Қисқа сатрларда

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

20 April, 2024, 01:03

Сиёсат

ХОТИН-ҚИЗЛАР ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ФАОЛ БЎЛСА

  • 08.Октября.2019
  • 1988

«Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир». Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 21 июнда, Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида сўзлаган нутқида халқимиз ҳаётида «Шахс–Оила–Жамият–Давлат» деган тушунча ва қадриятлар нечоғлик муҳим ўрин тутишига алоҳида эътибор қаратар экан, айни шу улуғ қадриятларнинг бошида турувчи муҳтарама аёл зотига шундай юксак таъриф берди.

Ҳақиқатан ҳам, аёл – эъзоз ва эътиборга лойиқ зотдир. Ҳадиси шарифларда аёллар хусусида кўплаб ривоятлар мавжудки, уларнинг барчасида аёлларга яхши муносабатда бўлган киши энг яхши фазилатларга эга инсон сифатида таърифланади. Имом Термизий «Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганингиз. Мен сизларнинг орангиздаги аҳли аёлига яхши муносабатда бўлгувчингизман», деган муборак Ҳадисни ёзиб қолдирганлари бежиз эмас.

Шонли тарихимизда Тўмарис ва Бибихоним, Гулбаданбегим ва Зебуннисо, Нодирабегим ва Анбар отин каби оқила момоларимиз яшаб ўтганлар. Шарқ халқларида азалдан хотин-қизлар ҳурмат ва эҳтиромга муносиб кўрилган.

Юртимизда ушбу анъана изчил давом этмоқда. Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таълим тизимининг жонкуяр фаоли ва ёшларимизнинг меҳрибон устози, Ўзбекистон Халқ де-мократик партиясининг фахрий фаол аъзоси Дилшодахон опа Дадажонова ҳақида алоҳида тўхталиш лозим, деган фикрдаман.

Дилшодахон опа 1949 йилда туғилган. 17 яшарлигида  Россиянинг Кубан давлат университетига ўқишга кирган. 1971 йилда  университетни тамомлаган  педагог-сиёсатшунос Наманганга қайтиб, узоқ йиллар ёш авлодга тарих-жамиятшунослик фанларидан дарс берган. Хусусан, 1971-1974 йилларда Поп туманидаги 7-сон ва 40-сон мактабларда ўқитувчилик қилган.

Бугунга келиб, 7,7 миллиард кишидан иборат дунё аҳолисининг қарийб 51 фоизи аёллардан иборат. Жаҳон хотин-қизлари орасида 14 ёшгача бўлганлар – 9,7, 15-19 ёшгача бўлганлар – 10, 60 ва ундан юқори ёшдагиларнинг миқдори 7 фоизни ташкил этади.

Бу кўрсаткичларни Ўзбекистон мисолида кўрадиган бўлсак, ҳозирги вақтда 33,5 миллиондан ортиқ аҳолимизнинг қарийб 50 фоизи хотин-қизлардир. Улар орасида 14 ёшгача бўлганлар – 29, 15-30 ёшгача бўлганлар – 28, 31-45 ёшлилар – 21, 46-60 ёшлилар – 15 ва 60 дан юқори ёшдагиларнинг миқдори 7 фоиз.

Сайёрамизда яшайдиган аёлларнинг 5 фоизи юқори бошқарув лавозимларида фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич қанча? Биз бу борада дунё мезонларидан олдиндамизми ё ортда қолаяпмизми?

Яна рақамларга мурожаат қиламиз: бугунги кунда юртимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 388 нафар аёл раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Шундан 39 нафари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида, 45 нафари вазирлик ва идораларда фаолият юритмоқда.

Олий Мажлис Сенатида – 17 нафар сенатор, Қонунчилик палатасида – 21 нафар депутат, маҳаллий Кенгашларда эса 23 фоиздан зиёд депутат хотин-қизлардан иборат.

Юртимиздаги турли корхоналардаги раҳбар аёллар миқдорида ҳам ўсиш кузатилмоқда. Бу кўрсаткич 2017 йили 44,2 фоиз бўлгани ҳолда, 2019 йилнинг ўтган даврида 45,3 фоизга ошган. Иқтисодиёт соҳасида агар тадбиркор аёллар жами тадбиркорлик субъектларининг 29 фоизини ташкил этса, фермер хўжалиги раҳбарларининг бор-йўғи 5,4 фоизи аёллар экан.

Сиёсат соҳаси билан 1 минг 837 нафар хотин-қиз машғул. Касаба уюшмалари жами аъзоларининг 48 фоизи аёллар. Шунингдек, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоларининг 40,8; Халқ демократик партияси аъзоларининг 49; «Адолат» социал-демократик партияси аъзоларининг 44,7; «Миллий тикланиш» партияси аъзоларининг 47,6; Ўзбекистон Экологик партияси аъзоларининг 36,9 фоизи аёллар ҳисобланади.

Суд тизимида 12,4 фоиз аёллар фаолият юритмоқда. Хотин-қизларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 82 фоиздан зиёдни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳаларида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоиздан ортиқни, саноатда 38 фоизни ташкил этмоқда.

Шу маънода, «Ўзбекистон хотин-қизлари – Ватанимиз инсоний салоҳиятининг олтин фондидир», десак, ҳар томонлама тўғри бўлади. Дилшодахон Дадажонова ҳам ана шу олтин фондимизга бевосита мансубдир.

Дилшода опа кўп йиллар давомида Поп тумани, ке-йинчалик Наманган вилояти ёшлар ва партия ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Дилшодахон Дадажонова Ўзбекистон Ёшлар қўмитасининг биринчи котиби лавозимида фаолият олиб борган 1985-1987 йилларда опа билан бирга ишлаганмиз.

Ўша даврда камина Дилшодахон Дадажонова тимсолида ўзбек аёли раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритиш асносида ўзининг иқтидори ва салоҳиятини намоён қилишга қанчалик муносиб эканига қатъий амин бўлганман. Дилшодахон опани олима сифатида ҳам яхши биламан ва ҳурмат қиламан.

Опа 1983-1985 йилларда Москвадаги Ижтимоий фанлар академиясининг аспирантурасида таҳсил олган. Шундан кейин изчил тадқиқотлар олиб бориб, тарих фанлари номзоди илмий даражасини ёқлаган.

Мамлакатимиз мустақиллиги халқимизнинг барча эрксевар инсонлари қатори Дилшодахон опага ҳам юксак парвоз учун қанот бағишлади. Истиқлолнинг дастлабки давриданоқ Дилшодахон Дадажонова Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, кейинчалик вилоят халқ таълими бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлади.

Қандай мансабу лавозимга тайинланмасин, муҳими, Дилшодахон опа юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида куч-ғайратини аямади. Аксинча, бу эзгу ишда ўз билим ва тажрибаси, иқтидор ва салоҳиятини яққол намоён этишга ҳамиша интилиб яшамоқда.

Биргина мисол: Дилшодахон опанинг саъй-ҳаракатлари туфайли Наманган вилоятида иқтидорли болаларнинг лицей-интернатлари сони 21 тага етказилган. Бу ўқув муассасалари битирувчиларининг 85-97 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирган.

Дилшодахон Дадажонованинг меҳнат фаолияти давомида вилоятдаги таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланган. Мактабларни тоза ичимлик сув билан таъминлаш, иситиш тармоқларини табиий газга улаш, телефон тармоқларини кўпайтириш, ўқув синфларини замонавий компьютер техникаси билан жиҳозлаш, янги спорт майдонлари қуриш ишларига эътибор кучайтирилган.

Хусусан, Дилшодахон опа вилоят халқ таълими бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлаган 1998-2011 йилларда биргина Наманган шаҳрида 5 та янги мактаб бунёд этилган. Барча ўқув муассасаларига ҳомий ташкилотлар бириктирилиб,  ҳар янги ўқув йилида мактабларни барвақт ва сифатли таъмирлашга эришилган. Шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандлари бепул дарслик ва ўқув қуроллари билан мунтазам таъминланган.

Бундан ташқари, Дилшодахон опа вилоят раҳбарияти таркибида фаол ишлаган даврда Наманганда мактабгача тарбия муассасалари тармоғи, боғча-гимназия, боғча-мактаблар сони кўпайган. Муайян сабабларга кўра фаолияти тўхтаб қолган боғчалар қайтадан ишга туширилган. Натижада, болаларни боғчаларга қамраб олиш кўрсаткичлари бўйича Наманган вилояти мамлакат миқёсида 3-ўринга кўтарилган.

 БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш жорий йил 11-17 март кунлари бўлиб ўтган БМТ Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг 63-сессиясида қайд этганидек, «Қаердаки сиёсат ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда».

Ўз навбатида, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) Ижрочи директори Н.Кан кейинги йилларда Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хотин-қизларни рағбатлантириш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш борасида муҳим ўзгаришлар амалга оширилаётганини эътироф этди.

Европа ва Марказий Осиё учун «БМТ-Аёллар» тузилмаси минтақавий раҳбари А.Эл-Ясир ҳам Ўзбекистон ҳукумати аёлларнинг аҳволини яхшилаш, шунингдек, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш йўлида амалий чоралар кўраётганини юксак баҳолади.

Ўзбекистоннинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги сиёсатининг халқаро даражада эътироф этилаётгани бежиз эмас. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясида хотин-қизларнинг мамлакат ҳаётидаги муносиб ўрнини белгилаб беришга ва жамиятдаги мавқеини янада юксалтиришга қаратилган устувор вазифалар кўзда тутилган.

Айни чоғда, бу борадаги эзгу фаолиятнинг самарадорлигини янада ошириш учун ҳали кўп иш қилиш талаб этилади. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, «биз узоқ вақт бу масалага етарлича эътибор бермасдан, ҳурматли опа-сингилларимизнинг дарду ташвишларига бепарво қараб келганимиз туфайли йиллар давомида тўпланиб қолган ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бугун, очиғини айтиш керак, осон бўлмаяпти».

Президентимиз томонидан аёллар ва оилага эътибор билан боғлиқ ушбу ғоят муҳим масала айнан парламентнинг юқори палатаси ялпи мажлиси муҳокамасига ҳавола этилгани бежиз эмас. Бинобарин, Сенат мамлакатимиз барча ҳудудларининг вакиллик органидир.

Бугун замоннинг ўзи барчамиздан юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда. Шу маънода, авваламбор, юртимиз хотин-қизларининг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш мақсадида Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга оқила ва етук аёллар имкон қадар кўпроқ депутат ва сенатор бўлиб сайланишларига эътибор қаратиш лозим.

Парламентга ва маҳаллий Кенгашларга сайланадиган аёллар сонининг ўсиши қонун ижодкорлиги жараёнида хотин-қизларнинг манфаатлари ва фикрларини ҳисобга олиш имкониятини беради. Шунингдек, давлат бюджети шаклланишида гендер тенглиги масалаларини инобатга олиш муҳим.

БМТ маълумотларига қараганда, парламентларда аёлларнинг вакиллиги бутун дунёда ўсиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2018 йилда 24,3 фоизни ташкил этган. Дунёдаги  мавжуд парламентларнинг 279 палатасидан 55 тасида, яъни 19,7 фоизининг раҳбари аёллардир. Масалан, Нонси Пилосси – АҚШ Вакиллар палатаси спикери ҳисобланса, Валентина Матвиенко – Россия Федерацияси Кенгаши раисидир. 

Статистика маълумотларига кўра, ўз парламентлари ва ҳукуматларида аёллар 25-30 фоиздан кам бўлган давлатларда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бола ҳуқуқлари, ва ижтимоий муҳофаза билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда қийинчиликларга дуч келаётир.

Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида белгиланган вакиллик органларида хотин-қизлар учун 30 фоизлик квотадан тўғри фойдаланиш, фикримизча, миллий манфаатларимизга ҳам, халқаро андозалар талабларига ҳам тўла жавоб беради.

Шу билан бирга, Президентимизнинг яқин вақт ичида «Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Аёлларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларни қабул қилишга доир таклифи ҳам ниҳоятда долзарб. Нега деганда, халқаро андозалар талаблари доирасида 2018 йили юртимизда аёллар аҳволини тубдан яхшилашга доир 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзолангани ҳолда, қонун ижодкорлари томонидан бу борада биронта қонун қабул қилинмаган.

Аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, оилаларнинг тиббий маданиятини оширишга кўмаклашиш, жойларда, хусусан, маҳаллаларда, хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган маърифий-тарбиявий ишлар самарадорлигини кучайтириш зарур. Айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, санъат, спорт, илм-фан соҳаларига кенг жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, меҳр-оқибатли, оқкўнгил аёлларимизга мутлақо ярашмайдиган салбий иллатлар, яъни хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, жумладан, жиноятчилик,  одам савдоси, оилавий ажримлар, эрта никоҳларнинг, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш доимий эътибор марказида бўлиши даркор.

Бу жараёнларда, фикримизча, кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида турли раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритиб, бугун шогирдларига меҳрибон устоз ҳамда оиласининг ғамхўр соҳибаси бўлиб бахтиёр умр кечираётган Дилшодахон опа Дадажонова каби муҳтарама аёлларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ва ижтимоий-сиёсий фаолиятининг ёрқин қирраларини фаол қизларимизга намуна қилиб кўрсатиш ғоят муҳим.

Президентимиз таъбири билан айтганда, «Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади». Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» тазкирасининг «Эркаклар мартабасига етган ориф аёллар зикри» номли фаслида мозийдан то ўз давригача яшаб ўтган ёки ўзига замондош бўлган ислом оламида машҳур 35 нафар шайх, орифа хотин-қизларнинг руҳияти, шариати, тариқати, ижодлари хусусида лавҳалар битганини бир эслайлик.

Янада аҳамиятлиси, Навоий бобомизнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида таърифланган 10 нафар олима қиз, жумладан, мантиқ илмида тенгсиз Дилосо, астроном Гуландом, файласуф Суманбўй, ҳикмат фани билимдони Паризод образлари реал ҳаётдан олинган. Уларнинг прототипи ҳазратга замондош бўлган закий момоларимиздир.

Шундай экан, бугун замондошларимиз бўлган оқила ва зукко хотин-қизларни қадрлаш ҳамда улуғлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.    

Акмал САИДОВ,

академик.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь