Қисқа сатрларда

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

Намангандаги бунёдкорлик лойиҳалари кўздан кечирилди

28 March, 2024, 07:51

Иқтисодиёт

СЕНАТ РАИСИ: "ТЎРАҚЎРҒОН ТУМАНИ РЕСПУБЛИКАДА БИРИНЧИ БЎЛИШИ КЕРАК"

  • 03.Октября.2020
  • 970

Аввал хабар берилганидек, 2020 йил 2 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Наманган вилояти Тўрақўрғон туманига ташриф буюриб, 2020-2022 йилларда Тўрақўрғон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишди.

Шу жумладан, «Рубин БИА» корхонасида бўлди. Замонавий темир бетон ва армо каркас қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган ушбу корхонада 15 та иш ўрни яратилган. Йилига 35-40 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Сенат Раиси мазкур муассаса фаолияти билан танишиб, қурилиш материалларини сифатли ишлаб чиқаришга жиддий қараш зарурлигини таъкидлади. Қолаверса, тадбиркорнинг Ёқилғи қуйиш шохобчаси ташкил қилиши учун ер ажратиш борасидаги мурожаати ҳам кўриб чиқилиб, ҳал этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Бундан ташқари, Т.Норбоева Тўрақўрғон тумани «Калвак» МФЙдаги «Абдусалом равнақи» МЧЖ фаолияти билан танишди.

Таъкидлаш жоизки, «Абдусалом равнақи» МЧЖ томонидан чет элдан қайтган ва ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш ҳамда мебель саноати ривожлантиришдаги масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ҳозирда ушбу корхонада ёғоч ва НДФ материалларидан эшик ва ромлар, мактабгача таълим муассасалари учун шкаф, стол-стуллар, тиббиёт муассасалари учун мебель анжомлари тайёрланяпти. Бугунги кунда 14 та иш ўрни яратилган.

Тадбиркор Муҳаммадшариф Қосимов ҳовлисида иш олиб бораётгани ва жой торлиги учун ер сўраган эди. Туман ҳокимлиги томонидан қўшимча ер ажратилиб, ҳозирда қурилиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Мебель фабрикаси кенгайтирилиши натижасида яна 20-30 нафар киши иш билан таъминланиши режалаштирилган.

Шунингдек, ёшларга ҳунар ўргатиш мақсадида тумандаги касб-ҳунар коллежидан ҳам жой ажратиш борасидаги таклифи Сенат Раиси томонидан қўллаб-қувватланди ва бу масалани ҳал қилиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берилди.

— Бу жуда ўринли таклиф, — деди Сенат Раиси Т.Норбоева. — Боиси, умумтаълим мактаби битирувчилари олий таълимга ўқишга киргани нур устига аъло нур. Бироқ талабаликка ўтолмаганлар нима билан машғул бўлади? Айниқса, ўғил болаларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадга мувофиқ. Зотан, ҳунарли киши хор бўлмас. Яна бир жиҳат, ишлаб чиқариш жараёнида чет эл тажрибасини ўзлаштириш, рақобатбардош, бозор жозибадорлигини оширишга эътибор қаратиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Навбатдаги манзил – Тўрақўрғон тумани «Хўжанд» МФЙдан оқиб ўтувчи Жанжалсой кўприги. Сенат Раиси Жанжалсой устидан ўтувчи автомобиль кўпригини капитал реконструкция қилиш лойиҳасини кўздан кечирди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг «Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманини 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида махсус Дастур қабул қилинган эди.

Мазкур дастурга кўра тумандаги Жанжалсой кўпригини реконструкция қилиш учун жами 766 миллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Ҳозирда реконструкция ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Мутасаддиларга бу жараёнда сифат биринчи ўринда бўлиши кераклиги, молиялаштириш жараёнини тезлаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг, Сенат Раиси Т.Норбоева Тўрақўрғон тумани «Узумзор» маҳалласига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида «Соҳилобод» ҚВП фаолияти тугатилган. Ҳозирда мазкур ҚВП жойлашган «Узумзор» ва «Соҳилобод» маҳаллаларида аҳоли сонининг кўпайиши натижасида тиббиётга бўлган эҳтиёж ва аҳоли томонидан мурожаатларнинг ортиши сабабли «Соҳилобод» ҚВПнинг фаолиятини қайта тиклаш ва мукаммал таъмирлаш юзасидан Тўрақўрғон тумани дастурининг 2022 йилда бажариш қисмига киритилган. Шунга кўра, фаолияти йўлга қўйиладиган «Соҳилобод» ҚВПни ҳамда амалда фаолият юритиб келаётган «Хўжанд» ҚВПни мукаммал таъмирлаш учун ажратилган маблағларни 2021 йилга ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳозирда маҳаллий аҳоли «Файзиобод» оилавий поликлиникасига қатнашига тўғри келмоқда. Бироқ бу туман марказидан 18 километр, давлат тиббиёт муассасаларидан қарийб 5 километр узоқликда жойлашгани сабабли бир қанча муаммоларни туғдирмоқда.

Сенат Раиси мазкур масалани кўриб чиқилиши, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида устувор аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳудудда бу борада қилиши керак бўлган ишларга урғу берди.

— Пандемия бу бошқа касалликлар билан курашмаслик дегани эмас, – деди Сенат Раиси Т.Норбоева. — Айниқса, бугунги кунда диспансер назоратида бўлганлар, сурункали касалликлари бор шахслар билан мунтазам шуғулланиб бориш керак. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, туғма ногиронлик ва эрта туғруқнинг олдини олиш, энг муҳими, буларнинг сабаби билан ишлаш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ҳақидаги меъёрий ҳужжат бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадими, бу борада қандай ишларни амалга ошириш кераклиги юзасидан таклиф ва тавсияларни бериш зарур. Яна бир жиҳат, овқатланиш маданияти, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш зарурлигига эътибор қаратиш керак. Бу борада аҳоли орасида тарғибот ишларини олиб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга. «Репродуктив саломатлик тўғрисида»ги Қонунда мактаб давриданоқ жинсий тарбия тўғрисида билим берилиши ҳақида келтирилган. Бироқ бугун бу борада тегишли вазирликлар томонидан ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаяпти. Миллий минталитетдан келиб чиққан ҳолда қизларга алоҳида, ўғил болаларга алоҳида бу борада дарслар бериш мумкин. Умуман, аҳоли саломатлигини асраш, соғлом турмуш тарзи бўйича Тўрақўрғон тумани Республикада биринчи бўлиши керак.

Шундан кейин Т.Норбоева тумандаги мева-сабзавот кластери «Шохидон Бургути» фермер хўжалиги томонидан ташкил этилган музлатгичли омбор ва экспортга ортишдаги жараён билан танишди.

Ушбу муассасада 5 та ҳар бири 100 тонналик сиғимга эга омбор мавжуд. 100 та мавсумий, 30 та доимий иш ўрни яратилган. Асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг вакиллари ишга олинган.

Шунингдек, Сенат Раиси тумандаги «Турсунбой Комилов» фермер хўжалигида бўлиб, пахта даласида пахта тераётган теримчилар билан суҳбатлашди ҳамда уларга эсдалик совғаларини топширди. 132 гектар ер майдонига пахта эккан ушбу фермер хўжалиги жорий йилда 580 тонна пахта топшириши керак. Бугунги кунга қадар 540 тонна пахта терилган.

 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь