Қисқа сатрларда

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

23 April, 2024, 01:48

Маданият

Наманган – ҳайрат манзили – йўл очерки

  • 03.Июня.2022
  • 614

Юрт кезиш, сайёдона ҳайратнинг хосияти кўп: орзу-умидлари сеникига ўхшаш инсонларнинг ҳароратли қалбларини — ватан тафтини теран ҳис этасан, она табиатнинг эса ҳар турли гўзаллигига ошуфта бўлиб, унинг санъаткорона яратиқлари сени янада шу ажиб заминнинг синоатлари билан боғлайди. Буларнинг барчаси  қалбда таниш бир туйғу пўртанасини — ҳайратни пайдо қилади ва бу кайфият узоқ вақт руҳиятни тарк этмайди!   
Бир гуруҳ навоийлик журналистлар қаторида 20 май куни Наманган вилоятига, 61-Халқаро Гуллар фестивали муносабати ҳамда водийлик ҳамкасблар билан ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ушбу вилоятга йўл олар эканман, дастлаб ана шундай фикрлар хаёлимдан ўтди. Икки кунлик сафар олдидан оладиганим бир олам таассурот юки шу оннинг ўзидаёқ қўлга қалам олиб, алланималарни қоралашга ундарди...

Илк таассурот

Қизилқум воҳаси —  асосан саҳро, дашт ҳудудлари, тоғлар, адирлар, дарё ва кўллар жамланган кенг маскан саналади. Водийдан фарқли ўлароқ бу ернинг жазирамасига ҳар қандай яшиллик узоқ вақт бардош беролмайди.     
Камчиқ довони узра ўтиб борар эканмиз, булутларни соябон қилиб олган баланд-баланд тоғларнинг ҳайбати, ўрмонзорлар ва ўзим туғилиб ўсган маскан манзараларини бир-бир солиштираман. Йўқ! Бу ернинг табиати ўзига хос!
Қадимда Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоқларидан бири бўлган мазкур йўлда яқин тарихимизда ҳам савдо карвонларининг қатнови тўхтамаган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, республикада автомобиль транспортининг тадрижий ривожланиши давомида довондан ўтувчи йўл жаҳон андозаларига мослаб таъмирланди. Жами узунлиги 2,5 километр бўлган замонавий туннель иншоотлари ҳам ишга туширилди. 
Саёҳат давомида ҳамиша қизиқадиган одатим: жой номларининг этимологиясини билишга интиламан. Атрофимдаги кишилардан сўраб-суриштираман. Кўпинча одамлар тилида айтиладиган илк хулосага таянмаган ҳолда, масалага чуқурроқ кириб бориш мақсадга мувофиқ  бўлади. Боиси, «Америка» сўзи ҳам асли ўзбекча дегувчилар йўқ эмас! 
Бир нарса аниқки, айнан жой номлари бугунги кунда бизларни қадимги ота-боболаримиз — Суғдийлар билан мустаҳкам боғлаб турибди. Манбаларга кўра, «Камчиқ», «Қанғ», «Қанқатепа», «Қамчиқсой» топонимлари ўзаро яқин ва «Чирчиқ» сўзи аввал «Сирчиқ», яъни «Кичик Сир» маъносида бўлгани учун, «Камчиқ» довонининг маъноси ҳам «Кичик Қанғ» маъносини беради. Тошкент воҳасида қадимда ва илк ўрта асрларда Қанғ номли давлат бўлгани маълум. 
Довон узра қарийб бир соатлик йўл давомидаги хулосам шу бўлди: айнан мана шу тоғларнинг ҳайбатини томоша қилиш учун ҳам бу манзилга бир бор ташриф буюриш керак! 

Рангин шаҳар!

Қадимий ва навқирон Наманган шаҳрига кириб борар эканмиз, чўкаётган тун шаҳарнинг қиёфасини янада ёрқин ва гўзал ифода эттираётганди. Гуллар байрами олдидан кўрилган катта тайёргарлик билиниб турибди: кўчалар, хиёбонлар, боғлар турли рангдаги гуллар билан безатилган. 

Саёҳатнинг илк кунида шаҳар кезиш асносида ҳайратга сабаб бўлган яна бир омил мазкур вилоятда, умуман воҳада дарахтларнинг, дарахтзорларнинг кўплиги ва биз ўрганиб қолган ҳажмга қараганда арча, қарағай, гужум ва чинорларнинг икки-уч баравар баландлиги бўлди.      
— Сўнгги йилларда гуллар байрами халқаро мақомга эга бўлди, — дейди меҳмонларга Наманганда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар хусусида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  вилоят бўлими раиси, моҳир журналист ва истеъдодли шоир  Носиржон Деҳқонов. — 22 майдан 5 июнгача Наманган шаҳрида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида 61-Халқаро Гуллар байрами бўлиб ўтади. Унда 100 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий гул етиштирувчилар иштирок этиши кутилмоқда. 

Тадбирнинг ҳаяжонли онлари, яъни фестиваль доирасидаги гулга бурканган автомобиллар карвонини кузатиш кишига завқ берди. Шаррос ёмғирга қарамасдан томоша жойлари одамга лиқ тўла: рангли композициялар, ноёб ўсимликлар кўргазмалари, кўнгилочар дастурлар, маҳорат сабоқлари, машҳур санъаткорларнинг чиқишлари  наманганликларга хос ижодкорлик ва тантиликни ўзида тўла намоён этди.  
Наманган шаҳрида жойлашган муҳандислик-қурилиш институти фаолияти ҳам меҳмонлар эътиборидан четда қолмади. Навоийлик журналистлар олийгоҳда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, ушбу муассасанинг ахборот хизмати негизида ташкил этилган кичик медиастудия фаолияти билан ҳам танишишди. 

— Наманганга бир неча бор келган бўлсам-да, мен бу вилоятни қайтадан кашф этдим, — дейди навоийлик фахрий журналист, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Иброҳим Жумаев. — Мен аввал асосан Наманганнинг санаториялари ва бозорлари хусусида тўлиқроқ билардим. Эндиликда бу маконнинг тарихий қадамжолари, туристик имкониятлари, ижодкорлари ва журналистлари тўғрисида ҳам кенг тушунчага эга бўлдим. 

Нурота «Чашма»сидек муқаддас қадамжо 

Нурота туманининг «Чашма» тарихий-меъморий мажмуасини бориб кўрмаган ёки боришни режалаштирмаган ўзбекистонлик бўлмаса керак. Мазкур ҳудуддан хорижлик сайёҳларнинг ҳам қадами сира узилмайди. Бу ернинг сирли жиҳатларидан бири шифобахш чашма ва ундаги муқаддас балиқлар билан боғлиқ.  
Аслида, юртимизда бундай ноёб чашмалар кўплаб ҳудудларда ҳам учрайди. Наманган саёҳати давомида вилоятимиз вакиллари Балиқли кўл қишлоғига ташриф буюриб, бу ҳақиқатга яна бир бор амин бўлишди.  
Қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош мазкур ҳудуд Чортоқ туманига қарашли. Қурилиш архитектураси Тожмаҳални эслатиб юборадиган Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи ва бу ердаги ҳикмат булоғи қишлоқ номининг анча-мунча машҳур бўлишига олиб келган. Ушбу зиёратгоҳда Ислом оламининг табаррук авлиёларидан бири Султон Увайс Қаранийнинг мақбаралари мавжуд.

— Муҳтарам Президентимиз 2017 йил 7 июль куни Увайс Қараний зиёратгоҳига ташриф буюрганларидан сўнг, зиёратгоҳнинг 6 гектар майдонида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, 1500 тупдан ортиқ манзарали дарахтлар ва гул кўчатлари экилди. Султон Увайс Қараний мақбараси тўлиқ қайта қурилди, — дейди наманганлик таниқли журналист, «Таҳлилнома» газетаси муҳаррири Саидолим Абдураҳмонов. — Бугунги кунда 1400 ўринга мўлжанланган масжид ва таҳоратхона, мақбара ёнида айвон, замонавий меҳмонхона, миллий музей ва кутубхона, 3 та фаввора, дам олиш айвонлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари зиёратчиларга мунтазир.
Увайс Қараний зиёратгоҳининг жанубий томонида оналари Биби Наима она зиёратгоҳи ҳам жойлашган экан. Зиёратгоҳда ҳам кенг кўламда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилган бўлиб, мазкур манзил тўла обод этилган. 

Ҳар иккала объект Наманганда зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши яққол кўриниб турибди. Қолаверса мазкур муҳташам иншоотлар юртимиздаги бунёдкорлик салоҳиятининг кўзгусига айланган, десак хато эмас.   

Ижодкор хонадонининг файзи бўлак

Наманган — ижодкорлар юрти. Бу ерда қалам аҳлининг ва ижоднинг қадри бўлак. Шулардан бири шоир ва педагог ҳамда қатор мақолалар муаллифи Робиддин Исҳоқов (1927-1989) «Қўшиқ йўлдош юрган йўлимда», «Ҳайқириқ», «Юз ғазал», «Қувноқ лаҳзалар», «Ўнғор нафаси» ва бошқа китоблар муаллифи саналади. Вилоятнинг «Оқтепа» маҳалласида бир умр яшаб, ижод қилган адибнинг хонадони — бугунги кунда уй-музейига айлантирилган. Навоийлик журналистлар мазкур хонадонда бўлиб, ижодкорнинг архивида сақланаётган ҳужжатлар ва экспонатларни кўздан кечирар экан, бу улуғ инсоннинг шарафли ҳаёт йўли хусусида муҳим маълумотларга эга бўлишди. Жуда кўп таниқли ўзбек ижодкорлари ва санъаткорларининг ижод уйлари ҳисобланган мазкур ҳовлининг бир бурчи Ўнғор тоғига уланиб кетганлиги ҳам бу ерда яшаб ўтган шоирнинг улуғлигига далолат! 

Саёҳат давомида шунингдек, бугунги кунда ҳам фаол ижод қилаётган яна бир янгиқўрғонлик адиб Қамбар Ҳайдарнинг шахсий кутубхонаси ва ижод уйи кўздан кечирилди. Мазкур ижодкор «Барҳаёт сиймолар» хотира очерклари тўплами, «Сен баҳорим гулисан», «Изҳор ёхуд кўнгил мавжлари», «Мени кечир, қизим...» каби китоблар муаллифи саналади.  
Юмор санъати шинавандаси бўлган яна бир носир, Алишер Оғайни (Алижон Жўраев) билан ижодий учрашув ҳам самимий ва қизиқарли кечди. Ҳажвчи ёзувчи илк китоби «Антиқа туш» асарини меҳмонларга тақдим этаркан, унинг наманганлик устоз журналистлар ҳаётидан айтиб берган қизиқарли ҳангомалари хотираларда муҳрланди.   
Умуман олганда, наманганлик қалам аҳлидан ўрганиш лозим бўлган анъана: ҳар бир қаламкаш ўз ижодхонасини музей даражасига кўтариб, барчани, айниқса ёшларни  бу ерга таклиф этган ҳолда уларни журналистикага, ижодга ва китобхонликка қизиқтириб келишар экан...

Сўнгсўз...

«Не учун яшашин билмаса одам,
Бой берур умрининг баҳорларини.
Юрт учун гулхандай ёнмаса ҳар дам,
Елга совурар субҳ-наҳорларини»
— кекса ижодкор Қамбар Ҳайдарнинг бу мисралари кишини ўйга толдиради. Инсон баъзан умри мазмунини теран англаши учун саёҳат қилиши керакдек! Шунда сендан анчагина олисда яшовчи нотаниш кишилар билан «силаи раҳм» ришталари ила боғланаркансан,  тасаввур кошонанг ва меҳр қучоғинг яна бир қадар кенгайганини ҳис этасан! 

Шу маънода, навоийлик журналистларнинг Наманганга ташрифи икки ҳудуд журналистлари ўртасида ижодий кўприк яратилгани билан аҳамиятли бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий ва Наманган вилоятлари бўлимлари ўртасидаги фаол ҳамкорлик келгусида давомий бўлиши учун ҳудудлар таҳририятлари ўртасида ҳам ўзаро келушувлар амалга оширилди.

Озод  МУСТАФОЕВ,
Навоий вилояти.

Суратлар муаллифи Сирож Аслонов.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь