Қисқа сатрларда

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Хорижда ишловчиларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш учун компенсация берилади

19 April, 2024, 09:08

Сиёсат

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ТОШКЕНТ МЕТАЛЛУРГИЯ ЗАВОДИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИДАГИ НУТҚИ

  • 05.Декабря.2020
  • 872

Азиз ватандошлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Бугун барчамиз том маънода тарихий ва унутилмас бир воқеанинг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Бугун Ўзбекистонда йирик замонавий саноат корхонаси – Тошкент металлургия заводи ишга туширилмоқда.

Мамлакатимизнинг иқтисодий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган мана шундай улкан ишлаб чиқариш мажмуаси бунёд этилгани билан барчангизни чин қалбимдан табриклайман.

Бугунги маросимда бизнинг қувончимизга шерик бўлаётган ҳурматли хорижий ҳамкорларимиз – Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Валентинович Мантуров, “Метпром” компанияси директорлар кенгаши раиси Станислав Сергеевич Лазуткин, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Львович Тюрденев, Италия Республикасининг “Даниели” компанияси бош директори Даниели Жакомо Марески жанобларига ва барча меҳмонларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман.

Ҳурматли дўстлар!

Сизларга маълумки, биз бундан уч йил аввал – 2017 йилнинг февраль ойида яхши ниятлар билан ушбу корхонанинг тамал тошини қўйган эдик. Ўтган қисқа даврда барча қийинчиликларга, жумладан, коронавирус пандемиясига қарамасдан, минглаб фидойи инсонларнинг билим ва тажрибаси, маҳорати ва меҳнати эвазига мана шу улкан завод қад ростлади. Бу йирик мажмуани бунёд этиш учун 420 миллион долларлик маблағ сарфланди.

Фурсатдан фойдаланиб, корхонани бунёд этишда фаол иштирок этган моҳир лойиҳачи ва қурувчиларга, қўли гул ишчи ва муҳандисларга, пудратчи ташкилотлар ва барча мутасаддиларга, хорижий ҳамкорларимизга ўз номимдан, халқимиз номидан самимий ташаккур изҳор этаман.

Қадрли юртдошлар!

Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларни тубдан янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Биз инновацион иқтисодиётни шакллантириш, замонавий саноат, қулай сармоявий муҳитни яратиш, хорижий давлатлар ва етакчи компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Бугун ҳар жиҳатдан ноёб бўлган Тошкент металлургия заводининг ишга туширилиши бу борадаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий намоёнидир.

Ҳаммангиз биласиз, Ўзбекистон иқтисодиётининг заиф нуқталаридан бири – бизда қора металлургия саноатининг етарли даражада ривожланмагани билан боғлиқ. Қайси соҳани олманг, кўп йиллардан буён бу масала биз учун жиддий муаммо бўлиб келаётган эди.

Янги завод энг аввало миллий иқтисодиётимизнинг металлургия маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Улар илгари республикамизга асосан четдан олиб келинарди.

Ушбу корхонада йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. Мазкур маҳсулотлар қурилиш материаллари ёки металл конструкциялар бўладими, маиший техника, электротехника ва озиқ-овқат саноати бўладими – юзлаб корхоналаримизнинг эҳтиёжини таъминлаш имконини беради.

Мажмуа ишга туширилиши билан кимё саноати корхоналари ва рангли металл ишлаб чиқарувчилар ўртасида яқин кооперация алоқалари йўлга қўйилади. Келажакда ушбу завод маҳаллий автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари эҳтиёжини ҳам қоплашга хизмат қилади. Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирнинг ўзидаёқ завод маҳсулотларига ўнлаб корхоналардан буюртмалар келиб тушмоқда.

Тошкент металлургия заводи мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотига салмоқли ҳисса қўшади. Мухтасар айтганда, янги завод жадал суръатлар билан ривожланиб, саноатимиз локомотивларидан бирига айланади, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Биринчидан, талаб юқори бўлган металлургия маҳсулотини ишлаб чиқариш занжири шаклланади.

Корхона фаолиятининг биринчи босқичида импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобидан 400 миллион долларга яқин маблағ тежалади.

Маҳаллий корхоналаримиз аввал хориждан олиб келинган хомашё ўрнига эндиликда заводда тайёрланадиган листлардан фойдаланиши ҳисобига маҳаллийлаштириш даражаси сезиларли равишда ошади. Мисол учун, сэндвич панеллар ва том ёпиш тунукалари таннархида республикамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг улуши 50 фоиздан 90 фоизгача етади. Шунингдек, бу кўрсаткич вентиляция ва ҳавони тозалаш тизимлари бўйича 30 фоиздан 50 фоизгача, маиший электротехника ишлаб чиқаришда – 35 фоиздан 50 фоизгача ошади. Яъни, саноат кооперациясининг кенгайиши ва маҳаллий хомашё негизида ҳудудларда юзлаб янги рақобатбардош саноат корхоналарининг барпо этилиши учун шарт-шароитлар яратилади.

Шу асосда турдош тармоқлар билан бирга 5 мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Бу эса қанчадан-қанча ёшларимиз учун янги иш жойлари, даромад ва оилавий фаровонлик манбаи бўлиб хизмат қилишини, ўйлайманки, тушуниш қийин эмас.

Шунингдек, корхона томонидан йилига 90 миллион долларлик маҳсулот четга экспорт қилинади.

Иккинчидан, металлургия соҳасида ишлаб чиқариш кластерини барпо этишга шароит яратилади.

Биринчи босқичда хомашё Россиядан олиб келинади. Тез орада янги корхона Бекобод металлургия заводи билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади. Ҳозирги пайтда Бекободда қиймати 800 миллион доллар бўлган 1 миллион тонна маҳсулот чиқариш қувватига эга қуюв-прокат мажмуасини барпо этиш бошланди ва унинг маҳсулоти ушбу завод учун хомашё бўлиб хизмат қилади. Шунинг ўзи рух ва полимер қопламали листларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 90 фоизга етказиш имконини беради.

Ҳаракатларимизнинг асосий мақсади – яқин йилларда яхлит “нольдан тайёр маҳсулотгача” бўлган металл ишлаб чиқариш кластерини яратишдан иборат. Шунинг учун биз юртимиздаги 2 миллиард тонна қора металл захирасига эга Тебинбулоқ ва бошқа конларда етакчи хорижий компаниялар билан геологик қидирувлар ўтказдик ва бу борада техник иқтисодий лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Учинчидан, техник ва технологик таъминланиши жиҳатидан ушбу завод халқаро миқёсдаги энг йирик мажмуалар қаторига киради.

Бу ерда дунёнинг 27 та мамлакати, жумладан, Италия, Германия, Россия, Австрия, Швейцария, Корея каби давлатларда тайёрланган асбоб-ускуналар ўрнатилган. Хусусан, корхонада ишлаб чиқариш, технологик жараёнларни автоматлаштириш ва назорат қилиш, режалаштириш ва бошқаришнинг тўрт поғонали тизими жорий этилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Тўртинчидан, завод экологик талабларга жавоб берадиган, таъбир жоиз бўлса, “энг яшил” корхоналардан бири экани биз учун муҳим аҳамиятга эга.

Корхона чиқиндиларни қисқартириб, қатъий экологик меъёрларга амал қиладиган, чиқинди газларни ушлаб қоладиган, оқова сувларни тозалайдиган ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган.

Ҳурматли маросим қатнашчилари!

Маълумки, ушбу корхона Тошкент шаҳри таркибида яқинда ташкил этилган Янги ҳаёт туманида иш бошлаяпти.

Янги ҳаёт тумани янги Ўзбекистонни ривожлантиришга комплекс ёндашувнинг намунаси, десак, тўғри бўлади. Мазкур ҳудудда бир вақтнинг ўзида шинам турар жойлар, замонавий саноат қувватлари, янги транспорт инфратузилмаси, жумладан, ерусти метроси ва йўл ўтказгичлар, ижтимоий объектлар қурилиши жадал олиб борилмоқда.

Урбанизация, аҳоли учун қулай бўлган сифатли шаҳар муҳитини яратишга оид бундай замонавий ёндашувни биз бутун Ўзбекистон бўйлаб кенг жорий этмоқдамиз. Хусусан, яқин келажакда Наманган, Андижон, Самарқанд ва бошқа йирик шаҳарларимизда ҳам айни шундай ҳудудлар барпо этишни режалаштирганмиз.

Буларнинг барчаси фуқаролик ва саноат қурилишининг жадал ривожланиши учун қулай шароит яратади, янги завод маҳсулотларига ҳам, турдош тармоқлар маҳсулотларига ҳам барқарор талабни вужудга келтиради.

Азиз дўстлар!

Тошкент металлургия заводининг ишга туширилиши мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантиришга ҳам катта таъсир кўрсатади.

Ушбу мажмуани бунёд этишда Ўзбекистондаги кўплаб қурилиш корхоналарининг мингга яқин муҳандис ва ишчилари иштирок этдилар. Завод қурилиши улар учун янги тажриба майдонига, маҳорат мактабига айланди.

Корхонада муҳандислар, лойиҳачилар, металлурглар ва бошқа мутахассисларнинг янги авлоди шаклланаётгани айниқса муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг аксарияти ривожланган давлатлардаги тармоқ корхоналарида малака ошириб келган йигит-қизлардир.

Мана шундай навқирон ёшларимизнинг энг юқори халқаро стандартлар даражасида ишлашга қодир экани барчамизни қувонтиради. Келажакда уларнинг билим ва салоҳияти юзлаб янги замонавий корхоналар учун мустаҳкам пойдевор бўлади, деб ишонамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Ушбу янги қудратли корхона Ўзбекистон – Россия стратегик шериклиги мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир ёрқин тимсолидир.

Кейинги тўрт йилда Россия Президенти Владимир Владимирович Путин билан самарали мулоқотларимиз, сиёсий иродамиз ва ўзаро қўллаб-қувватлашимиз натижасида икки томонлама муносабатларда улкан ютуқларга эришилганини мамнуният билан қайд этиб ўтмоқчиман.

Биз савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликни, Ўзбекистонда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларни юксак даражага олиб чиқишга муваффақ бўлдик.

Мазкур даврда икки томонлама савдо ҳажми ҳамда Россиядан иқтисодиётимизга киритилган инвестициялар миқдори икки баробар ортиб, мингдан зиёд янги корхоналар ташкил этилди.

Биз ҳозиргина Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Валентинович Мантуров билан ўтказган учрашувимизда мана шундай лойиҳаларни амалга оширишни ҳар томонлама муҳокама қилиб олдик ва келгусидаги ҳамкорлик режаларимизни кўриб чиқдик. Бу ўринда иқтисодиётнинг турли тармоқларида юқори технологик ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича янги лойиҳалар портфели ҳақида сўз бормоқда.

Хусусан, яқин келажакда Тошкент металлургия заводи каби ўнлаб йирик ва инновацион корхоналарни ишга тушириш мақсадида бугун Ўзбекистон ва Россия корхоналари ўртасидаги саноат кооперацияси бўйича янги узоқ муддатли дастур устида иш олиб боряпмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу муҳим лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этган Россиянинг етакчи корхона, компания ва банкларига, бошқа хорижий шерикларимизга миннатдорчилик билдираман.

Ўзбекистон ва Россия шериклигини биз учун устувор бўлган таълим соҳасида ҳам мустаҳкамлашга катта эътибор бермоқдамиз. Чунки, мамлакатимизда ишлаб чиқаришни тубдан янгилаш ва илм-фанга асосланган технологияларни жорий этиш, ҳеч шубҳасиз, янги авлод кадрларини шакллантиришни тақозо этади.

Шу мақсадда кейинги уч йилда Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларининг 8 та янги филиали ташкил этилди. Жумладан, металлургия тармоғи учун юқори малакали кадрлар тайёрлайдиган “Москва пўлат ва қотишмалар институти” Россия миллий технологик тадқиқотлар университети филиали очилди.

Шу ўринда заводни технологик жиҳозлашда Италиянинг етакчи “Даниели” компанияси биз билан ҳамкорлик қилганини мамнуният билан таъкидлайман. Бугун биз Ўзбекистон – Италия муносабатларининг истиқболлари устида ишламоқдамиз. Ушбу лойиҳа мамлакатларимизнинг юқори технологиялар соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигига ёрқин мисол бўлади, деб ишонаман.

Бундай ноёб лойиҳа Ўзбекистон, Россия, Италия, Туркия ва бошқа мамлакатлар компаниялари, лойиҳа институтлари ва банклари ўртасидаги халқаро кооперация ва ўзаро мувофиқлаштирилган фаолият туфайли амалга оширилди. Уни молиялаштиришда “Росэксимбанк”, ЭКСАР суғурта агентлиги, Ўзбекистон томонидан эса Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, “Асакабанк” ва “Ўзсаноатқурилишбанк” иштирок этди.

Бу ишларда бугунги маросимимизда қатнашаётган ҳурматли хорижий ҳамкорларимизнинг шахсий иштирокини алоҳида қайд этмоқчиман.

Азиз дўстлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Бугун ишга туширилаётган Тошкент металлургия заводи, ҳеч шубҳасиз, янги Ўзбекистон тарихининг янги ва ёрқин саҳифаси бўлиб қолади.

Ишончим комилки, ушбу корхонанинг кўп миллатли навқирон меҳнат жамоаси Ўзбекистонимизни ҳар томонлама ривожлантириш, дунё миқёсида рақобатбардош мамлакатга айлантиришга муносиб ҳисса қўшади.

Бугунги қувончли воқеа муносабати билан сизларни яна бир бор самимий муборакбод этиб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, жонажон Ватанимиз равнақи йўлида олиб бораётган бунёдкорлик ишларингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь