Қисқа сатрларда

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Хорижда ишловчиларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш учун компенсация берилади

«Наврўз» маҳалласида замонавий хизмат кўрсатиш маркази фойдаланишга топширилди

19 April, 2024, 12:39

Маданият

НАМАНГАН МУҲАНДИСЛИК-ТЕХНОЛОГИЯ ИНСТИТУТИДА "ҲИНДИСТОННИ ЎРГАНИШ ХОНАСИ" ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

  • 24.Февраля.2021
  • 802

Наманган вилоятига амалий ташриф билан бўлиб турган Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат бошчилигидаги делегация аъзолари Наманган муҳандислик-технология институтига келиб, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар билан мулоқот қилди.

Меҳмонларга институтда таълим сифатини ошириш, бу борадаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Ёш тадқиқотчилар, талабалар томонидан илмий изланишлар маҳсули сифатида инновацион лойиҳалар, ихтиролар тақдимоти бўлиб ўтди.

Институтда Ҳиндистон элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ҳиндистонни ўрганиш хонаси”нинг тантанали очилиш маросими ҳам бўлди.

Элчи Маниш Прабхат жаноблари ўз сўзида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ойида Ҳиндистонга ташрифи, икки давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилган музокаралар ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққанлигини таъкидлади.

Наманган муҳандислик-технология институти ректори, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати, профессор Одилжон Маматкаримов давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида асосий хорижий шерикларимиздан бири Ҳиндистон билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш белгиланганлигини қайд этди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатлари ўртасидаги изчил алоқалар фан, таълим соҳаларида ҳам ўз самарасини бермоқда. Фарғона водийсида етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Наманган муҳандислик-технология институти томонидан бугунги кунда Сомая муҳандислик ва ахборот технологиялари университети, Жавоҳарлал Неру университети, Абдул Қалам миллий техника университети, Маҳарашта штатидаги Панжу Гани таълим маркази, Ҳайдаробод инглиз ва чет тиллари университети, Индира Ганди миллий очиқ университети, Акола университети каби Ҳиндистоннинг ўнлаб олий ўқув юртлари билан мунтазам ҳамкорлик ўрнатилган.

– Ўзбек ва Ҳинд халқлари азалдан биродарлик ва ҳамкорлик алоқаларини олиб борган, буюк мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг икки халқ учун қилган эзгу ишлари миллатларимиз ўртасидаги узилмас кўприк вазифасини ўтаб келмоқда, – деди ректор Одилжон Маматкаримов. – Институтимиз жамоаси бугунги кунга қадар Ҳиндистондаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, 2014 йилда Панжабрао Дешмукҳ номидаги қишлоқ хўжалик халқаро университети ректори, институтимизнинг фахрий профессори Равипракаш Дани раҳбарлигида Акола шаҳрида ташкил этилган Бутунжаҳон фермерлар уюшмаси ва қишлоқ ҳўжалигига бағишланган нуфузли конференцияда институтимиз вакиллари билан иштирок этганмиз.

Ҳар йили ўнлаб ёш профессор-ўқитувчилар ва талабаларимиз Ҳиндистон университетларида ташкилланадиган илмий-амалий анжуманлар, семинар-тренинглар, интенсив тил ўрганиш курслари, энергетика, математика, қишлоқ ҳўжалиги, муҳандислик, ахборот технологиялари соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларда фаол иштирок этиб келмоқда. Биргина, ўтган 2020 йилнинг ўзида, институтимиз профессор ўқитувчиларидан тўққиз нафари Ҳиндистон элчихонаси томонидан молиялаштириладиган “IТEC” дастури доирасида Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод, Деҳли, Калкутта, Мумбаи шаҳарларида узоқ ва қисқа муддатли стажировка ва малака ошириш курсларида қатнашиб қайтди.

Тантанали тадбирда янги ўқув хонасига талабаларни Ҳиндистон тарихи, маданияти, санъати ва таниқли сиймоларининг асарларини ўрганишларига кўмаклашиш мақсадида замонавий электрон доска, турли босма ва электрон қўлланмалар, адабиётлар тақдим этилди. Эътиборлиси, сўнгги русумдаги замонавий қурилма кўмагида талабалар масофадан туриб, Ҳиндистондаги нуфузли университет ва институтлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, ўзаро билим алмашиш имкониятига эга бўлади. Қолаверса, ҳиндистонлик етакчи профессорларнинг онлайн дарслари ҳам йўлга қўйилади.
Лал Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданий маркази директори Чандер Шекхар сўзга чиқиб, Ҳиндистон ҳукумати томонидан ўзбекистонлик талабаларга магистр ва докторлик даражасига эга бўлиш учун ҳар йили 25 ўринли стипендиялар дастури амалга оширилаётганлигини, ҳозирда ўзбекистонлик талабалар Ҳиндистон технология институти, Мумбай ва бошқа шаҳарлардаги нуфузли техник олий ўқув юртларида таҳсил олаётганини маълум қилди.

Ҳиндистоннинг техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида ҳар йили 170 дан зиёд ўзбекистонлик раҳбар кадрлар ахборот технологиялари, инглиз тили, бизнесни бошқариш, молия, тадбиркорлик каби йўналишлар бўйича малака ошираётганлиги айтиб ўтилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА

Энг кўп ўқилганлар

Календарь