Қисқа сатрларда

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

Намангандаги бунёдкорлик лойиҳалари кўздан кечирилди

29 March, 2024, 01:10

Иқтисодиёт

ТЎРАҚЎРҒОН ИЭС: ВОДИЙДА ҚУВВАТЛАР ҲАЖМИ ТЎРТ БАРОБАР ОШДИ

  • 26.Мая.2021
  • 763

Электр энергияси тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади, ёки содда қилиб айтганда, бугунги кунда ҳаётимизни электр токисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу маънода давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз энергетика тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
 Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларига мувофиқ бунёд этилган, лойиҳа қиймати 1 миллиард 195 миллион 870 минг долларга тенг «Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси» унитар корхонасининг барпо этилиши ҳам ана шундай эътиборнинг амалдаги ифодаси бўлди. 
2019 йил 8 август соат 18.24 да тугмача босилиб, 1-блок синов тартибида ишга туширилди, газ турбинаси тармоққа уланиб, дастлабки киловаттларни бера бошлади.  Хўш, ўтган қисқа вақт мобайнида мазкур корхона миллий энергетика тизимимизда қандай ўрин тутмоқда? Бу ҳақда «Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси» унитар корхонаси бош директори Искандар Собитович БАСИДОВ билан суҳбатлашдик.

– Искандар Собитович, Тўрақўрғон туманида иссиқлик электр станцияси қурилишига киришилганлиги ҳақидаги хабарни кўп йиллар мобайнида электр таъминотидаги узилишлар, етишмовчиликлардан азият чекиб келган юртдошларимиз жуда катта хурсандчилик ва умид билан қарши олган. Мана, лойиҳа жуда қисқа муддатда ҳаётга татбиқ этилди. Бу мамлакатимиз энергетика тизимида қандай ўзгаришларга омил бўлди?
– Фарғона водийсининг энергетика марвариди номи билан эътироф этилаётган «Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси» унитар корхонаси бугунги кунда ҳар соатда 900 МВт.соат ёки бир кеча кундузда ўртача 19-21 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқармоқда ва Наманган вилояти  ҳудудидаги «Қизил Равот» ва «Сардор» ҳамда Андижон вилоятининг «Юлдуз» нимстанциялари орқали истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бермоқда. Станция ишга туширилган вақтдан бошлаб ҳозирги кунгача мазкур электр тақсимлаш тармоқлари орқали истеъмолчилар жами 8,6 миллиард кВт. соатдан ортиқ электр энергияси таъминотидан фойдаланишди. 
Замонавий технологиялар асосида барпо қилинган иссиқлик электр станциясининг ишга туширилиши билан мамлакатимизнинг мазкур минтақасида жами энергетик қувватлар ҳажми 4 баравардан зиёд ошди, минтақа истеъмолчилари эҳтиёжининг барқарор таъминланиши иқтисодий ўсиш ҳамда ижтимоий ривожланишга жиддий туртки бўлди, макроиқтисодиёт миқёсида эса энергетика соҳасида замонавий илғор технологияларнинг босқичма-босқич жорий қилиниши жадаллашди, ёқилғи-энергетик заҳираларидан самарали ва оқилонафойдаланиш даражаси кескин ошди ва пировардида, Ўзбекистон ягона электр-энергетика тизимининг хавфсиз ва ишончли ишлаши натижасида мамлакат энергетика хавфсизлиги сезиларли даражада мустаҳкамланди.
– Мазкур лойиҳа кўмир ёки нефть маҳсулотлари билан ишлайдиган электр станцияларига нисбатан юқори тежамкорлик нуқтаи назаридан тубдан эътиборга молик, шундайми?
– Маълумки, электр энергияси ишлаб чиқараётган тизимнинг фойдали иш коэффициенти электр энер-гияга айлантирилган ёки узатилган энергияга нисбатан аниқланади, яъни ишлаб чиқарилган электр энергиясини сарфланган иссиқлик энергиясига нисбати унинг бир бирликдан юқори бўлмаган фойдалилик даражасини кўрсатади. 
Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси мамлакатимиздаги энг тежамкор электр ишлаб чиқариш иншоотларидан бири ҳисобланиб, 900 МВт.соат қувватни худди шундай эквивалентдаги қувватни ишлаб чиқарувчи анъанавий иссиқлик станцияларига нисбатан йилига 730 миллион кубометр табиий газни тежаб сарфламоқда. Ҳозирги кунда станцияда 1 кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 226 грамм шартли ёқилғи сарфланмоқда. 
Лойиҳа бўйича электр станциясининг буғ-газ турбиналарида бир йил давомида 7 миллиард кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 1,4 миллиард кубометр газ ёқилғиси сарфланиб, фойдали иш коэффициенти 57,46 фоизни ташкил этади.

– Вилоятимизнинг йирик саноат корхоналаридан бири бўлмиш ушбу электр станциясининг бошқа афзаллик кўрсаткичларига ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Биринчидан, электр станциясида ёқилғи тежамкорлиги негизида кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилади ва истеъмолчиларга етказиб берилади, буни юқорида айтиб ўтилган электр энергияси ишлаб чиқаришга оид рақамлардан ҳам кўриш мумкин;
иккинчидан, корхонанинг экологияга салбий таъсири энг минимал даражага келтирилган, яъни электр энергияси ишлаб чиқариши жараёнида катта ҳажмдаги газ ёқилғиси тежалиши боис атмосферага йилига 70 минг тоннага яқин зарарли моддаларнинг чиқарилишига йўл қўйилмайди;
учинчидан, электр станциясида катта миқдордаги сувнинг тежалашига эришилган - технологик жараёнлардан ўтиб иссиқ ҳолатга келган сувни ҳаво ёрдамида совуқ ҳолатга келтирилади ва қайтадан ишлаб чиқаришга йўналтирилади.
– Сифат ва самарадорликни янада ошириб бориш бўйича изланишлар ҳам давом этаётган бўлса керак, албатта?
– Бу – бизнинг доимий эътиборимиздаги масала. Табиий ёқилғи газининг сифати станцияда ўрнатилган замонавий ускуналарнинг хизмат муддатига бевосита таъсир ўтказади. Трансформация дастурларига мувофиқ станциянинг комбинациялашган циклдаги буғ-газ қурилмасининг ишончли ва бенуқсон ишлашини таъминлаш мақсадида,  2020 йилнинг октябрь ойида цехдаги компрессор қурилмалари ёнида монтаж қилинган асосий фильтр сепаратори ёрдамида газ ёқилғиси турли механик чиқиндилардан тозаланмоқда.
Ҳозирги кунда биринчи асосий фильтр сепараторининг ёнида иккинчи асосий фильтр сепараторини ўрнатиш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар ўрнатилиши режалаштирилаётган ускуна ёрдамида станциядаги газ компрессорларини узлуксиз равишда тозаланган газ ёқилғиси билан таъминлаб бериш имконияти яратилади. Амалга оширилаётган ишлар натижасида замонавий хорижий ускуналар хизмат муддати сезиларли равишда узайтирилади, иш унумдорлиги ошади, шунингдек, ускуналарни жорий таъмирлаш ишларига сарфланадиган маблағлар ҳажми ва импортдан келтириладиган материаллар сарфи камаяди. 
– Меҳнат жамоаси янги технологиялар билан муаммоларсиз ишлаб кетдими?
– Замонавий энергетика иншоотининг 300 нафарга яқин инженер-техник мутахассислари  ва ишчилардан иборат меҳнат жамоаси учун давр талабига мувофиқ меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароити яратилган. Марказий бошқарув ва назорат офисида Навоий ва Толимаржон иссиқлик электр станцияларидан жалб этилган тажрибали мутахассислар билан бирга маҳаллий ёш кадрлар ҳам барча жараёнларни компьютерлаштирилган тизим орқали бошқариш малакасини эгалламоқда. 30 нафардан зиёд мутахассисимиз Япония мамлакатида ўз малакасини ошириб қайтган. Айни вақтда ходимларимиз тасдиқланган жадвал асосида Навоий иссиқлик электр станцияси ўқув маркази томонидан ташкил қилинаётган  малака ошириш курсларида мунтазам равишда иштирок этиб келмоқдалар. Шунингдек, мутахассислар Толимаржон иссиқлик электр станциясига ҳам малака ошириш бўйича ўқув курсларига юборилмоқда. Кадрлар соҳасида олдимизда турган долзарб вазифа – энергетика соҳасида маҳаллий малакали муҳандис-кадрларни тайёрлаш ҳамда уларни электр станцияси иш жараёнига босқичма-босқич жалб қилиб боришдан иборат.
– Ишчи-ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш, бошқа ҳудудлардан жалб қилинган ходимларнинг яшаш шароитлари, умуман электр станциясининг ижтимоий инфратузилмаси тўғрисида ҳам маълумот берсангиз? 
– Шуни таъкидлаш лозимки, лойиҳа амалга оширила бошланган дастлабки кунлардан бошлаб ижтимоий масалалар ҳам кун тартибидан четда қолмаган. Электр станциядан тумандаги Хумидон маҳалласига қараб Катта Наманган канали устидан йўл қурилиши олиб борилмоқда. Тўрақўрғон туманидаги «Бахт» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида электр станцияси ишчи-ходимлари учун шаҳардаги шароитлардан қолишмайдиган тўрт қаватли учта уй барпо қилинган бўлиб, уларда 2-3 хонадан иборат 96 та хонадон мавжуд. Уйлар ички қисми тўлиқ таъмирланган ва жиҳозланган, электр токи, совуқ ва иссиқ сувлар ўтказилган, хонадонлар 2 км. узунликдаги оқава суви тармоғига уланди. Ҳозирги кунда уйларнинг фасад қисмига ишлов берилмоқда. Қиш кунларигача иситиш қозонхонасини қуриб битказиш ва хонадонларга иситиш тизимини олиб кириш режалаштирилмоқда. Сўнгра уйлар атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилади, уйлар периметри бўйича 150 метр узунликда декоратив деворлар билан ўралади, болалар майдончалари, футбол майдончалари, спорт ва фитнесс зали талаб даражасига келтирилади.
Электр станциясида касаба уюшмаси фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, ишчи-ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга қулай меҳнат шароитларини яратиб бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда, ходимларнинг соғлом турмуш тарзини олиб бориши ва даволаниши, ёз кунларида фарзандларининг дам олиши учун йўлланмалар берилиши таъминланмоқда.   
– Биз ҳали «Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси» фаолияти билан яқиндан танишиш борасида яна кўп учрашамиз, деган ниятдамиз. Ҳолбуки, халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида  юртдошларимизни мунтазам хабардор қилиб боришга ҳаракат қиламиз, албатта. Суҳбатга вақт ажратганингиз учун ташаккур! 

Акрамжон САТТОРОВ ёзиб олди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь