Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

24 April, 2024, 04:41

Сиёсат

ҚОНУН КУЧГА КИРИШ АРАФАСИДА: НИМАЛАРНИ БИЛИШИМИЗ ЗАРУР?

  • 17.Июня.2020
  • 1055

Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олиш ва тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач, кучга кириши белгилаб қўйилди. Мухбиримиз Наманган шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи Жаҳонгир ТУРҒУНБОЕВ билан шу ҳақда суҳбатлашди.

– «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси «Ўзбекистон Республикасида фуқаролик» дея номланган. «Фуқаролик» тушунчасини англаш учун нималарни билишимиз зарур?

– Ўзбекистонда ягона фуқаролик ўрнатилади. Қорақалпоғистон Респуб-ликасининг фуқароси айни бир вақтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, у қандай асосларда олинганлигидан қатъи назар, ҳамма учун тенгдир. Ўзбекистон фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир. Мамлакатимизда ҳар бир инсон фуқаро бўлиш ҳуқуқига эгадир. Ҳеч ким Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиниши, бундан ушбу қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси ўз органлари ва мансабдор шахслари орқали Ўзбекистон фуқаролари олдида масъулдир, Ўзбекистон фуқароси эса давлат олдида масъулдир.
Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни мамлакат ҳамда унинг ҳудудидан ташқарида амалга оширади.

– Фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тан олиш қандай тартибда бўлади? 

– 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.
Ота-онаси (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари деб тан олинган бола ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асосларга кўра, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаросининг хорижда яшаши Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг тугатилишига сабаб бўлмайди.
Хорижда Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистон ҳимояси ва ҳомийлиги остида бўлади. Ўзбекистон фуқаросини чет давлатга топширишга йўл қўйилмайди. Агар Ўзбекистон халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса...
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жозики, Ўзбекистон фуқароларининг чет давлат фуқаролигига мансублиги Ўзбекистон Республикасида тан олинмайди.

– Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш қай тартибда амалга оширилади? 

– Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошга нисбатан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар у:
а) Ўзбекистон ҳудудида яшайдиган ва Ўзбекистон фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган лоақал битта ўзидан олдинги қариндошга эга бўлса;
б) тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;
в) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;
г) давлат тилини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.
Ушбу модда биринчи қисмининг «а» бандида назарда тутилган шарт илм-фан ва илмий фаолият, техника, маданият ҳамда спорт соҳасида катта ютуқларга эга бўлган, шунингдек, Ўзбекистон учун манфаатли касбга ёхуд малакага эга бўлган ватандошга ва (ёки) унинг оила аъзоларига нисбатан ҳисобга олинмаслиги мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссияси материалларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон фуқаролигини ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган шахсларга бериш мақсадга мувофиқлилиги тўғрисида Президентга таклифлар киритади.
Қабул қилинган қарор асосида шахсга Ўзбекистон фуқаролигини бериш тўғрисида кафолат хати берилади, агар ушбу шахс фуқароси бўлган давлат фуқаролигидан чиқадиган бўлса.
Кафолат хатининг амал қилиш муддати бир йил. Фуқаролик масалалари комиссиясининг қарорига биноан кафолат хатининг амал қилиш муддати яна бир йилга узайтирилиши мумкин.
Кафолат хати ички ишлар органи ёки консуллик муассасаси томонидан ариза берувчига ёки унинг қонуний вакилига топширилади ёхуд почта орқали юборилади. 
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ ариза берувчи чет давлат фуқаролигидан чиққанлиги ҳақида ҳужжат тақдим этганидан кейин амалга оширилади.

– Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш асослари нималардан иборат? 

– Ўзбекистон фуқаролиги қуйидаги ҳолларда йўқотилади:
шахс чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кирганлиги оқибатида;
агар хорижда доимий яшовчи шахс етти йил мобайнида узрли сабабларсиз доимий консуллик ҳисобига турмаган бўлса;
агар Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида амалга оширилган бўлса;
агар шахс чет давлатнинг фойдасини кўзлаб фаолият кўрсатган ҳолда ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш йўли билан жамият ҳамда давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса;
агар шахс ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса;
агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини туғилганлик бўйича ёхуд чет давлат фуқароси бўлган отасининг ёки онасининг фуқаролиги асосида, вояга етмаган ёшида олган бўлса ва йигирма бир ёшга тўлгунига қадар чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирмаган бўлса.
Шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганлиги унинг эрининг (хотинининг) ва фарзандининг (болаларининг) фуқаролиги ўзгаришига сабаб бўлмайди.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА ёзиб олди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь