Қисқа сатрларда

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

19 April, 2024, 02:24

Сиёсат

ЧУҚУР ТАҲЛИЛ, ТИНИМСИЗ МЕҲНАТ ВА ОҚИЛОНА ЁНДАШУВ БЎЛСА, АНИҚ НАТИЖАГА ЭРИШАМИЗ

  • 27.Июня.2020
  • 1145

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида 26 июнь куни Наманган вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Поп туманидаги «Нуран уз» мева-сабзавотчилик кластери фаолияти билан танишди.

Поп Наманган вилоятининг ҳудуди жиҳатидан энг катта тумани. Президентимизнинг фойдаланишдан чиқиб кетган қишлоқ хўжалик ерларини оборотга қайтариш тўғрисидаги тегишли қарорига мувофиқ, тумандаги унумсиз ерларни ўзлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқилди.

Ушбу дастурга асосан «Нуран уз» масъулияти чекланган жамияти томонидан Поп туманидаги адирликлардан иборат 1 минг 885 гектар ўзлаштирилмаган ерда мева-сабзавотчилик кластери ташкил этилди. Жорий йилнинг баҳорида бу ерда 100 гектарга ўрик, 70 гектарга гилос кўчатлари экилди, 12 гектар ерда узумзор барпо этилди.

Испаниядан келтирилган “Magador”, “Maryblon 29c”, “Flopria” каби ҳосилдор навли ўрик кўчатлари икки ойдаёқ нишона берди. Бу боғ келаси йил тўлиқ ҳосилга киради ва гектарига 70 тоннагача мева беради. Бир гектаридан 50 минг доллар даромад олиш мумкин.

Кластер эгалари бу билан чекланиб қолмасдан, боғ қатор ораларига қовун, тарвуз экди. Айни кунларда ғарқ пишган ширин-шакар тарвуз-қовунлар Россия ва бошқа бозорларга экспорт қилинмоқда. Энг муҳими, барча мева ва полиз маҳсулотлари 100 фоиз экологик тоза.

Қирқ йиллар мобайнида самарасиз ётган ерларда интенсив боғ яратишга инновацион асосда ёндашилган, сувни тежайдиган томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Ушбу тизимни кластернинг ўзи қилгани 50 фоиз маблағни тежаш имконини берган. Бунинг учун 180 метр чуқурликдан сув чиқарадиган 4 та қудуқ қазилган. Тўлиқ компьютерлаштирилган тизим сувни чанқаган ерларга автоматик тарзда тақсимлайди. Яъни, ҳамма иш компьютер орқали бошқарилади.

Бу – икки босқичли лойиҳанинг дастлабкиси бўлиб, 2021-2022 йилларга мўлжалланган кейинги босқичда яна 1 минг 455 гектар ер ўзлаштирилади. Лойиҳа тўлиқ амалга ошгач, 350 та иш ўрни яратилади, йилига 10 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспортга йўналтирилади.

Ушбу фойдаланилмай келган ташландиқ ерларда обод боғ барпо этиш осон бўлгани йўқ. Бунинг учун ерга тупроқ солинди, унумдор технологиялар олиб келинди. Бу, албатта, юртимизда фойдаланилмай, қаровсиз ётган ерларни ўзлаштириб, аҳолига даромад келтирадиган майдонларга айлантириш бўйича бошланган саъй-ҳаракатларнинг натижаси.

Келгусида кластер 500 гектарга наъматак, 200 гектарга Калифорния узумини экишни режалаштирган. Ушбу навли узум тўртинчи йилда 100 килограмм ҳосил беради, жаҳон бозорида бир килограммининг баҳоси 37 евро туради.

Асосийси, бу ерда тахминан деҳқончилик қилинмайди, яъни эртага қанча фойда олиши аниқ. Қаровсиз чўлни шундай боғу бўстонга айлантираётган миришкорлар тажрибасини қишлоқ хўжалиги ривожланган вилоятлар учун ўрнак қилса арзийди. Мана имконият йўқ жойдан даромад олиш, мана ақл билан қилинган меҳнатнинг натижаси.

Давлатимиз раҳбари боғни кўздан кечирди, шу ерда нуронийлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари билан суҳбатлашди.

Наманган вилоятида туманларни муайян қишлоқ хўжалик экинларига ихтисослаштириш, жумладан, Косонсой, Чортоқ, Янгиқўрғон туманларини боғдорчиликка йўналтириш лозимлиги қайд этилди.

– Бошқа йўлимиз йўқ. Еримиз жаннатмонанд, бундан фойдаланиб, Наманганни бошқа ҳудудларга намуна қилишимиз керак, одамларни уйғотишимиз лозим. Йилма-йил фойдаланиш шарти билан ерини, уруғини, кўчатини, маблағини берамиз, қолган ҳаракат одамларнинг ўзидан бўлиши керак. Шундай қилмасак эртага натижамиз бўлмайди, – деди Президент.

Шу ерда Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳалар, истиқболли режалар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигига бундай янгича ёндашув Ўзбекистоннинг янги қирраларини, янги имкониятларини амалда намоён этадиган тизим бўлиши кераклигини таъкидлади.

Мутасаддиларга туманларни аниқ экин турларига ихтисослаштириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш, бунда ҳар бир ҳудуднинг иқлими, имкониятларини ҳисобга олиш юзасидан топшириқлар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудида иссиқхоналар мажмуасини барпо этиш лойиҳаси билан танишди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Наманган вилоятига ташрифи чоғида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, кам таъминланган, камбағал оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида доимий даромад манбаига кўмаклашиш юзасидан топшириқлар берган эди. Ана шу топшириқ асосида вилоятда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда «Бир жойда – минг оила иссиқхонаси» лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Бу борадаги ишлар жадал бошлаб юборилган. Жумладан, «Голден Натс Наманган» агро томорқа хизмати МЧЖ Баланд адир даштликларида узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган 36 гектар майдонда ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона қурмоқда.

Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳага Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 миллиард сўм субсидия ва тижорат банкларининг 6,3 миллиард сўмлик имтиёзли кредити йўналтирилади.

Ҳозирга қадар 800 иссиқхона фойдаланишга топширилди. Уларда йилига 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш мумкин. Яна бир ойдан сўнг қолган 200 иссиқхона ҳам тайёр бўлади.

Президентга бу иссиқхоналарнинг афзаллик жиҳатлари, мавжуд шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Мутахассислар фикрича, иссиқхоналарда «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида сифатли, экспортбоп маҳсулотлар етиштирилади, камбағал оилалар доимий даромад манбаига эга бўлади. Яна бир қулайлиги, маҳсулотни етиштиришда кўчат, сув, минерал ўғит ҳамда бозор таъминоти етакчи тадбиркор томонидан кафолатланади.

Иссиқхоналарда йилига 3 марта ҳосил етиштириш имкони бор. Битта иссиқхонада 700 туп помидор кўчати экилган. Ҳар бир туп кўчатдан 4-5 килограммдан ҳосил олиш мумкин. Демак, 1 килограмм помидорнинг ўртача нархи 3 минг сўм бўлиб турган шу кунларда, биринчи ҳосилнинг ўзидан 7-8 миллион сўм даромад қилса бўлади.

Лойиҳа асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, кам таъминланган, камбағал оилалар аъзоларини қишлоқ хўжалиги касбларига ўқитиш учун Агробизнес ўқув моно марказини ташкил этди. Марказда лимончилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик каби йўналишларда йилига 2000 дан ортиқ ишсиз фуқаро касбга ўқитилади.

Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлашдаги ишларни тизимли давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Камида 10 мингта иш ўрни яратиш лозимлиги қайд этилди.

– Одамларимиз ислоҳотлар самарасини сезиши керак, – деди давлатимиз раҳбари. – Уларни рози қиладиган тизим яратишимиз зарур.

Шу ерда вилоятда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, «Голден Натс Наманган» агро томорқа хизмати МЧЖ томонидан интенсив боғдорчиликни (ёнғоқ, бодом, олма ва олча) ташкил қилиш, чорвачилик ва сутни қайта ишлаш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев Учқўрғон тумани Норин дарёси бўйида жойлашган ноёб балиқ турларини ишлаб чиқариш корхонаси  “DB Group Eco” фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда узоқ йиллар давомида мазкур тармоқни ривожлантиришга етарли эътибор берилмади. Бу балиқчиликнинг имкониятларини чеклади, хўжаликларда ҳосил етиштириш камайишига сабаб бўлди. Ҳозир балиқ етиштириш нафақат сердаромад соҳа, балки ижтимоий аҳамияти катта экани инобатга олиниб, бу билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларига субсидия ва имтиёзлар жорий этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ушбу саноат салоҳиятини ошириш, аҳоли таомномасини балиқ маҳсулотлари билан бойитиш, соҳага инновацияларни жорий этиш, тоғолди ҳудудларда интенсив усулда балиқ етиштириб, экспорт ҳажмини ошириш масалаларига кўп марта тўхталган. 2017 йилда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилди. Мамлакатимизда жами 4000 га яқин балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатмоқда, уларда йилига 190 минг тонна балиқ етиштириляпти.

Ҳудудларда интенсив усулда балиқ парваришлаш корхоналари сони ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, 2019 йилда Наманган вилоятида балиқ етиштириш 6 минг 932 тоннани ташкил этган бўлса, жорий йилга келиб бу кўрсаткич 20 минг тоннага етиши кутилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил вилоятга ташрифи давомида лойиҳа сифатида тақдимот қилинган “DB Group Eco” корхонасининг лойиҳа қиймати 40 миллиард сўм бўлиб, шундан 28 миллиарди банк кредити, 12,5 миллиарди эса ташаббускорнинг ўз маблағидир.

Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1500 тонна. Бу ерда Европа тажрибаси асосида интенсив усулда форель, лосось каби ноёб балиқ турларини етиштириш йўлга қўйилган. Увилдириқлар ва балиқ озуқаси Дания ва Германиядан келтирилади.

Асосан чучук ва кислородга тўйинган сувларда яшайдиган, совуқсевар ушбу балиқ турларини етиштириш учун корхона ҳовузларига сув Норин дарёсидан қуйилади ва сув айланма оқим билан яна дарёнинг ўзига қайтади. Бунда ортиқча сув ва энергия ресурси сарфланмайди.

Балиқ увилдириқдан то товар ҳолатига етгунига қадар 1-1,5 йил парваришланади. Корхона тасарруфидаги 5 гектар жойда увилдириқ ва чавоқ етиштириш учун ёпиқ сув ҳавзалари ҳамда 66 та очиқ ҳовуз барпо этилган. 100 та иш ўрни яратилган. Корхона тўлиқ ишга тушгач, 2000 тонна балиқ чавоғи етиштириш имконига эга бўлади. Айни вақтда форель музлатилган ҳолда, шунингдек, совуқ ва иссиқ дудланган, филе ва кам тузланган ҳолатда ички бозорга чиқарилмоқда.

 – Бундай ноёб балиқ турлари аҳоли учун ҳамёнбоп бўлиши керак. Бунинг учун эса балиқ озуқаси ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш зарур. Таннарх тушса бозори чаққон бўлади, одамлар дастурхонига балиқ етиб боради, тадбиркор ҳам фойда олади, – деди давлатимиз раҳбари.

Форелни халқимиз хонбалиқ деб атайди, у фосфор, омега-3 ва омега-6 каби ёғ кислоталарига бой. Ушбу балиқ истеъмол қилинса, инсон қон-томир ва асаб, хотира сусайиши каби хасталикларга кам чалинади. Шу сабабдан хонбалиққа нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб катта. Корхона йил сўнггига қадар 300 тонна балиқ экспорт қилишни режалаштирган.

Президентимиз бундай корхоналарнинг қурилиш лойиҳаларида балиқ етиштиришнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб, жиддий ёндашиш лозимлигини таъкидлади. Учқўрғон, Мингбулоқ, Уйчи, Поп ва Норин туманларида 299 миллиард сўм қийматга эга 75 та янги лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари вилоятда қишлоқ хўжалигининг балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, эчкичилик тармоқларини ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Масалан, вилоятда 2020 йилда чорвачилик тармоғида 84 та лойиҳа амалга оширилади, гўшт ва сутни қайта ишлаш корхоналари ташкил этилади.

Поп тумани азалдан эчкичиликка ихтисослашган. Давлатимиз раҳбари йўқолиб кетган шу тажрибани қайта тиклаш, жун етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кластер ташкил қилиш, Поп ва Чуст туманларидаги 1500 хонадонга 20 мингта қўй ва эчкини шартнома асосида тарқатиш бўйича кўрсатмалар берди.

Паррандачилик, асаларичиликни ривожлантириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш, Наманган шаҳрида 10 минг тонна экспортбоп асал тайёрлаш, қадоқлаш ва сотишга ихтисослашган комплексни ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги “Юксалиш” кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

117 гектар майдонни эгаллаган мазкур саноат мажмуасида қурилиш материаллари, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, электротехника, тўқимачилик ва тикувчилик каби йўналишларда умумий қиймати 1 триллион 208 миллиард сўмлик 95 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Бугунги кунга қадар 66,9 миллиард сўмлик 32 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 311,1 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қувватига эришилди. Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга тушса, 7 минг 300 та иш ўрни яратилиб, йилига 7,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади.

Ҳозирги кунда кичик саноат зонасида шифер, пўлатдан чоксиз труба, металл маҳсулотларини қайта ишлаш, сув насослари ва электр двигателлар, момиқ сочиқ, йирик сув сиғимлари ҳамда пластик қувурлар ва қисмлар, пайпоқ ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Давлатимиз раҳбарига “Юксалиш” кичик саноат зонасида “Flat Tile” масъулияти чекланган жамиятининг кафель-керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилди.

Йилига 35 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратиладиган лойиҳа босқичма-босқич 2021 йилнинг II чорагида ишга туширилади ва 410 та иш ўрни яратилади, шунингдек, йилига 15,3 миллион долларга тенг маҳсулотни экспорт қилиш кўзда тутилган.

– Ўзбекистонимиздек фойдали қазилмага бой замин камдан кам, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. – Ўзимизда шундай юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ғоят кенг имкониятлар, табиий ресурслар бўла туриб, уларни импорт қилардик. Нега? Чунки замонавий геологик тадқиқотлар, экспедициялар қилмасдик, илм-фан орқали масалаларга ёндашмасдик. Энди хомашёдан тўғри, унумли фойдаланиш, ундан бугунги кун талабларига жавоб берадиган товарлар ишлаб чиқариш учун илмий асосланган ечимлар топиш вақти келди.

Президент кичик саноат зонаси ҳудудидаги эркаклар костюми, куртка ва пальто ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Zamin kiyim sanoat” корхонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан ҳам танишди. Қиймати 24 миллиард сўмга тенг лойиҳага кўра йилига 10 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади ва 300 минг доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспортга чиқарилади. 300 киши иш билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари кичик саноат зонасида фаолият кўрсатаётган қатор корхоналар маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

Наманган вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш салоҳияти, ҳудудда 2020-2021 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, камбағалликни қисқартириш борасида амалга ошириладиган ишлар, ўзини ўзи банд қилиш юзасидан батафсил тақдимотлар ўтказилди.

– Бу кечаги Наманган эмас. Жуда қисқа фурсат ичида 55 минг иш ўрни яратиш, 13 триллион сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқиш – ушбу ҳудуд тарихида мисли кўрилмаган ўзгаришлар олиб келиши аниқ, – деди давлатимиз раҳбари.

Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга муҳокама қилинган ҳар бир мавзу бўйича чуқур таҳлил асосида кўрсатма ва тавсиялар берди.

– Бизнинг асосий хатоимиз – пулнинг қадрига етмаслигимиз. Давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш учун ажратилаётган маблағларнинг ҳар бир сўмини жойини билиб ишлатишимиз керак! Маҳсулот ишлаб чиқаришда таннархни камайтириш, жумладан, транспортировка харажатларини тушириш учун тинмай изланишимиз лозим. Ҳар бир масалада илмий, инновацион ёндашувлар қўллашимиз зарур, – деб таъкидлади Президент.

Кичик саноат зонаси ҳудудидаги 100 дан ортиқ корхоналар фаолияти кўздан кечирилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод ва хавфсиз маҳалла” концепцияси асосида амалга оширилган ишлар билан танишди.

“Орзу” – Наманган шаҳрининг ўз номига муносиб, орзу-ҳавас қилса арзигулик намунали маҳалласи. 2013 йилда ташкил топган мазкур маҳаллада намунавий лойиҳалар асосидаги 830 та ҳамда якка тартибдаги 1 минг 682 та уй мавжуд. Бу ерда қарийб 12,5 минг аҳоли маиший қулайлик ва имкониятлардан баҳраманд ҳолда ҳаёт кечирмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йили вилоятга ташрифи чоғида бу ерда бўлиб, Орзу маҳалласи мисолида аҳолига қулайликлар яратиш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича бутун мамлакатга намуна бўладиган тизим тақдимоти билан танишган эди.

Бугун ушбу маҳалла қиёфасида мамлакатимизда халқимиз турмуш даражаси ва маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, юртдошларимиз онгу тафаккурида юз бераётган ижобий ўзгаришлар яққол ифодасини топган. Ҳудудда ташкил этилган “Орзу” кичик саноат зонасида 15 та лойиҳа ишга туширилиб, 930 дан зиёд иш ўрни яратилди. Шундан қарийб 400 тасига маҳалла фуқаролари жойлашди. 1 та боғча, 650 ўринли мактаб, дорихона, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, фитнес клуби, мини-футбол майдони барпо этилди. Ўтган йили давлат хизматчилари учун 20 та хизмат уйи қуриб берилди.

Давлатимиз раҳбарининг маҳаллага бу галги ташрифи яна бир хайрли ташаббуснинг бошланишига туртки берди. Бу ерда хавфсиз маҳалла ва Наманганда “ақлли шаҳар” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишга киришилди.

Президентимиз мамлакатимизда янгилик бўлган лойиҳа – Наманган шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий геоахборот мониторинг ва рақамли бошқарув тизими билан танишар экан, энг катта масала жиноятчиликни камайтиришга эришиш эканини таъкидлади.

Янги тизимнинг мақсади шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни узлуксиз ўрганиб бориш, кундалик назорат қилиш, муаммоли ҳолатларни дастурдаги таҳлилий маълумотлар асосида тезкор бартараф этиш, қарор қабул қилишда юқори самара берувчи янги инновацион онлайн бошқарув усулига ўтишдан иборат.

Мазкур тизимда барча кўрсаткичлар геохарита орқали мониторда акс этади. Жумладан, аҳоли сони, ёлғиз кексалар, таълим муассасалари, меҳнат бозори, инвестициявий лойиҳалар, камбағал оилалар, криминоген муҳит каби маълумотлар узлуксиз киритиб борилади.

Тажриба сифатида ишга туширилган бу тизим кейинчалик барча соҳалардаги электрон базаларга уланади. Натижада шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни онлайн кузатиш, вазиятни холис баҳолаш, муаммоларни назоратга олиш ва керакли чора-тадбирлар кўриш мумкин бўлади. Бу эса аҳолининг осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим самара беради.

Давлатимиз раҳбари вилоятдаги ёшлар ва жиноятга мойил қатламни секторлар томонидан назоратга олиш ва шу орқали жиноятчиликни жиловлаш бўйича ҳали тизимли ишлар қилинмаётганига эътибор қаратди. Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия мутасаддиларига маҳаллаларда тинчликни таъминлашга тўсқинлиқ қилаётган омилларни ўрганиш, секторлар ишлаши учун қонунчиликка тегишли меъёрларни киритиш юзасидан топшириқлар берилди.

– Вилоятдаги секторлар раҳбарлари энди жиноятчиликка қарши курашда натижа бўйича жавоб беради. Жиноят қанча камайди, қайси адашганни тўғри йўлга қайтарди деган саволларга жавоб топиш учун мана шу тизимга ўтаяпмиз. Ҳам иқтисодиётни, ҳам жиноятчиликни, ҳам тинчликни, ҳам адолатни жойига қўйсак, халқимиз учун муносиб шароит яратган бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маҳаллаларга тажриба тариқасида ёшларни раис вазифаларига қўйиш ва шу орқали жавобгарлик тизимини кучайтириш, аҳоли билан ишлаш учун психолог кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Наманганда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича вилоят секторлари раҳбарларининг ахборотлари тингланди.

Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” маданият ва истироҳат боғи ҳудуди 155 гектар. Мазкур дам олиш масканида 123 миллион долларга тенг лойиҳа амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи доирасида ушбу истироҳат боғида бажарилган ишлар билан танишди, дам олувчилар билан мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу боққа аввал ҳам ташриф буюриб, уни энг замонавий талаблар асосида барпо этиш зарурлигини таъкидлаганди. Ўтган давр мобайнида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ҳозирги кунда қисман ишга туширилган маданият ва истироҳат боғи тўлиқ фойдаланишга топширилса йилига 600 минг аҳолига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Айни пайтда 16 турдаги аттракционли тематик парк, 2400 ўринли амфитеатр, 7 хил сув аттракционлари ва 16 та бассейнли аквапарк, 2 та замонавий шаршара ва мусиқали фаввора, 3 та ресторан, 1800 ўринли 2 та автотураргоҳ ташкил этилган. 2022 йил март ойига қадар миллий ҳунармандлар маркази, масжид, 400 ўринли меҳмонхона, 110 та виллани ишга тушириш режалаштирилган.

1 минг 500 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган бу масканда бугунги кунда 600 нафар ишчи-ходим фаолият юритмоқда.

– Икки йил олдин мана шу боғ лойиҳаси билан танишиб, унга “Афсоналар водийси” деб ном беришни таклиф қилгандим. Номига муносиб бўлибди. Мамлакатимизда бу каби замонавий дам олиш масканларини ҳали кўплаб барпо этамиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Акрамжон САТТОРОВ,

ЎзА махсус мухбирлари

Энг кўп ўқилганлар

Календарь