Қисқа сатрларда

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

20 April, 2024, 08:23

Иқтисодиёт

ИККИ МИЛЛИАРД СЎМ

  • 08.Октября.2019
  • 1031

«Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акционерлик жамияти томонидан ўтказилган матбуот анжуманида вилоятда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, марказий даврий босма нашрларнинг вилоятдаги мухбирлари, интернет сайтлари вакиллари иштирок этган тадбирда акционерлик жамияти раҳбарияти ва мутахассислари томонидан вилоятда улгуржи ва чакана истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, хизмат кўрсатиш сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Бугунги кунда вилоятдаги 566956, жумладан 23907 улгуржи ва 543049 чакана истеъмолчига умумий узунлиги қарийб 19 минг километрлик узатиш тармоғи, 175 та подстанция, 274 та куч трансформатори ва 5933 та трансформатор пункти воситасида электр энергияси етказиб берилмоқда. Айни вақтда вилоят бир кеча-кундузлик истеъмол ҳажми 10 миллион киловатт-соатни ёки бу кўрсаткич  бир ойда ўртача 300 миллион киловатт-соатни ташкил қилмоқда.

Журналистларнинг дастлабки саволи ёз фасли бўлишига қарамай электр энергияси таъминотида узилишлар яна кўпайиб бораётгани, илгари бу ҳолат асосан қишлоқларда бўлса, эндиликда ҳатто вилоят марказида ҳам тез-тез юз бераётгани хусусида бўлди.

– 10 минг 300 километрга яқин узатиш тармоғи ва 2 500 га яқин трансформатор пунктлари 30 йилдан ортиқ вақт давомида узлуксиз ишлаб келмоқда, яъни эскирган, – деб изоҳ берди жамият оператив диспетчерлик хизмати бошлиғи М.Ирисқулов. – Шу билан бир қаторда истеъмол миқдори йил сайин ортиб бормоқда. Тизимда йиллик режа асосида таъмирлаш ва созлаш ишлари мунтазам олиб борилаётганига қарамай, техник ва бошқа сабаблар туфайли бугун ҳам истеъмолчи узилиш ва баъзан чекловлар муаммосидан азият чекаётгани сир эмас. Бироқ, техник модернизация қилиш, янги тармоқлар тортиш ишлари давом эттирилаяпти. Албатта, ўнлаб йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммоларни бирданига бартараф этиб бўлмайди, бунинг учун вақт, маблағ талаб этилади.

Учрашувда тақдим этилган 2010 ва 2018 йилларнинг қиёсий таҳлилига кўра, 2010 йилда энергия истеъмоли 2 687 миллион кВт соатни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда бу рақам 3700 миллион кВт. соатга етган ёки 38 фоизга ошганлигини кўриш мумкин.

Ёхуд 2010 йилнинг июнь ойида 203 миллион кВт соат электр энергияси сарфланган бўлса, 2018 йилнинг шу ойида истеъмол миқдори 28 фоизга ўсиб, 260 миллион кВт соатни ташкил этган. 2010 йилнинг 13 июнь куни вилоят бўйича 7 миллион кВт соат ток қувватидан фойдаланилган бўлса, 2018 йилнинг худди шу санасида 11 375 минг кВт соат ёки 62 фоиз кўпроқ электр токи харж қилинган. Янада янгироқ қиёс: 2018 йилнинг биринчи ярмида 1 778 минг  кВт.соат, жорий йилнинг шу даврида эса 1 867 минг кВт соат энергия истеъмоли қайд этилган.

Узилиш ва чекловлар бўйича тушган саволларга мутахассислар томонидан берилган жавобларга кўра, вилоят ҳудудидаги 38 та 110 кВ.ли линиянинг 26 таси юкламани автоматик ўчириш қурилмасига уланган бўлиб, генерация қуввати етишмай қолган вақтда, кучланиш пасайганда, 220/500 кВ.ли тармоқлар меъёридан ортиқ юклама билан ишлаганда ҳамда тармоқ қурилмаларида носозлик юз берганда автоматик равишда ўчириш тизими ишга тушади. Чекловлар эса энерготизимда электр энергияси, гидроресурс, қувват танқислиги эҳтимоли туғилган пайтда Миллий диспетчерлик маркази топшириғи билан амалга оширилади. Бу албатта, электр станциялари, подстанциялар ва бошқа электр қурилмаларининг йўл қўйиб бўлмайдиган шароитларда ишлаши, инсон ҳаётига хавф туғдирадиган ҳолатлар, давлат аҳамиятига эга объектларда тартибсиз ўчиб қолишлар каби ҳолатлар олдини олиш мақсадида амалга оширилади.

Хўш, электр таъминотини яхшилаш бўйича, аниқроқ айтадиган бўлсак, эскирган электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларини пунктларини янгилаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йиллар даврида паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш Дастури тўғрисида»ги қарорига асосан беш йил ичида 1746 километрдан зиёд электр узатиш тармоғи ва 847 та трансформатор пунктларини янги қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган, – деди жамият техник масалалар бўйича директори Р.Мирзаев. – Жорий йилнинг биринчи ярмида 84,7 километр 0,4-6-10 кВ ли эскирган электр узатиш тармоғи ва 63 та трансформатор реконструкция қилинди. Шу тоифадаги 80,7 километр ва 50 та янги трансформатор пункти қуриб ишга туширилди. Бундан ташқари 0,4-6-10-35-110 кВ.ли минг километрдан кўпроқ электр узатиш тармоғи, 439 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Бундай ишлар 35-110 кВ.ли, юқори кучланишли тармоқ ҳамда подстанцияларда ҳам амалга оширилмоқда.

Тадбирда берилган маълумотларга кўра, бундан ташқари «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари доирасида ҳам вилоятнинг бир қатор туманларида электр таъминотини яхшилаш бўйича амалий ишлар қилинди. Жумладан, 155 та трансформатор пункти, 265 километрдан зиёд электр узатиш тармоғида реконструкция  ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлиги оширишга қаратилган маҳаллий дастурлар асосида Наманган шаҳрида қурилаётган кўп қаватли турар-жой бинолари, янги ташкил топаётган корхоналарни электр энергияси таъминотини йўлга қўйиш борасида ҳам изчил иш олиб борилмоқда. Жумладан, Наманган шаҳри, Уйчи, Чортоқ, Норин, Косонсой, Тўрақўрғон, Чуст туманларидаги подстанцияларда куч трансформаторлари кучайтирилди.

Матбуот анжуманида журналистлар шунингдек, жамият тизимидаги корхоналар фаолияти, тизим ходимларини ижтимоий ҳимоялаш, хавфсизлик техникаси, мурожаатлар билан ишлаш каби мавзуларда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Акрамжон САТТОРОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь