Қисқа сатрларда

Анъанавий «Гуллар фестивали» ўтказилиш санаси маълум қилинди

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

29 March, 2024, 06:57

Маданият

ҚАЛБ ЖАВОҲИРЛАРИ

  • 10.Июня.2020
  • 1155

Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллиги 

Ўзбек адабиёти бўстонида шундай гулбоғу чаманзорлар борки, уларнинг оройиши комил инсон ғояларининг муаттар исларидан юракларда букилмас ирода, енгилмас куч бағишловчи эзгу ҳис-туйғуларни ундиради. Шунинг учун ҳам Ҳазрат Навоий «Хамса» достонларидан бирида «Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп», дея ғурур ва ифтихор изҳор қилганлар. Беназир сўз санъаткори Саид Аҳмад ижодий мероси ҳам айнан шу бўстондаги муҳташам бир чамандир.

Саид Аҳмад – Саидаҳмад Ҳусанхўжаев ХХ асрнинг 20-йилларида бадиий ёндашув билан айтганда авжи ўрик пишиғи мавсумида, ҳар донаси ёнғоқдек келадиган Аштархон гилослари бозор расталарини тўлдирган бир паллада, яъни 1920 йилнинг 10 июнида Тошкентнинг Самарқанд дарвоза маҳалласидаги зиёли оиласида дунёга келган.
Отаси Ҳусанхўжа Дадахўжа ўғли рус-тузем мактабини тугатган, Шарқнинг машҳур маърифатчиси Исмоилбек Ғоспироли (Госпиринший) билан жўрачилик қилган. Адибнинг бобоси Дадахўжа шаҳар думасининг депутати бўлган.
Зот, зотга қараб исбот, деганларидек, оиладаги илмпарварлик муҳити фарзандлар қурб-қобилиятида бўй берди. Саид Аҳмаднинг акаси Имомхон ўзбек стенографиясининг асосчиси бўлган. Зуҳурхон акаси ирригация бўйича Ўзбекистоннинг илк профессори сифатида тан олинган. Онаси Зулфияхон тахтапуллик Ғулом Расул қозининг фарзанди бўлганки, ҳам ота, ҳам она тарафидан истеъдод томир сурган. Мана шундай зиёли оилада туғилган йигит ҳам муносиб фаолиятга киришганди. Аммо унинг болалиги ва навқирон паллалари аччиқ оғриқларга тўла ўтди. 

Сталиннинг «қатағон машинаси» ижодкор оиласига ҳам турли хил азоб-уқубатлар, туҳмат тошларини ёғдирди. 1940 йили лотин алифбосида босилган китоб «Тортиқ»дан сўнг отаси халқ душмани сифатида қамалди. Оиланинг бошига тушган қийинчиликларга қарамасдан мактабни битириб, Тошкент рассомлик билим юртида, Тошкент педагогика институтида ўқиди. 
1938-1947 йиллар оралиғида Саид Аҳмад «Муштум» журналида, «Ёш ленинчи» (ҳозирги «Туркистон») газетасида, Ўзбекистон Давлат радио қўмитасида, «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетаси ва «Шарқ юлдузи» журнали таҳририятларида фаолият юритди.
Бу даврда ижодкор ортидан соядек эргашиб юрган бахтсизлик яна бош кўтарди, бўлажак турмуш ўртоғи Саида Зуннуновага унаштирилган куннинг эртасига дадасини қамоққа олган КГБ ходими уйларини тинтув қилиб акасини ҳам қамашди. 
Одам боласига ғам келса, қўша-қўша келаркан. 1949 йилнинг 28 ноябрь куни Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг никоҳ тўйлари ўтказилди. Тўй куни Андижондан хабар келдики, Саида Зуннунованинг ўн тўққиз ёшли укаси Насибжон оламдан ўтди. Бир кунда ҳам тўй, ҳам аза. 
Дадасини, Оқилхон ва Имомхон амакиларини олиб кетган КГБчи 1950 йилнинг 10 май куни ёзувчининг уйида пайдо бўлди. Энди у Саид Аҳмадни олиб кетгани келган. Уйи тинтув қилинган ёзувчини Абдулла Қодирий асарини сақлаганликда айблашади.

Саид Аҳмаднинг номи Сталин вафотидан сўнг, яъни 1953 йилдан сўнггина оқланган. Ўзбекистонимиз мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб Саид Аҳмад янгича куч, янгича илҳом билан ижодини янада авж олдирдики, маънавий меросларимиз бебаҳо асарлар билан яна бойиди. Истиқлол йилларида чин ардоқ топиб, эл эъзози билан «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвони, Давлат мукофоти, «Буюк хизматлари учун» ва «Дўстлик» орденлари билан мукофотланган ёзувчи Ўзбекистон Қаҳрамони деган шарафга ҳам муносиб топилди.
Саид Аҳмад асарлари дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилиниб, умуминсоний мулк сифатида миллионлар қалбида садо бермоқда.

Расулжон ЭРМОНОВ,
Поп туманидаги 16-ДИМИ ўқитувчиси.
Саодат ИСМОИЛОВА,
Чуст туманидаги 9-мактаб муаллимаси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь