Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

24 April, 2024, 11:30

Маданият

СОПОЛ БУЮМЛАРГА БЕЗАК БЕРИШ ҚАЧОНДАН БОШЛАНГАН?

  • 05.Декабря.2020
  • 2047

Сопол ёки чинни буюмларда Х-ХVIII асрга оид ёзувли ва безакли ҳайвонлар тасвири мотивлари ўрнини янада ҳаётийроқ талқин этилган қушлар ва ўсимликлар тасвири билан алмашди. Оқ, қизил ва қора, жигарранг мажмуаси лойқаланган сир тагидаги яшил нақшлар кўк-оқ ранг жамламаси ёки эркин – мовий қуйма тагидаги қора ранг сояси берилган нақшларга ўрнини бўшатиб берди. ХIV аср охири ва ХV асрда Марказий Осиё кулолчилигида ранг ва безакнинг янгича ўзгариши маълум даражада Хитой кулолчилиги таъсири билан изоҳланади. Хитой сопол буюмларини олиб келиш аввалги асрлардаёқ амалга оширилган.

Марказий Осиёнинг қадимги шаҳар қалъа харобаларида хира ёруғ акси мавжуд сирланган, гўзал ва бўёғи мулойим пистоқи – яшил тусда бўлган чиннисимон селадонлар тез-тез учраб туради. Аммо селадонлар бу ердаги ҳақиқий чинни каби ҳайратга солган эмас. Хитой чинниси таъсирида Марказий Осиё кулолчилигида оқ-мовий ранг устунликка эришди. Оқ-мовий сопол идишлар Амир Темур давлатида йўлга қўйилган кенг халқаро алоқаларни ифода этади. Хитойдан келтирилган буюмлар таркибида каолин лойидан ясалган чинни-кобалт билан нақш солинган оппоқ қордек сопол бўлган. Марказий Осиё усталари чинни тайёрлаш сирларини билиша олмагач, каолин ўрнига сополчиликда ХII асрдан бери, меъморчилик ўйма безакларида эса ХIV асрдан бошлаб ишлатилаётган кошиндан фойдаланишди. Безакларида хитойликлар форс мамлакатидан олиб келиб ишлатадиган металл кобалтни, баъзида эса қорамтир-яшил, кейинроқ сиёҳрангни қўллашган.

Хитой чиннисининг таъсири идишларнинг ўзи ва бўёғига тақлид тарзида намоён бўлиб, хитойча нақшларнинг кўплаб такрорланишига олиб келди. Аммо илк даврларда хитойча бадиий мотивлар ва рамзлар, бир жуфт шафтоли, булут монанд шакл тўғридан-тўғри кўчирилган бўлса, бу мотивлар аста-секин ислимий безаклар услубига яқинлашиб, ўзгариб борди. Темурийларнинг сарой, боғ, шийпонларини безаган йирик гулдонлар парчаларидаги нақшлар кўпроқ Хитой намуналари йўлида ишланган. Оппоқ қордек кошинларда гоҳ эркин, гоҳ мулойим кўк кобалтдан ишланган рангин композициялар кўзга ташланади. Хитой услубида ишланган нилуфар гуллари ва бурмалари гоҳ эгилувчан қочирма тарзда, тош шаклли жимжимадор лавҳаларда жойлаштирилган. Аммо марказий осиёлик усталар у ёки бу унсурларни ўзлаштирганлари ҳолда, кўр-кўрона тақлид қилишдан йироқ бўлганлар. Уларни ўзларича талқин қилишиб, янгича мотивларни киргизишган, вақти-соати билан сопол идишлар безагида рангтасвир ва енгил оқма мужассам этилган ўзига хос расм услуби ишлаб чиқилди. Тасвирий мотивлар – мевали бутоқлар, қушлар қўниб турган новдалар коса ёки идишнинг оқ ёхуд кўк фонида эркин жойлаштирилди. Баъзан марказий композициялар яратилди. Бундан безак акварел суратни эслатиб, табиатнинг лирик тимсолини мужассам этади. Кулолчилик безагидаги услуб ривожи исломдаги барча санъатга дахлдор ўзгаришлардан келиб чиққан бўлиб, аслида улар ислом шаклланишининг биринчи асрларидаёқ бошланган. Кейинчалик бундай ҳаракат миниатюра санъатида ўзининг ёрқин ифодасини топди. Бора-бора кулолчиликда бир хил ранг ўрнига ёрқин-кўк безак бўлмиш кўпранглик кириб келди. Радиус бўйлаб нақшни бир маромда жойлаштириш ўрнига худди хомаки қилиб чизаётгандек мўйқаламни эркин юргизиш, нақшни андоза қилиб такрорлаш ўрнига эркин шаклланаётган расм, белгилар ва рамзлар ўрнига реалистик талқин этилган мотивлар пайдо бўлди. ХV аср бадиий кулолчилиги янгилик кашф этиш йўлидан бориб, ўзида амалий санъатнинг янги йўналишларини намоён эта бошлади.

Агар аввалги асрларда нақш соҳаси, унинг ортида гулчамбарсимон услуб устунлик қилган бўлса, энди унинг ўрнига эркин услуб – рангтасвир кириб келди. Сополчиликда ёрқин мотив сирланган қорамтир расм шарпаси мавжуд бўлса, демак, бу ХIV асрдаги маҳаллий анъаналарнинг сақланиб қолганлигидан далолат. Аммо мавзулар туркуми тамоман ўзгарган ўсимликсимон мотивларда табиатга садоқат сезилади. Уларнинг идиш устки сатҳида жойлаштирилиши эркин. Улар белдаги чизиқ ёки ўқ атрофига аниқ ҳандасавий усулда жойлаштирилмаган бўлсада, шаклнинг композициясидаги аниқлик бузилмаган.

Темурийлар даври сопол идишларининг шакллари ҳам ранг-баранг бўлган. Бунинг икки тури кенг тарқалган. Гуруҳ, узуксимон оёқда, четлари текис, ясси қайрилган, чеккалари баланд бўлмаган турли деворлари текис кўзаларнинг шакли ранго-ранг. Улардан айримларининг шаклий кўринишлари камёб. Уларнинг муқобилларини учратиш ҳам қийин. Афтидан, улар махсус буюртма асосида, чегараланган миқдорда тайёрланган.

Кўриниб турибдики, чиннисимон буюмларнинг деярли барчаси, хусусан, мана шу даврда шакллантирилган. Кулолчиликдаги безакнинг тубдан ўзгариши ХV аср Мовароуннаҳр бадиий маданиятининг барча томонларига таъсир кўрсатган тарихий жараёнлар инъикосидир. Таъкидлаш лозимки, ушбу йўналишлар ушбу давр миниатюра-рангтасвири учун ҳам хос хусусиятдир. Гарчи бевосита миниатюра билан боғлиқ, муқобил мисоллар бўлмасада фақат Нисо кулолчилигида темурийлар даври миниатюрасидан олинган сюжетлар ва образлар учрайди. Кулолчилик безагидаги рангтасвир услуби ХV асрда санъатни юксакликка кўтарган уйғониш даври йўналишларини акс эттирувчи яна бир далил бўла олади.

Ўқувчиларга ўтмишдаги ота-боболаримизнинг тарихини, миллий анъаналаримизни чуқур ўрганган ҳолда, замонавий сопол ёки чинни буюмлари учун композицялар ишлайдилар. Шундай композициялар яратишда Риштон, Ғиждувон кулолчи усталар ҳамда устоз рассомларимиз Чингиз Ахмаровнинг чинни лаганларга ишлаган «Етти гўзал» ва Раҳматулла Арипжоновнинг «Атлас», «Оқ олтин» номли пахта гулли чойнак, пиёлалар тўпламлари, Хива, Ғиждувон, риштонлик бадиий кулолчилик усталари ва уларнинг ишлаш технологиялари билан танишиб чиққан ҳолда, ўзларининг композицияларини ишлаш тавсия қилинади.

Мардонбек МУҲАММАДИЕВ,

Наманган вилояти тарихи ва маданити давлат музейи илмий ходими.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь