Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 03:36

Иқтисодиёт

ЧОРТОҚ: БУНЁДКОРЛИК ВА ЯРАТУВЧАНЛИК ШУКУҲИ

  • 14.Апреля.2021
  • 885

Ўзбекистоннинг энг хушманзара ҳудудларидан бири — Чортоқ тумани ташкил этилганига етмиш бир йил тўлди. Ҳозир тумандаги 19 та қишлоқ, 57 та маҳаллада ўндан ортиқ миллат вакиллари бир оила фарзандлари каби тинч-тотувликда, аҳилликда яшамоқда. Ҳудуднинг мўътадил иқлими иқтисодиётнинг аграр тармоғини, соғломлаштириш муассасалари ҳамда туризмни, шунингдек, экологик жиҳатдан сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш саноатини ривожлантиришга жуда қулай. Бу ерда кун сайин асаларичилик ва балиқчилик ҳам ривожланиб бормоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 ноябрдаги “2020-2022 йилларда Наманган вилояти Чортоқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳудуд ривожида муҳим аҳамиятга эга бўляпти.

— Ҳукумат қарорини туман учун тарихий ҳужжат деса бўлади. Чунки бунинг ортидан Чортоқдаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари ривожлантирилади, йўл-транспорт инфратузилмаси, электр, газ, ичимлик сув таъминоти яхшиланади, ирригация ва мелиорация объектлари, кўп қаватли уйлар таъмирланади, қатор боғча, умумтаълим, касб-ҳунар ва мусиқа мактаблари реконструкция қилинади. Энг асосийси, 5 мингта янги иш ўрни яратилади, — дейди туман ҳокими Анваржон Отахўжаев. — Қарор аҳоли даромадини ошириш, уларни иш ўринлари билан таъминлаш учун пахта, ғалла экин майдонларини ва ишлаб чиқариш ҳажмларини тўлиқ қисқартириш, мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш, саноат салоҳиятини янада кўтариш, қишлоқ хўжалиги, сервис ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилгани билан ҳам жуда муҳимдир.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 26-27 июнь кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларини мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Жорий йилнинг 11 январь куни эса Президентимизнинг “Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатда ер майдонларидан олинадиган даромадни уч карра кўпайтириш, ҳудудларда ғалла ва пахтадан қисқарадиган ер майдонларида ташкил этиладиган интенсив боғлар, токзорлар ҳисобига омилкорликни кескин ошириш белгиланган.

Мисол учун, Чортоқ туманида илгари 15-20 центнердан ҳосил берган 2100 гектар ғалла майдони қисқартирилиб, ўрнига 400 гектар интенсив боғ, 150 гектар токзор, 1550 гектар мева-сабзавотчилик йўналиши бўйича лойиҳалар амалга оширилади. Қолаверса, шу кунларда давлатимиз раҳбари ташрифи чоғида танишган Ойқирон адирликларидаги 1000 та иссиқхонани 10 мингтага етказиш ишлари тезкорлик билан давом этмоқда.

— Далаларда иш бошланмасдан олдин, яъни февраль ойида “Ёшлар дафтари”га киритилган 45 нафар ёшга 15 сотихдан ер берилди ва бу ташаббус бугун ҳам давом эттирилмоқда. Тумандаги “Мансур Аъзам Акрам” фермер хўжалигининг 15 гектар ер майдони ишсиз ёшларга ажратиб берилди ва уларга махсус сертификат топширилди. Ёшлар бу ерда дуккакли экинлар парваришлаб, оилалари даромадини таъминлайди. Соҳа мутахассислари ёш деҳқонлар ишини кузатиб, амалий ёрдам ва маслаҳатларини бериб бормоқда, — дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Расулбек Умматов.

Чортоқ туманида аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ўз томорқасидан унумли фойдаланаётган хонадонлар сони ортиб боряпти. Масалан, “Кесканёр” МФЙдаги 598 оилада 2649 нафар аҳоли истиқомат қилади. Йиғинда 68 та оилага субсидия асосида 1 сотихли иссиқхона қуриб берилди. 34 та хонадон эгалари эса ўз ташаббуслари билан иссиқхоналар қурди.

— “Кесканёр” маҳалла фуқаролар йиғинининг Нурчи, Чаманзор, Шодлик кўчаларида 220 та хонадон бўлиб, 120 тасида ичимлик сув тармоғи йўқ эди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан 500 метр қувур ётқизилиб, аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланди, — дейди “Наманган сув таъминоти” МЧЖ Чортоқ бўлими раҳбари Жакбарали Давлатов.

“Маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида “Бодомзор” МФЙда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, лойиҳалар ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш бўйича катта ишлар амалга ошириляпти. Тикувчилик фаолияти билан шуғулланаётган маҳаллий тадбиркор Муҳайё Мирҳайдаровага ҳокимият ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан амалий ёрдам кўрсатилиб, бўш турган эски бино ижара асосида фойдаланишга берилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бугун шиддат билан ривожланиб, тараққиётга юз тутаётган мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори ва нуфузи қуйи тизим — маҳаллалардаги ислоҳотларга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. Аксарият қишлоқларда маҳалла идораси биноси йўқ эди. Наврўз байрами арафасида Чортоқ туманида бир йўла тўртта — “Ора-ариқ”, “Боғистон”, “Бағрикенглик” ва “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинларининг барча зарур шароит ва қулайликларга эга янги бинолари фойдаланишга топширилди. Мазкур маҳаллалар мажмуаларида аҳоли ва ёшларга хизмат қиладиган қўшимча лойиҳалар ҳам йўлга қўйилади. Жорий йилда Чортоқ туманида жами 22 та маҳалла ўзининг кўркам биносига эга бўлади.

Яна бир гап. Ёпиқ сузиш ҳавзаси ҳозиргача Наманган шаҳри, Поп, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманларида фаолият кўрсатган бўлса, эндиликда чортоқлик ёш спортчиларга ҳам бундай имконият яратилди. “Дўстлик” МФЙ ҳудудида 60 сотих майдонда 6,2 миллиард сўм миқдоридаги республика бюджети маблағлари ҳисобига қуриб битказилган иншоот Чортоқ туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ихтиёрига ўтказилди.

Чортоқнинг олис ҳудудларида ҳам марказдагидек ҳаёт қайнаётир. Туманнинг “Дамариқ” МФЙда тадбиркор Аюбхон Дадамирзаев томонидан “Дурдона текстиль” МЧЖ тикув корхонаси ташкил этилиб, маҳалладаги 15 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланди. Бу ерда болалар кийимлари ишлаб чиқарилади.

“Боғистон” МФЙ туман марказидан 35 километр узоқда жойлашган. Яқинда бу ҳудудда икки қаватли бўш турган собиқ ширкат хўжалиги биноси замонавий таъмирланиб, комплекс маҳалла идорасига айлантирилди. Бинонинг иккинчи қавати тадбиркор Дилдора Иззатуллаева ихтиёрига берилди. У трикотаж маҳсулотлари тикишга ихтисослашган “Боғистон текстиль” МЧЖ қошида хусусий корхона очди ва шу кунларда фаолиятини яна кенгайтириш ҳаракатида. Ҳозир корхонада 40 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Улар илгари туман ва вилоят марказига қатнаб ишлар эди.

МФЙ раиси Адашали Холбоевнинг айтишича, ҳудудда тикувчиликка мўлжалланган корхона мавжуд эмасди. Чевар опа-сингиллар туман ёки вилоят марказига бориб ишларди.

— Бир неча йилдан буён шунча масофадан шаҳарга ишга қатнардим. Эрталаб кетиб, кечқурун келардим. Тўғриси, болаларим деярли қаровсиз қоларди. Энди уйимиз яқинидаги янги тикувчилик корхонасига ишга жойлашдим. Машаққатларим, ташвишларим камайди, йўлга сарфлайдиган вақтим ва пулим тежаляпти, — дейди тикувчи Нигора Ҳайдарова.

— Иккита ёш болам борлиги учун узоқ жойда ишлаш имконсиз эди. Чеварчилик қўлимдан келади. Маҳалламиз ҳудудида кичик тикувчилик корхонаси очилгани мен учун айни муддао бўлди. Танаффус ёки тушлик пайтида уйимизга чиқиб, фарзандларимдан хабар олишимга шароит яратиб беришганидан хурсандман. Қаранг, ҳам меҳнат билан бандман, ҳам оиламиз даромадига ҳисса қўшяпман. Ишбай ҳақ тўлашяпти, қанча кўп иш бажарсак, шунча кўп ойлик оламиз, — дейди чевар Муаттар Маматова.

Чортоқ туманидаги мавжуд “Бешкапа” ва “Тинчлик” кичик саноат зоналарида қурилиш ишлари авжида. Етти гектар майдонда барпо этилаётган “Бешкапа” кичик саноат зонасида электрощит, металл маҳсулотларини қайта ишлаш, электродвигателлар, тиш протезлари ва хомашёлари, болалар пойабзаллари, сантехника, мебель ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган умумий қиймати 86 миллиард 300 миллион сўмлик 37 та лойиҳа амалга оширил­япти. Улар тўлиқ ишлай бошлагач 1,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконияти туғилади. “Тинчлик” кичик саноат зонасининг умумий ер майдони 1,4 гектар бўлиб, бу ерда тикувчилик, мебель, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишдаги 21 миллиард сўмлик 28 та лойиҳа жойлаштирилади. Айни пайтда 14,3 миллиард сўмлик 16 та лойиҳа ташаббускорлари томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Туманда яна “Ўрикзор” ва “Боғистон” кичик саноат зоналарини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Улардаги 68 та лойиҳа юзасидан ташаббускорлар шакллантирилмоқда.

Чортоқда 2021 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 147 миллиард 466 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Бу йилга ажратилаётган маблағлар ўтган йилга нисбатан тўрт баробар кўп. Биргина “Бештол” ва “Боғистон” МФЙга 23 миллиард 700 миллион сўм сарфланиши белгиланди. 29 та маҳалладаги 38,4 километрлик ички йўлларни таъмирлаш учун 2020 йилга нисбатан 10 баробар ортиқ маблағ йўналтирилмоқда. Ҳозиргача “Бештол” маҳалла фуқаролар йиғинида 2 километр, “Боғистон” маҳалла фуқаролар йиғинида 3 километр йўлга шағал ётқизилди ва 600 метр йўл асфальтланди. Узун кўча ва Гулдиров маҳаллаларида бу жараёнлар давом этмоқда. Шунингдек, газ ва сув тармоқлари тортиш, янги иншоотлар қуриш ва эскиларини реконструкция қилиш ишлари ҳам авжида.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, Чортоқ туманининг Дўстлик маҳалласида намунавий лойиҳа асосида 240 хонадонли 12 та 5 қаватли уй-жойлар қурилишига куни кеча старт берилди.

Жорий йилда туманнинг Дўстлик, Короскон ва Ойқирон маҳаллаларида 380 хонадонга мўлжалланган 5, 7, 9 қаватли 17 та уй бунёд этилади.

Ҳа, бугун Чортоқ туманининг қай манзилига борманг, яратувчанлик, бунёдкорлик устидан чиқасиз, катта-кичик раҳбарлар халқ дарди билан қизиқиб, уларнинг ташвишлари билан яшаётганига гувоҳ бўласиз.

Орифжон ЖЎРАЕВ, “Янги Ўзбекистон” мухбири

Энг кўп ўқилганлар

Календарь