Қисқа сатрларда

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

Намангандаги бунёдкорлик лойиҳалари кўздан кечирилди

28 March, 2024, 11:29

Иқтисодиёт

Монополияга қарши кураш: асосий турдаги маҳсулотлар нархи асоссиз ва сунъий оширилмаслиги керак

  • 15.Января.2023
  • 481

Бозорларда ёки аҳолига хусусий тадбиркорлар томонидан кўрсатилаётган транспорт хизматида мавсум фасллардан қатъи назар нархларни сунъий ошириш ҳолатлари кўп кузатилади. Айниқса, доимий эҳтиёж сезиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари савдосида бу иллат урчишга жудаям мойил. 

Ана шундай қабиҳликларнинг олдини олиш мақсадида 2022 йил 31 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонни  имзолади. Ва мазкур Фармон ижроси доирасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 декабрдаги «Асосий турдаги озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар нархлари барқарорлигини таъминлаш ҳамда маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини тизимли назорат қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори  таъкидлаб ўтилган оғриқли ва долзарб  муаммоларни бартараф этишда муҳим ҳужжат бўлди. 

– Бозордаги шов-шув ва ваҳима таъсирида шиддат билан ортиб борадиган талаб таъсирида товар таклифи талабдан орқада қолади ва товарга бўлган талаб сунъий равишда ортади, – дейди Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси истеъмол бозорларида нархларни мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Шерхон Насихонов. – Натижада, бозор мувозанати бузилади ва маҳсулотлар тақчиллиги кучаяди. Бунинг олдини олиш учун Вазирлар Маҳкамасининг юқорида келтирилган тегишли  қарорига мувофиқ, асосий турдаги озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар нархларининг кескин тебраниши даврида асоссиз оширилмаслиги бўйича тизимли назорат ўрнатиш ва зарур чоралар кўриш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди. «Асосий турдаги товарлар» деганда юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар, хомашё ва материаллар ҳамда  ижтимоий аҳамиятга эга бўлган асосий  озиқ-овқатлар тушунилади.

Аниқроқ қилиб айтганда, буғдой, ун ва қолипли нон, мол ва парранда гўшти, тухум, пахта ёғи, кунгабоқар ёғи, гуруч, сут (қадоқланган) ва шакар каби маҳсулотлар шулар жумласидандир. Демак, мазкур Низомда  белгиланганидек, асосий турдаги товарлар нархларининг ўзгариши динамикаси мониторинг қилиб борилади ва уларнинг тебранишига таъсир этган омиллар ҳамда уларнинг келиб чиқиши сабаблари таҳлил қилинади. Таҳлил ўтказиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади: ваколатли органга келиб тушган ариза ёки ўтказилган мониторинг натижалари; ваколатли органнинг таркибий тузилмалари иш режалари; бевосита ваколатли орган ходимлари томонидан кўрик ўтказиш давомида қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари (белгилари) аниқланганда; давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлардан тушган ахборот; оммавий ахборот воситаларидаги маълумотлар. Ваколатли орган ўтказилган таҳлил натижасида нархларнинг кескин тебраниши ҳолатини тўлиқ ва холис кўриб чиқиш учун хўжалик юритувчи субъектлар, давлат органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ҳамда фуқаролар орасида сўров ўтказиши мумкин.

Шунингдек, инсон саломатлиги, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки учун хавфлилиги ва сифатсизлиги аниқланган товарларни ишлаб чиқариш, республика ҳудудига импорт қилиш, реализация қилишни тўхтатиш, муомаладан чиқариш ва истеъмолчилардан мажбурий равишда қайтариб олиш тўғрисида ишлаб чиқарувчи ҳамда сотувчиларга кўрсатмалар бериш тартиби ҳам тасдиқланди. Товарнинг хавфлилиги ёки сифатсизлиги аниқланганда, ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган тегишли кўрсатма  берилади. 

Алоҳида таъкидлаш жоизки, 2022 йилнинг 15 декабрь куни Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш бўйича берилган топшириқлар ижроси доирасида вилоят ҳокимлигининг чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Шунга биноан, «АИ-80» маркали бензин нархларини асоссиз оширилишини олдини олиш мақсадида ҳудудий бошқарма ходимлари вилоятдаги   АЁҚШлар раҳбарлари  билан  учрашиб, тушунтириш ишлари олиб борди ҳамда кунлик мониторинг кузатувлари ташкил этилди.  

Ўтказилган кузатувларда иккита ҳолатда (Уйчи туманидаги «Давр плюс» МЧЖ ва Учқўрғон туманидаги «Фурқатжон ОИЛ» МЧЖлар) «АИ-92» маркали бензин лаборатория текширувидан ўтказилганда таркибдаги  октан  миқдори давлат стандартлари талабларига мос келмаганлиги аниқланди. Шунга кўра, ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан ушбу МЧЖларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, истеъмолчиларга сифатсиз маҳсулот сотилганлиги натижасида Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни 4-, 7-, 12- ва 20-моддалари талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги сабабли асоссиз олинган жами 42659000 сўм маблағ истеъмолчиларга қайтарилиши юзасидан кўрсатмалар берилди. Бундан ташқари, Уйчи ва Учқўрғон тумани прокуратуралари томонидан мазкур АЁҚШларнинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, тегишлилиги бўйича Жиноий судлар томонидан маъмурий жарималар қўлланилди.

Шунингдек, мониторингда Наманган шаҳридаги «VOHID AFRUSH» хусусий корхонасига қарашли АЁҚШда «АИ-80» маркали бензин маҳсулоти бир литри 5700 сўмдан сотилаётгани ва захирада 4100 литр маҳсулот мавжудлиги, Чортоқ туманидаги «MLA NEFT TRANS» МЧЖ томонидан «АИ-80» бензин 5800 сўмдан сотилаётгани ва захирада 4150 литр бензин қолдиғи мавжудлиги маълум бўлди. Тўрақўрғон туманидаги «Шахбоз газ» МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган мониторингда охирги марта Тўрақўрғон нефтбазасидан олиб келинган бензинни 5700 сўмдан сотиб тугатилгани боис, шу куни биржа савдоларидан сотиб олинган 6 тонна бензин нефтбазадан олиб келиниб, аҳолига сотилиши таъминланди. 

Бугунги кунда вилоятдаги АЁҚШлар томонидан биржа савдоларидан сотиб олинган «АИ-80» маркали бензиннинг бир литри 5700 сўмдан 6000 сўмгача чакана нархларда сотилиши назоратга олинди.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан вилоятда суюлтирилган газ ва кўмир маҳсулотининг аҳолига ўз вақтида етказиб берилиши юзасидан кунлик назорат ўрнатилиб, таҳлил ва мониторинг кузатувлари олиб борилмоқда. Вилоятимизда 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида аҳоли учун 210000 тонна кўмир маҳсулоти етказиб бериш режалаштирилган. 1 тонна кўмир аҳолига 300300 сўмдан, ижтимоий соҳа объектлари учун  эса 418245 сўмдан етказиб  берилмоқда.

Сотиб олинган кўмир омбордан фуқаронинг шахсий имкониятидан келиб чиқиб, ўз транспорти ёки ёлланма транспорт орқали олиб чиқиб кетилмоқда. Чортоқ туманида 209 тонна, Норинда 140 тонна, Тўрақўрғонда 209 тонна ва Наманган шаҳрида 210 тонна кўмир захираси мавжуд.

Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туманидаги кўмир етказиб бериш шохобчаларидан  намуналар олиниб, белгиланган тартибда лабораториядан ўтказиш учун Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига топширилди.

Вилоят бўйича 2022 йилнинг январь-декабрь ойларида истеъмолчиларга 66590 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, амалда 68500 тонна маҳсулот  етказиб берилди.

Ҳа, ижтимоий ҳаётимизда – қишнинг чириллама қаҳратонидаям, ёзнинг қайноқ жазирамасидаям турли синовли ҳолатлар бўлиши табиий. Чунки, синовли дунёнинг қонунияти бу. Зеро, кимнинг аслида кимлиги ана шундай долзарб ва тиғиз паллаларда аниқ-тиниқ намоён бўлади. Ахир  инсофу  ҳалолликда – барака, ҳаловат ва албатта, бахту иқбол мужассамлигиям айни ҳақиқат! 

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,
«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь