Қисқа сатрларда

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Хорижда ишловчиларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш учун компенсация берилади

19 April, 2024, 11:24

Иқтисодиёт

ПОПДА ИСЛОҲОТЛАР ЯНАДА ЖАДАЛЛАШАДИ

  • 14.Августа.2020
  • 1115

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий ва қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш-ободонлаштириш  соҳаларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Поп туманида бўлди.

 

ЭЧКИЧИЛИК - СЕРДАРОМАД СОҲА

Тумандаги «Чоркесар эчкичилик» кластери ангор эчкилари ва ҳисори қўйлари  кўпайтиришга ихтисослашган. Бу ерда хориждан келтирилган 140 минг долларлик дастгоҳлар воситасида жундан турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Айни пайтда  хўжалик томонидан  хонадонларга  банк кредити асосида 10-15 бошдан наслли эчкиларни тарқатиш  давом этмоқда.  Бир бош эчкидан мавсумда 5-7 кг.  атрофида жун олинади. Маҳаллий бозорда бир килограмми  150 минг сўм бўлган  хом ашёдан  10 донадан  пайпоқ ва  шарф, 3 тагача  рўмол тайёрлаш мумкин. Бу эса мазкур йўналишда машғул  оиланинг  ўртача даромади ойига  2-3 млн. сўм  бўлади дегани.    

Эчки юнгидан тўқилаётган кийим-кечаклар серхаридор ва Белоруссияга 120 минг долларлик маҳсулот етказиб бериш юзасидан шартнома имзолангани эътиборга молик. 

Микроэлементларга бой шифобахш  сутидан қаймоқ, пишлоқ, творогларни ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган. 

Соҳадаги  лойиҳаларни Чуст, Косонсой туманида ҳам давом эттириб, яна 20 минг бош наслли эчки келтирилади ва 2-3 йилда уларни 70-80 минг бошга етказиш режалаштирилган.

 

ТАДБИРКОРЛИККА ИШТИЁҚ ОРТМОҚДА

Чиғаноқ  маҳалласидаги бўш турган бинода  “Жаннатгул текстиль” МЧЖ томонидан  тикувчилик цехини  ташкил этиш лойиҳаси қиймати 2 млрд. 600 млн.  сўм, шундан ташаббускорнинг ўз маблағи 2 млрд. Биринчи ва иккинчи  босқичда 100 тадан, жами 200 та  иш ўрни яратиш режалаштирилган. 

Яқин ойлар ичида фаолияти бошланадиган корхонада Япония, Германия, Хитой ва  Туркия технологияси асосида  кунига  3 минг дона, ойига эса 90 мингтагача  футболка ишлаб чиқариш  мумкин. Маҳсулотларни  ички бозордан ташқари  Россия ва Белоруссияга экспорт  қилиш мўлжалланган. Вилоят раҳбари лойиҳани маъқуллаб, тадбиркорга зарур бўлган 600 млн. сўм кредит маблағи ажратиш масаласида амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди.

Тумандаги  «Тўда наслли чорвалари» МЧЖ фаолиятини йўлга қўйиш лойиҳасининг умумий қиймати 2,9 млрд. сўм бўлиб, шундан 1,3 млрд.  ташаббускорнинг ўз маблағи ва 160 минг доллар  банк кредитидан  қопланмоқда. 15 нафар киши бандлиги таъминланган  ушбу хўжаликда Австриядан келтирилган  64 бош наслли мол боқилмоқда.

Хўжалик раҳбари Жасур Шодмоновнинг билдиришича, бу молларнинг   маҳсулдорлиги маҳаллий зотларга нисбатан жуда юқори бўлиб,  яна  36 бош наслли чорва олиб келиш ва йил якунига қадар чорва сонини 100  бошга етказиш режалаштирилган. Ҳозирда банк кредити  учун  ҳужжатлар тайёрланмоқда.

125 минг  долларлик Хитой ускуналари келтирилгач, колбаса, қатиқ, пишлоқ ва сметана эл дастурхонига  етказиб берилади.

 

ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Чодак қишлоғида “Apart Hotel Kosmos" МЧЖ томонидан 2 гектар майдонни эгаллаган замонавий меҳмонхона ва дам олиш маскани  бунёд этилмоқда. 120 ўринли  мазкур  лойиҳа қиймати  800 минг  доллар бўлиб, 400 минг  доллари чет эл инвестиция маблағидан,  қолгани  ташаббускорнинг улушидан иборат.  Лойиҳа амалга оширилгач, 50 нафар киши иш билан таъминланади.

Хорижий ҳамкор - Россия Федерациясининг «Строй лидер» МЧЖ компанияси  раҳбари  Дилшоджон Тўрахўжаевнинг  таъкидлашича, туризм ва меҳмонхоналар базаси йил сайин ўсиб, хизмат кўрсатиш соҳасига айланмоқда. Компания  мижозларга  нафақат турар жой ва овқатланиш имкониятларини, балки транспорт, алоқа, диққатга сазовор гўшаларга сайр,  тиббий ва  спорт хизматлари, гўзаллик салонлари ва бошқа экскурсия хизматларини ҳам таклиф этади.

Айни пайтда 200 минг доллар миқдорида бевосита ташқи инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, маъмурий бино ва бассейн битказилмоқда.

Вилоят раҳбари  жараёнлар билан танишиш асносида туманда тармоқларни янада ривожлантириш, наслчиликни илмий асосда ташкил этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш эвазига  маҳсулдорликка  эришиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берди. 

Соҳаларни ривожлантириш учун тадбиркорларга зарур бўлган ер майдони ва банк кредитини ажратиш ҳамда амалий мадад бериш масаласида дахлдор мутасаддиларга вазифаларни  юклади.

Вилоят ҳокимининг ахборот хизмати хабарлари асосида тайёрланди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь