қўнғиз (Polyphylla adspersa Motsch.), уч тишли бузоқбоши қўнғиз (Polyphylla tridentata Reitt.) ва март бузоқбоши қўнғизи (Melolontha afflicta Ball.) зарар етказади.

Жанубий Тожикистонда март бузоқбоши қўнғизи ўрнига Тожикистон май бузоқбоши қўнғизи (Meblcntlia clypeata Rtt.) учрайди. Жанубий Тожикистоннинг тоғлик минтақаларида, бундан ташқари, тоғ май бузоқбоши қўнғизи (M. gussakovskii Med.) ҳам бор. Бу кўрсатилган бузоқбоши қўнғизлар етказадиган зарар ҳам, уларга қарши кураш чоралари ҳам бир-бирига ўхшашдир.
Зарари. Бузоқбоши қўнғизларнинг личинкалари дарахтларни, илдизини кемириб, қувватдан кетказади; баъзан мева кўчатзорларидаги ёш кўчатларни қуритиб ҳам қўяди.
Бузоқбоши қўнғизлар мева дарахтларидан ташқари токка, манзарали дарахт ва буталарга зарар етказади; баъзан бузилган боғлар ўрнига экилган экинларга ҳам зарар етказади.
Марказий Осиёда зарарли бузоқбоши қўнғизи (Polyphylla adspersa Motsch.) кўпроқ учрайди ва кўпроқ зарар етказади.
Тарқалиши. Зарарли бузоқбоши қўнғиз Марказий Осиё, Жанубий Қозоғистон, Эрон ва Кавказ ортида учрайди. Уч тишли ва март бузоқбоши қўнғизлари ҳозирча Марказий Осиё билан Жанубий Қозоғистондан топилган, холос.
Зарарли бузоқбоши қўнғиз танасининг ранги қўнғир, узунлиги 2,5-3,3 см. бўлиб, оқ зира ҳоллари бор. Кўкрагининг пастки томонида ва оёқларининг асосий ярмида узун оч туклари бор. Эркак бузоқбоши урғочисидан мўйлови билан фарқланади.

Ҳаёт тарзи. Зараркунанда ва уч тишли бузоқбош қўнғизлар учала ёшда ҳам личинкалик стадияда қишлайди. Март бузоқбоши қўнғизи дастлабки икки ёшда личинкалик стадиясида ва ҳали фаол ҳаёт кечиришга ўтмаган қўнғизлик стадиясида қишлайди. Личинка ва ғумбаклар одатда ернинг тахминан 20 см. чуқурлигида бўлади. Кўпинча, ер нам бўлганда, личинкалар ернинг юза қатламига чиқади ёки тупроқ қуриб қолаётган бўлса, 20 см.дан чуқурроққа тушиб кўмилиб олади. Айниқса, зараркунанда ва уч тишли бузоқбоши қўнғизлар баъзан тупроқнинг юзароқ қатламида ҳам ғумбакка айланаверади.
Март бузоқбоши қўнғизлари мартдан апрель ойининг ярмигача ёки охиригача учади. Зараркунанда ва уч тишли бузоқбоши қўнғизлар июннинг ярмидан июлнинг ярмигача учади. Бузоқбоши қўнғизлар ғира-шира қоронғи тушиши билан уча бошлайди. Март бузоқбоши қўнғизи атиги ярим соатдан кейин, зараркунанда ва уч тишли бузоқбоши қўнғизлар эса қоронғи кечада учишдан тўхтайди. Деярли эркаклари учади, урғочилари эса камҳаракат бўлади. Эркаклари дарахт ва буталарнинг, қисман ўтсимон ўсимликларнинг барглари, баъзан эса гуллари билан озиқланади. Аммо, экинларга катта зарар етказмайди.
Бузоқбоши қўнғизларнинг урғочилари озиқланмайди ва ҳаётий энергия учун тухум қўйиш, вақтининг охиригача танасидаги ёғларни сарфлайди, эркакларида эса ёғ кам бўлади.
Бузоқбоши қўнғизлар пайдо бўлганда жинсий ҳужайралари ҳали етилмаган бўлади. Улар учиб чиққандан 2-3 ҳафта кейин жуфтлаша бошлайди. Урғочиси соя жойларга, дарахтлар тагига, ернинг юза қатламига биттадан ёки 2-3 тадан тухум қўяди. 2-3 сутка мобайнида ҳаммаси бўлиб 30 тача тухум қўяди. Шу билан бирга зараркунанда ва уч тишли бузоқбоши қўнғизларнинг урғочилари тухум қўйгандан кейин тез орада нобуд бўлади. Март бузоқбоши қўнғизларининг урғочилари яна бир ойча яшайди, кейин яна 4-5 та тухум қўйиб ўлади.
Тухумлар қўйилгандан бир ярим ойдан кейин улардан личинкалар чиқади. Личинкалар фақат келаси йилда биринчи марта пўст ташлайди ва шу вақтдан бошлаб дарахтларнинг илдизларини кемириб, сезиларли зарар етказа бошлайди.
Зараркунанда ва уч тишли бузоқбоши қўнғизлар уч йилда, март бузоқбоши қўнғизи эса 4 йилда бўғин беради. Зараркунанда ва уч тишли бузоқбоши қўнғизларнинг личинкалари май-июнда ғумбакка айланади, шундан икки ҳафта ўтгач қўнғизлар учиб чиқа бошлайди. Март бузоқбоши қўнғизи ёзнинг ярмига бориб ғумбакка айланади; ўша ёзда тухумдан чиққан қўнғизлар фақат келаси йил кўкламида тупроқдан чиқади.


Кураш чоралари. Бузоқбоши қўнғизларга қарши курашиш учун ерни ҳайдаш олдидан гектарига 150-200 кг.дан «Гексахлоран» солиш тавсия этилади. Баъзан дала «Хлорпикрин», полихлоридлар ёки сероуглерод билан фумигация қилинади. Шу билан бирга боғ ёки токзор қилинадиган ерга мева ёки ток ўтқазилишига камида бир ой қолганда тупроққа инжектор ёрдамида ёки қозиқ қоқиб 10-15 см. чуқурликка «Хлорпикрин» ёки полихлоридлар (ҳар чуқурчага 25 г. «Хлорпикрин» ёки «Полихлорид») солинади. Чуқурчалар ҳар ярим метр масофага қилинади. Заҳар солингандан кейин чуқурча кўмиб ташланади. Апрелнинг ярмидан бошлаб май ойининг ярмигача ёки сентябрнинг ярмидан октябрь ойининг ярмигача бўлган вақт бузоқбоши қўнғизларга қарши курашиш учун энг қулай пайт ҳисобланади.
Қумлоқ тупроқларда (аммо бўз тупроқларда эмас) эгатларга кўчатлардан камида 7-10 см. қочириб, 1 м2 эгатга 35 г. миқдорида парадихлор-бензолни 10 см. чуқурликка сепиш ёки уни 1 м2 га 35-40 г. ҳисобидан 12,5х12,5 см. тўрига мувофиқ ўшанча чуқурчаларга солиш яхши натижа беради. Эгатлар ёки чуқурчалар инсектицид солингандан кейин кўмиб қўйилади.
Сероуглерод 1 м2 га 50 см3 ҳисобидан ишлатилади; бу дори қатор ораларининг ўртасига, кўчатлардан камида 35 см. қочириб, тахминан 25 см. чуқурликка инжектор билан ёки қозиқ қоқиб солинади.
Сўнгги вақтда қўнғиз личинкаларига қарши курашиш учун қатор ораларидаги эгатларга “Гексахлоран” (5-10 см. чуқурликда) солиб, кейин эгатларни кўмиш усули синаб кўрилди. Бунда гектарига 200 кг. инсектицид сарфланади (Бехметьева). Бу чора кўчатларни зарарланишдан деярли сақлайди. Дарахтларнинг таналари атрофидаги ерни чопиб, талайгина личинкаларни териб олиш мумкин.

Ерга минерал ўғитлар солиш тупроқ эритмаларидаги ва ҳашаротлар танасидаги тузлар концентрациясининг одатдаги нисбатини бузиб, ҳашаротларни сувсизлантириб қўяди. Бу эса ҳашарот танасидаги табиий осмотик босимни бузади ва кўпинча зараркунандани ҳалок қилади. Бузоқбоши қўнғизларининг личинкалари бор деб гумон қилинган жойларни токзор қилганда ўзини тутиб олган қаламчаларни ўтқазиш керак. Боғ ва кўчатзорлар яқинидаги бўш ётган ерлар доим ҳайдалган, юмшоқ ҳолда бўлиши керак.

Элёрбек УСМОНОВ,

Наманган вилояти ўсимликлар карантини Давлат инспекцияси инспектори

Энг кўп ўқилганлар

Календарь