Қисқа сатрларда

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Хорижда ишловчиларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш учун компенсация берилади

«Наврўз» маҳалласида замонавий хизмат кўрсатиш маркази фойдаланишга топширилди

18 April, 2024, 03:29

Маданият

ГУЛ ВА... ПУЛ ЎРТАСИДАГИ МАШАҚҚАТ ВА ҚУВОНЧЛАР

  • 08.Июня.2020
  • 1731


Гул ва китоб. Инсоният учун аталган бу икки маънавий, руҳий неъмат бир қараганда қорин тўйдирмайди. Аммо уларнинг бизга йўлдошлиги боис нафақат тирикчиликни ўтказиш, балки жуда катта бой ва машҳур шахс бўлиш имкони берилган. Очиқроқ айтадиган бўлсак, китобга ошно кишининг ақли ва билими юксалиши, илм-фан чўққиларини забт этиши, ўқиганларини ҳаётда қўллай олиши натижасида у беҳисоб давлатни, обрў-эътиборни қўлга киритиши  ҳақиқат.

Гул-чи? Унинг гўзаллиги, нафосати ва назокатидан, нафасга ёқимли ифоридан юракда ажиб ёруғлик бош кўтаради. Тушкун кайфият тисарилиб, қоронғу хаёллар парчаланади. Отини айтиш қийин бўлган  бу сархушлик томирларда «эриниб ётган» шижоатни, ғайратни «уйғотади». Ғайрат-шижоатли инсон эса янги-янги ғояларни топиб, тоғни талқон қилгудек қудратга эга бўлади.

Ҳамшаҳримиз,  «Наманган – гуллар шаҳри» атамасининг давомийлигига  муносиб ҳисса қўшаётган Саодатхон Усмонова билан анвойи чечаклар ичида суҳбатлашаётиб, ана шу фикрлар хаёлга келди. Атрофда товланиб турган ранг-барангликдан кўзингизни ололмай беихтиёр: «Аллоҳ таоло ГУЛ деганини Ўзининг ҳам кайфияти бениҳоя кўтаринки чоғида яратмаганмикан...» деб юборасиз.

Гулга қоришиқ ҳаёт. Саодат туғилиб, кўз очган Наманган шаҳрининг Самарқанд кўчасида коммунал хўжалик бўлимининг иссиқхонаси бўлар эди. Бу ерда  турли-туман гуллар етиштирилар эди. Онаси Мавлудахон Давлатова шу корхонанинг энг фидойи ва таниқли гулчи мутахассисларидан эди. У пайтларда ҳомиладор аёлларга туғиш ва боласини парваришлаш учун узоғи билан бир йилгача декрет таътили бериларди. Шароитини топганлар гўдагининг чилласи чиқар-чиқмас ишга қайтишарди. Олти ўғил-қизнинг онаси Мавлудахон ая ҳам вақти келганда атак-чечак  кичкинтойларини етаклаб бўлса-да, ишхонасидан узоқлашмасди. Шу боисми айниқса, тўнғичи Саодатнинг ақли, дунёқараши, тафаккури гуллар билан ҳамоҳангликда пешланди. Гулхона, гуллар болалик дунёсининг ажралмас бўлагига айланди.

Шаҳардаги 5-ўрта мактабни тамомлаган қиз маданий-оқартув техникумида кутубхоначиликка ўқиди. Сўнг вилоят кутубхонасида (ҳозирги Нодирабегим номли ахборот-кутубхона маркази) оз эмас, йигирма йил меҳнат қилди. Аммо оналик ва меҳнат таътилларида, дам олиш кунларида гулхонадан қадамини узмадики, гулчиликдаги билими кутубхоначиликдан зиёда бўлса бўлдики, кам бўлмади. Шунинг учунми корхона раҳбаридан тортиб, барча ишчи-ходимларгача уни яхши билишар ва яхши кўришарди.

Бу орада онаси пенсия ёшига етиб, дам олишга кузатиладиган бўлди. Энг яхши гулчисидан айрилишни истамаган бошлиқ фойдали вариантни ўйлаб топди: Мавлудахон опанинг қизи Саодатхонни онасининг ўрнига ишга таклиф этди. Шу баҳона китобларидан узоқлашган Саодат гуллар дарёсига чўмилди. Шунга ҳам йигирма бир йил бўлибди.

Ўтган йиллар мобайнида Наманганда  гулчилар сулоласи вужудга келди. Онасининг йўлини тутган Саодатхон ва унинг икки укаси, фарзандлари ана шулардан бири. Улар тадбиркорликнинг энг нозик ва ёқимли, аммо машаққатли соҳаси – гулчиликда довруғ таратишга аҳд қилдилар.

Наманганда 1960 йилдан буён ўтказилаётган «Гуллар байрами» дунё эътиборини ўзига қаратди, Президентимиз назарига тушди. 2017 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Наманган вилоятида гулчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат вилоятда гулчиликни тараққий эттириш, маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш, замонавий ландшафт ва дизайн асосида гулзорлар яратиш, бу соҳада илғор мамлакатлар билан тажриба алмашиш, гулчилик сир-асрорларини ўрганиш мақсадини қўйди. Яна энг муҳими,  бу борада аҳоли даромадларини ошириш кўзда тутилди.

Ушбу қарор сабаб вилоят ҳокимлиги ҳузурида давлат унитар корхонаси шаклидаги гулчиликни ривожлантириш маркази, унинг туманлардаги филиаллари, шаҳарда ўнта, туманларда бештадан доимий фаолият олиб борадиган гул сотиш шохобчалари ташкил этилди. Гулчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига, маҳаллий ва хорижий гул навларини парвариш учун плантация ва иссиқхоналар қуриш учун ер майдонлари ажратиш бошланди. Наманган муҳандислик-технология институтида 2018-2019 ўқув йилидан манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш таълим йўналиши бўйича мутахассислик кафедраси жорий этилди.

Гул ва бизнес. «Маза қилиб ишлайдиган давр келди!» Янги қурилишлар боис Машраб боғидаги 40 сотихли гулхонасидан айрилиб, бир оз тушкунликда юрган Саодатхонга вилоят ҳокими кутилмаганда жуда катта «сюрприз» қилди. Унга шаҳарнинг Лола даҳаси ҳудудидан гулчиликка ихтисослашган иссиқхона қуриш учун икки гектар ер ажратилди! Кутилмаган ажойиб совға!

Саодатхон Усмонова таъсисчилигида «Водий кўкаламзор савдо сервис» масъулияти чекланган жамияти ташкил топди. Оила банкдан кредит олмасдан бутун йиққан-терганларини, имкониятларини ишга солиб иссиқхона қурилишини бошлаб, ниҳоясига етказишди. Жуда кўп қийинчиликлар бошдан кечирилди. Кўндаланг муаммоларни ҳал этишга тўғри келди. Голландия ва бошқа хорижий компаниялар билан  20 хилдан зиёд ноёб гул уруғларини сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланди. Меҳнат шароитлари яхшиланиб, доимий ўн иккита, мавсумий ўттизта иш ўрни яратилди. Ишловчиларга ойлик маошларидан ташқари доимий тушлик ва йўлкира ҳақлари жорий этилди. Мазкур иссиқхонада етиштирилган петуня, катарантус, бегония, салвия, лобелла, герань сингари йигирма турдан зиёд гул кўчатлари вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги гулхона ва хиёбонларни яшнатишдан ташқари, пойтахт Тошкентни, бошқа вилоятларни ҳам таъминлайдиган бўлди. Маҳсулотнинг серхаридорлиги сердаромадлиликни етаклаб келди. Биргина ўтган йилнинг ўзида корхона  бир миллиард сўмга яқин даромад қилди.

Ҳалол меҳнат эгасини сийлайди, кўкларга кўтаради. Гул ошиғи Саодатхон  касбига муҳаббати туфайли эл-юртга танилди. Обрў-эътибор топди. Тажриба ўрганиш мақсадида Голландия, Жанубий Корея давлатларида бўлди. Ҳатто Саудия Арабистонига Умра сафарига борган чоғида ҳам имкон топиб, соҳага доир янгиликлар билан танишишга улгурди. 2018 йилда Президент Фармонига  биноан «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Гул ва қувонч. Яратган не ажабки, қаҳрамонимизнинг қалбига гул ишқини, гўзалликка муҳаббатни солибди. У ҳар қандай гулзор ичидан ўзи етиштирган гул кўчатларини таний олади. Чунки, кўз илғар-илғамас уруғдан ёриб чиққан митти ниҳолни кўрганда бир қувонган бўлса, унинг барг ёзиши, куртаклаши ва гуллашида неча бор диллари яйраган, чарчоқлари ёзилган.  Гулдан гуллар ясалаётган, яъни ландшафт дизайни асосида гулзорлар яратилаётган шу даврда гулчиликка рассомликни ҳам қўшиб ўзлаштираётган уч ўғли – уч паҳлавони Фарҳодбек, Отабек ва Камолиддинларнинг ортидан «кўз тегмасин...» – дея ичида пинҳона ғурурланиб қўяр экан, касбининг муносиб давомчилари вояга етаётганидан таскин  топади.

Гул ва пандемия. Дунёни забт этган коронавирус балосидан молиявий, маънавий зиён кўрмаган  соҳанинг, фуқаронинг  ўзи қолмади ҳисоб. Айниқса, байрам ва тўй-ҳашамларга, хурсандчилик, тўкинчилик, бағрибутунлик кунларига асқотадиган гулчилик орқасидан келган зарар авиация, туризм, умумий овқатланиш тармоқларидан кам бўлмади. Айни экин-тикин қиладиган баҳор чоғидаги карантин пайтида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган кўча ва хиёбонлардан ташқари аҳоли кўнглига гул экиш иштиёқи сиғмади. Телевизорда Голландиядаги лолазорларни, Россиядаги атиргул плантацияларидаги ғунчаларнинг харидори йўқлигидан яксон қилинаётганини кўриб, юраклар  эзилди.Кўзларга ёш келди. Афсуски, бу тирик, анвойи гулларни омборхонада сақлаб бўлмайди-да!

– Бу кўргиликдан биз ҳам четда қолмадик, – дейди Саодатхон бош чайқаб. – Қанча ниҳолларимиз нобуд бўлди. Шаҳар ободонлаштириш корхонаси эҳтиёжидан ортганларини эҳсон қилиб юбордик. Борига шукур, бошга тушганига сабр қилиш – қонимизда бор. Кези келганда яхши даромад қилдик. Ошиғимиз олчи бўлиб, «кетмонимиз учди». Бу йил эса кўпчилик қатори муаммолар чангалидамиз. Ниятни яхши қилиб, ҳаракатдан тўхтамасак – бу синовли кунлар ҳам тушдай ўтиб кетади.

Ҳа, гулзорга ҳам, гулчига ҳам тинчлик-омонлик керак. Бутун Ер юзини чаманзорга айлантиришдек  эзгу ниятни ҳаётининг мазмуни деб билган инсонлар мақсади ҳамиша рўёбга чиқаверсинки, уларнинг шодлигидан бизлар ҳам баҳраманд бўлайлик.

Рислиқхон МАЖНУНОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь