Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 07:18

Иқтисодиёт

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ: "БУ МАСАЛАГА СОВУҚҚОНЛИК БИЛАН ҚАРАГАН МУТАСАДДИЛАРГА ОРАМИЗДА ЎРИН ЙЎҚ"

  • 21.Апреля.2021
  • 786

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирокида ўтказилган “Ҳоким ва тадбиркорлар” учрашувида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 8 апрель куни ўтказилган ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларга эътибор қаратилди.

Вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармасида ўтказилган навбатдаги учрашувда тегишли бошқарма ва ташкилот раҳбарлари иштирокида 50 нафардан зиёд тадбиркорлик субъектининг қишлоқ хўжалиги, саноат каби йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, тиббиёт ва мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш учун ер ажратиш, кредит олишга кўмаклашишга оид мурожаатлари кўриб чиқилди.

Наманган шаҳрининг “Ёшлик” массивида жойлашган, Ҳурматхон Исмоиловага тегишли бўлган 1 гектарлик боғ ҳудудида давлат томонидан поликлиника қурилган. Боғнинг қолган 30 сотихлик қисмида 200 ўринли хусусий мактабгача таълим ташкилотини қуришга рухсат берилишини сўраб Наманган шаҳар ҳокимлигига йўллаган мурожаати эътиборсиз қолдирилаётганлигини билдирди.

Вилоят раҳбари шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарига мазкур масалани ижобий ҳал этиш, болалар боғчасини қуришга рухсат берувчи ҳужжатни тайёрлаш вазифасини қўйди.

– Бугунги мулоқотдан кўнглим тўлди, – дейди “Axsikent textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Обидхон Юсупов. – “Ҳоким ва тадбиркорлар” учрашувида умумий қиймати 4 миллиард сўмга тенг бўлган павлония дарахти (ёғочи), картошка, маккажўхори ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш лойиҳамни амалга ошириш мақсадида Наманган ва Янгиқўрғон туманлари чегара кесишмалари ҳудудидан 30 гектарлик бўш ер ажратиш ҳақидаги мурожаатим ижобий ҳал этилди, вилоят ҳокими бўш ётган ерларни ўзлаштиришга қаратилган лойиҳалар қўллаб-қувватланишини айтиб, масалани жойида ўрганган ҳолда амалий ёрдам бериш юзасидан вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутасаддиларига аниқ топшириқ берди. Ер ажратилиши билан лойиҳамизга киришамиз. Бу билан 50 кишини иш билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Наманган азалдан азму шижоатли тадбиркор ва меҳнатсевар ҳунармандлар юрти. Ишбилармон, ташаббускор тадбиркорларнинг дарду-ташвишлари, таклиф ва ғояларини тинглаш, ижрочиси ва муддатини белгилаш – “Ҳоким ва тадбиркорлар учрашуви”дан кўзланган асл мақсад.

– Тадбиркорларимизда ечилмаган масала қолмаслиги керак, – деди вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Кўзи ёниб турган, ғайратли инсонлар тадбиркор бўлади, одамларга иш беради. Тадбиркорларга ҳокимлик мутасаддилари қанот бўлишимиз керак. Бу масалага совуққонлик билан қараган мутасаддиларга орамизда ўрин йўқ.

Маълумот учун, ҳозирга қадар ўтказилган 14 та қабулда 604 нафар тадбиркор муаммо ва таклиф билан иштирок этди. Мурожаатларнинг 582 таси белгиланган тартибда ҳал этилди. 48 нафар тадбиркорга 137,2 гектар ер майдони, 44 нафар ишбилармонга банклар томонидан 77,9 миллиард сўм кредит берилди. Бунинг натижасида 3 минг 573 та янги иш ўрни яратишга эришилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА

Энг кўп ўқилганлар

Календарь