Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 10:05

Қишлоқ хўжалиги

СОЯ ЎСИМЛИГИНИНГ ҲАМ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ БОР

  • 22.Марта.2021
  • 960

Ўлкамиз тупроқ-иқлим шароити соя етиштириш учун жуда қулай бўлиб, уни барча вилоятлар ва Қорақалпоғистонда асосий ҳамда такрорий экин сифатида етиштириш мумкин.

Такрорий экин сифатида экилган соя сув ва шамол эрозиясининг зарарли таъсирини камайтиради, тупроқни органик моддалар билан бойитади ва унинг иккиламчи шўрланиши камаяди. У буғдой ҳосилидан бўшаган анғизга экилганда экинзор микроиқлими, дала фитосанитар ҳолати, тупроқдаги микробиологик жараёнлар яхшиланади. Соядан кейин жойлаштирилган экинларнинг ҳосилдорлиги 20-30 фоизга ортади.

Шунингдек, сўнгги йилларда республикамиз ғаллазорларида кўпайиб бораётган ёввойи сули, так-так (ёввойи кўп йиллик арпа), тулкидум, мастак (райграс), чакамиғ (гандумак), кўп йиллик бегона ўтлар ажриқ, ғумай, пахтатикан, какра ва бошқалар кескин камаяди. Суғориладиган ерларда янги, илмий асосланган қисқа ротацияли алмашлаб экиш тизимларини яратиш ва жорий қилиш имконияти туғилади.

Ҳозирда республикамида селекционер олимлар томонидан яратилган 16 та соя нави Давлат реестрига киритилган. Аммо уларнинг уруғлари етарли миқдорда бўлмаганлиги сабабли жорий йилда соянинг тезпишар, эртапишар ва ўртапишар навлари, элита уруғлари Россиянинг Краснодар ўлкасидаги “СОКО” компаниясидан келтирилди. Улардан Аванта, Бара, Амиго, Арлета, Спарта, Селекта-101 навлари буғдой ҳосилидан бўшаган суғориладиган ерларга такрорий экиш учун тавсия этилади.

Республикамизда такрорий экин сифатида экиладиган навлардан ўсув даври 91–110 кун бўлган навлар экилгани маъқул.

Соя илдизларида туганаклар ҳосил бўлиши учун уруғ экиладиган тупрокда туганак бактериялари бўлиши керак. Соя экилмагани учун мамлакатимиз тупроқларида туганак бактериялар йўқ. Шунинг учун соя илдизларида туганакларнинг ҳосил бўлишини таъминлаш мақсадида уруғлар экишдан олдин Ризоторфин, Ризобофит, Нитрагин ёки Ризоазот бактериал ўғитлар билан ишланади, яъни инокуляция қилинади.

Соя экинларига ҳам бир қатор зараркунандалар зарар етказиши мумкин.

Соя экинига ўргимчаккана, шира, оққанот каби сўрувчи, кузги тунлам, кўсак қурти каби ҳашаротлар зарар келтиради. Уларга қарши курашишда биологик ва ким­ёвий қарши кураш чораларини уйғунлашган ҳолда қўллаш яхши самара беради.
Сўрувчи зараркунандаларга қарши олтинкўз имогасини белгиланган нисбатларда ва тартибда тарқатиш мақсадга мувофиқ. Кимёвий курашишда эса комплекс таъсир этувчи препаратлардан фойдаланиш зарур.
Қарши кураш чоралари: шира, оққанот, тамаки трипси, кичик ёшдаги қурт личинкаларига қарши “Моспилан” (0,15 л/га), “Карбафос” (0,6–1,0 л/га), “Дельтафос” (1,0 л/га), “Аплауд” (0,5 кг/га, “Адмирал” (0,5 л/га), “Политрин-К” (1,0 л/га), “Калипсо” (0,1 л/га), “Вертмек” (0,5 л/га), “Фуфанон” (1,0 л/га), “Кораген” (0,04–0,05 л/га), “Аваунт” (0,4–0,45 л/га) препаратларнинг бирортасини (кўрсатилган меъёрларига амал қилган ҳолда) тракторга тиркалган ОВХ пуркагичи билан гектарига 300 литр сув сарфланган ҳолда пуркалади.

Ўргимчакканага қарши профилактика учун гектарига 30-40 кг. дан олтингугурт чанглатиш, зарур бўлган вақт­да кимёвий препаратлардан “Омайт” (1,5 л/га), “Нерон” (1,0–1,2 л/га), “Вертмек” (0,2–0,3 л/га), “Фуфанон” (1,2 л/га), “Дельтафос” (1,5 л/га) препаратларининг бирини белгиланган тартибда сепиш яхши самара беради.

Яшнарбек ТУРСУНБОЕВ,

Наманган вилояти ўсимликлар карантини Давлат инспекцияси инспектори.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь