Қисқа сатрларда

Янги Наманган шаҳарчаси барпо этилмоқда

Тадбиркорлар тингланяпти

«Хавфсиз шаҳар» концепцияси тақдим этилди

Узумчилик ривожланмоқда

Стартап нима учун керак?

17 August, 2022, 12:15

Сиёсат

ЭЗГУ МАҚСАД, АНИҚ РЕЖАЛАР БИЛАН

  • 21.Декабря.2021
  • 373

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар якунлари ва 2022 йилги вазифалар бўйича аҳолига мурожаат қилди.

– Энг аввало, ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил февраль ойида вилоятимизга ташрифида белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган дастур ижроси устувор йўналиш бўлди, – деди Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2021 йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот 30,6 триллион сўмни ташкил этиб, 8,5 фоизга таъминланди.
Ўтган йилга нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 116,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 104,5, пудрат ишлари 112, чакана савдо айланмаси 110,4 ва жами хизматлар ҳажми 124,5 фоизни ташкил этмоқда. Маҳаллий бюджет даромадлари режаси 110,7 фоизга бажарилди. 

Аҳоли фаровонлигини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида жорий йилда 6 минг 135 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Аҳоли ва тадбиркорларга 5,1 триллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 35 минг 559 кишига берилган 787,4 миллиард сўм кредит ёрдамида 36 минг 132 та иш ўрни яратилгани эътиборга молик.
Вилоятда ташқи иқтисодий фаолият, инвестиция ўзлаштириш ишлари жадал суръатларда амалга оширилди. Хитой, Туркия, Нидерландия, Ҳиндистон, Бельгия, Германия ва Россия каби ўнлаб давлатлардан жами 303,6 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий сармоялар жалб этилиб, белгиланган прогноз 106 фоизга бажарилди. Жумладан, Чуст туманидаги «Наманган цемент» МЧЖ томонидан 16 миллион доллар ва Наманган шаҳридаги «Namangan Qianxing Investment» МЧЖ томонидан 12,8 миллион доллар маблағ ўзлаштирилди.

Яна бир муҳим масала – экспорт бўйича 464 миллион доллар қийматига тенг маҳсулотлар экспорт қилинди. Шу жумладан, 293 миллион доллар миқдоридаги саноат ва 71 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари ташқи бозорга чиқарилди. 465 та экспортёр корхона томонидан 52 та давлатга 67 турдаги саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Шу йилнинг ўзида эса 5 та янги – Перу, Венесуэла, Тунис, Босния ва Герцеговина ҳамда Жанубий Африка давлатлари бозорларига кириб борилди.
Аҳолини қийнаб келаётган энг кўп мурожаатлардан бири уй-жой таъминоти ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида 3,6 минг хонадонли 126 та кўп қаватли уй-жой қуриб, зарурий инфратузилма билан таъминланди.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижроси доирасидаги ишлар ҳам эътибордан четда қолмади. 2021 йилда умумий қиймати 1,3 триллион сўмдан ортиқ маблағлар ўзлаштирилиши ҳисобига 22 та қишлоқ ва 4 та маҳалланинг архитектура қиёфаси янгиланди.

2021 йил вилоят йўлсозлигида унутилмас давр бўлиб қолади. Боиси, анча йиллардан бери абгор ва эътибордан четда қолиб келаётган 1 минг 800 километрга тенг ички йўлларда 368,4 миллиард сўмлик қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Ёшларнинг чуқур таълим-тарбиясига, уларнинг замонавий фан ва технологиялардан чуқур билим олишларига эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим тизимини оладиган бўлсак, уларнинг сони 2 минг 562 тага етказилди. Шундан давлат тасарруфида 583 та боғча мавжуд, 1 979 та мактабгача таълим ташкилоти эса хусусий сектор (43 та давлат-хусусий шерикчилик, 72 та хусусий, 1 864 та оилавий) салмоғига тўғри келмоқда. Мактабгача таълимга вилоят бўйича 3-7 ёшдаги 242 минг боладан 173 минг нафари ёки 71,5 фоизи қамраб олишга эришилди.
Ижтимоий соҳанинг яна бир муҳим бўғини саналган тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган амалий ишлар сифат босқичига кўтарилди. Инвестиция дастури доирасида 70,1 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилиши туфайли 8 та муассаса бинолари фойдаланишга топширилди. Давлатимиз раҳбарининг ташрифлари доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар учун Республика бюджетидан 100 миллиард сўм ссуда маблағлари ажратилди. Шу йилнинг ўзида барча соҳаларда 142 минг 372 та иш ўрни яратилди. 

Президентимизнинг шу йилнинг сентябрь ойида наманганлик сайловчилар билан учрашуви чоғида 2022-2026 йилларда вилоятда амалга оширилиши зарур бўлган асосий устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу 5 йиллик дастурдан келиб чиққан ҳолда, келаси йил учун бир қатор истиқболли режалар белгилаб олинган.
Бунда энг аввало, таълим ва тиббиётга асосий эътибор қаратилади. Таъкидланишича, вилоятда жами 771 та мактаб мавжуд бўлса, уларнинг 128 тасида спорт зали мавжуд эмас. Шунингдек, олий таълимга қамраб олиш даражаси (26,9 фоиз) ҳам республика бўйича паст кўрсаткичда. 
Шу билан бирга, боғча ёшидаги болалар қамровини 82 фоизга етказиш мақсадида 3 та давлат, 4 та хусусий, 2 та давлат-хусусий шериклик, 258 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари барпо этилади. Эътиборлиси, вилоятнинг чекка ҳудудларидаги 58 та маҳаллада 2 минг 570 қувватга эга 81 та МТТ ўз фаолиятини бошлайди.

Ёшларни китобхонлик ва китоб мутолаасига кенгроқ жалб этиш мақсадида вилоятнинг барча туманларида Наманган шаҳрида қурилган «Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани» кутубхонаси намунасидаги кутубхоналар ташкил этилади.
Ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш мақсадида 2022 йилда 143 минг та иш ўрнини ташкил этиш мўлжалланган.
Ишсизлик муаммосини ҳал этишда «маҳаллабай» ишлаш тизимини янги босқичда давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу жараёнда ҳар бир маҳалланинг «ўсиш нуқталари»дан келиб чиқиб, аҳолининг мавжуд муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилади. Асосан «Уй меҳнати» орқали ўз-ўзини банд қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш кенг тарғиб қилинади.
Вилоятдаги «Оғир ҳудуд» тоифасига кирувчи маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 162 та маҳаллада 310 нафар етакчи тадбиркорлар томонидан аҳолини кооперация орқали қамраб олишни йўлга қўйиш учун 324 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилади.

Бундан ташқари, вилоятнинг драйвер соҳаси ҳисобланган тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғидаги корхоналар томонидан янги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда кичик корхоналарни кенгайтириш мақсадида 313 гектар ер майдонида «Namangan textile» саноат зонасини ташкил этиш режалаштирилган.
Вилоятда иқтисодиётни барқарорлаштиришнинг муҳим манбаларидан саналган хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, жами 533 та лойиҳага 375 миллиард сўм имтиёзли кредитлар талаби аниқланиб, натижада ушбу соҳада 4 минг 681 та янги иш ўрни яратилади.
Бундан ташқари, шаҳар ва туманларда 17 та кўчани туну-кун ишлайдиган савдо ва кўнгилочар кўчаларга айлантириш ҳисобига 820 та хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади. Йўл бўйи инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида халқаро ва туманлараро йўллар бўйида умумий қиймати 20,8 миллиард сўм бўлган 411 та хизмат кўрсатиш объекти барпо этилади.

Аҳолининг уй-жой ва яшаш шароитларини яхшилаш бўйича ҳам алоҳида тадбирлар белгиланиб, айни шу мақсадда 2 минг 820 хонадонга эга 109 та кўп қаватли уй-жой қурилади. Хусусан, Чуст, Чортоқ ва Поп туманлари ҳудудида «Янги Ўзбекистон массивлари» қурилиб, уларда жами 640 та хонадонга эга 32 та кўп қаватли уйлар қад ростлайди. 
Юксалиш массивида 30 минг оила учун 330 та кўп қаватли уй, мактаб, боғча, шифохона, кичик саноат зоналари, хизмат кўрсатиш объектларини қамраб олган Янги Наманган шаҳарчаси бунёд этилади.
Яна бир долзарб масала, аҳолининг ичимлик суви таъминотида 48,7 миллиард сўм маблағ эвазига 7 та сув олиш иншооти, 131 км. ичимлик сув тармоқлари реконструкция қилинади ва янги қурилади. Натижада, Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон ва Поп каби туманлардаги 19 та маҳаллада яшовчи 45 мингдан зиёд аҳоли хонадонларига илк бор ичимлик суви кириб боради. Шунингдек, 15 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади.

Қишлоқ хўжалиги ва томорқаларни ривожлантириш соҳасида жорий тажриба сифатида 3 та туманда ғаллачилик кластери ташкил этилган эди, юқори ҳосилдорликка эришишда катта омил бўлганлиги сабабли, 2022 йил ғалла ҳосили учун 9 та туманда ғаллачилик кластери ўз фаолиятини бошлайди. Келгуси йилга қадар ғалла экиладиган барча туманларда кластер усулида ғалла етиштириш режалаштирилган. 
Янгиқўрғон, Поп, Чортоқ, Косонсой, Чуст туманларида 10 та узумчилик кластери ташкил этилиб, 15 минг гектарда янги узумзорлар барпо қилинади. Ҳар бир туманда 1 тадан қайта ишлаш корхонаси ишга туширилади.

Вилоятда янги туризм зоналари ва туристик маршрутлар ташкил этиш мақсадида Поп туманида Чодак туризм қишлоғи, Янгиқўрғон туманида Нанай туризм зонаси ва Чортоқ туманида экотуризм зонаси фаолияти йўлга қўйилади. Чуст туманидаги Ғова ва Косонсой туманидаги Олмазор қишлоқлари туризм қишлоқларига айлантирилади. Поп, Чортоқ, Чуст, Косонсой ва Янгиқўрғон туманлари туризмга ихтисослаштирилади.
Сессияда видеоселектор орқали барча шаҳар ва туманлар студиялари боғланиб, уларда вилоят фаоллари ва депутатлар томонидан ҳудудларда ҳал этилиши зарур бўлган таълим, соғлиқни сақлаш, йўл, муҳандислик коммуникациялари борасидаги муаммолар юзасидан таклиф-мулоҳазалар эшитилди. Ҳар бир билдирилган фикрлар келгуси йил дастурларига киритилиши айтиб ўтилди.

Сессиядан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида вилоят ҳокими оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь