Қисқа сатрларда

Анъанавий «Гуллар фестивали» ўтказилиш санаси маълум қилинди

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

29 March, 2024, 10:56

Сиёсат

Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат АБДУРАЗЗОҚОВнинг МУРОЖААТИ

  • 21.Января.2022
  • 612

Ҳурматли юртдошлар! 
Азиз наманганликлар, нуроний отахон-у онахонлар, меҳрибон опа-сингилларимиз, юртимиз эртаси ва эгаси бўлган шижоатли ёшларимиз!

Охирги беш йилда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, камбағалликдан чиқариш бўйича манзилли ва тизимли ишлар амалга оширилди. 
Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан бу борада секторбай, маҳаллабай, хонадонбай ишлашдек халқни рози қилишнинг самарали тизими йўлга қўйилди. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»нинг жорий этилиши эса аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоялашда ҳақиқий дастуриламал бўлмоқда. 
2022 йилни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб номланиши, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига мурожаатида «Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаши, бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутиши» алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Бугун ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиси лавозими жорий этилгани ҳам аҳолининг турмуш шароитини ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтарди.
Бир сўз билан айтганда «Маҳаллабай» ишлаш тизими бўйича мутлақо янгича ёндошув яратилиб, малакали ходимлар жалб этилди.
Вилоятимиздаги 780 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси лавозимига маҳаллий ҳокимият, иқтисодиёт, инвестиция, солиқ, молия ва банк идораларининг малакали ходимлари тайинланди. Уларга амалий кўмак беришга эса вазирликлардан 23 нафар раҳбар-ходимлар вилоятимизга хизмат сафарига юборилди.
Энди ҳоким ёрдамчилари «ўз мижозлари»ни аниқлайди, яъни тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш жойларини яратишга масъул бўлиб, ер майдони, кредит ажратилиши, инфратузилмани ривожлантириш, касбга ўқитиш ва бошқа зарурий кўмак бериш тизимини йўлга қўяди ва албатта ҳар бир маҳалланинг ўз бюджети бўлади.
Жорий йилнинг ўзида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолига 865 млрд. сўмлик кредит, 204 млрд. сўмлик субсидия маблағлари тақдим этилиши режалаштирилди.
Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун 300 млрд. сўм, етакчи тадбиркорлар учун 110 млрд. сўм, фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан 4,0 млрд. сўм, маҳалла инфратузилмасини яхшилашга 20,8 млрд. сўм, 3 та дафтар жамғармаларига 69,0 млрд. сўм  (Саховат ва кўмак 21,2 млрд. сўм, «Аёллар дафтари» 23,9 млрд. сўм, «Ёшлар дафтари» 23,9 млрд. сўм) тақсимот қилинди.
Жорий йилда вилоятнинг барча маҳаллаларида паррандачилик инкубаторлари ташкил этилади. Ҳозирда 408 та маҳаллада инкубаторлар йилига 1 млн.та жўжани аҳолига етказиб бермоқда, бунга қўшимча яна 332 та маҳаллада тадбиркорлар томонидан янги инкубаторлар ташкил этилади.
Биргина мисол, Косонсой туманида 7 та маҳалла ҳоким ёрдамчиларининг тавсиясига кўра паррандачиликка ихтисослаштирилмоқда. Хонадонларга «Golden Egg of Namangan» МЧЖ томонидан 103 кунлик парранда бир йиллик ветеринария хизмати билан имтиёзли кредит асосида етказиб берилади. Аҳоли етиштирган кунлик маҳсулотини эса тадбиркорнинг ўзи сотиб олади. Натижада, 350 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланади. 
Мазкур ишларнинг амалга оширилиши натижасида вилоятимиз аҳолисининг даромади ортиши билан бир қаторда, вилоятимизда камбағал фуқаролар қолмаслигига эришиш кўзда тутилган.
Кўриб турганингиздек, маҳаллаларда бугун инсонларни рози қилиш учун барча иқтисодий асослар таъминлаб берилди. Бироқ, масаланинг иккинчи томони ҳам борки, берилаётган имкониятларни нотўғри талқин қилиниши натижасида боқиманда кайфиятдаги аҳоли қатлами ҳам шаклланиб бормоқда.
Минг афсуски, аҳоли даромадларини ошириш мақсадида берилаётган тикув машиналари, чорва ва парранда, иссиқхона ва бошқа воситалардан самарали фойдаланмаётганлар ҳам бор. Улар берилаётган моддий ёрдамларни доимий ва узлуксиз бўлишига ўрганиб қолмоқдалар. Ахир бежизга «Сендан – ҳаракат, мендан – баракот» дейилмаган.
Ҳар бир ёрдам ва қўллаб-қувватлашни фуқароларимиз ўз йўлини топиши учун «балиқ эмас – қармоққа», бошланғич сармоя ва имконият деб қараш лозим.
Афсуски, шундай юртдошларимиз ҳам борки, вилоят ҳокими ёки туман ҳокими қайси жойда аҳоли билан учрашув ўтказса, ўша жойда ҳозиру-нозир. Доимий равишда моддий ёрдам олиш учун мурожаат билан чиқиш уларнинг «касби»га айланиб қолмоқда. Берилган маблағларни сарфлаб, тикув машиналаридан фойдаланмасдан ёки парранда ва чорва молларини эҳтиёжи учун сотиб юбориб яна қабулга келишмоқда. 
Халқимизда «Қўл билан берганга қуш тўймас» деган нақл бор. Ажратилаётган моддий ёрдамлар манбаи ҳам чексиз эмас. Бундан кейин аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд, етим-есир ва ногирон қатламларига кўмак берилади.


Муҳтарам отахон ва онахонлар! 
Азиз нуронийларимиз!

Сизлар хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини яратишда доимо фаол бўлиб келгансиз.
Вилоятимизнинг ҳар бир туман (шаҳар)да фаол нуронийлардан иборат «Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари», ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида «Кексалар маслаҳат гуруҳлари» аъзолари фаоллик кўрсатиб келмоқда.
Шундай экан, ижтимоий ҳаётимиздаги нуфузингиз ва мавқеингиздан фойдаланиб Сизлар боқимандалик кайфиятидаги юртдошларимизга тушунтирган ҳолда, жойларда аҳоли орасида кенг тушунтириш ишларини олиб боришингизни сўрайман.
Барчамиз Саид Ахмаднинг «Келинлар қўзғолони» асарини биламиз. Ҳозирги даврда ҳам ушбу асардаги каби Фармонбибилар, «Суюнчи» фильмидаги каби Анзират бувиларга муҳтожмиз. 
Ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган, кайвони отахон ва онахонлар бош бўлиб, имомларимиз, отин ойиларимиз билан ҳамкорликда нотинч, боқиманда кайфиятга тушиб қолган оилалар, ишсизлар ўртасида тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш, уларга ўзаро муносабат, бир-бирларини тушуниш ва қўллаб-қувватлаш, зарур ўринда бир-бирига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш зарурлигини ҳаётий мисолларда тушунтирайлик, яқиндан ёрдам қўлини чўзайлик!
Хабарингиз бор, буюк бобокалонимиз Амир Темур ҳар қандай иш бошлашдан аввал олиму-фозиллар, устозларнинг фикри, «машварати»га, яъни маслаҳатига муҳтож бўлган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, аксарият ҳоким ёрдамчиларини маҳаллада аҳоли билан мулоқотга киришишда ҳаёт тажрибаси етишмаётганлиги, турли тоифадаги шахслар, уларнинг муаммоларни эшитиш, ҳақиқий кўмакка муҳтож бўлган оилаларни аниқлаш, уларга бугунги кундаги ислоҳотларни мазмун-моҳиятини етказишда уларга Сизлар каби устозларнинг кўмаги зарурлиги яққол сезилмоқда. Шу боис, ҳар бирингиз ҳоким ёрдамчиларига кўмакчи бўлсангиз!
Ҳоким ёрдамчилари ҳаётий билим ва тажрибани Сиз каби устозлардан олса, аҳоли билан мулоқотга киришиш, уларни муаммоларини бартараф этишда кўприк вазифасини бажарган бўлар эдингиз.
Сиз каби нуронийлар, фахрийлар, фаоллар, азиз отахон ва онахонларимиз янги ташкил этилган ҳоким ёрдамчилари, маҳалла раисларимиз билан биргаликда энг аввало хонадонма-хонадон юриб, ҳар бир оилани, уларда яшовчи фуқароларни, ёшу-қарини, бандлиги, меҳнатга лаёқати, оиладаги фарзандлар тарбияси, маънавий муҳит, даромад манбаини ўрганишда астойдил бўлиш талаб этилади.

Ҳурматли нуронийлар, фахрийлар, фаоллар, азиз отахон ва онахонлар! 

Мен ўз мурожаатимда яна бир асосий масала ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Ўзбек халқи ўзига хос қадриятлари ва анъаналари билан дунё халқларидан ажралиб туради. Халқимизнинг бир-бирига ёрдам қўлини чўзиши, бир-бирини қўллаб-қувватлаши, айниқса, қўни-қўшничилик анъаналари қадриятларимизнинг энг асосий пойдевори десам муболаға бўлмайди.
Кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида яшаш ҳудудингиздаги ўзига тўқ хонадонлар, тадбиркорларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашимиз лозим!
Аждодларимиз бежиз айтишмаган «Ҳовли олма – қўшни ол», «Қўшни танланмайди – қўшни Худонинг бергани» деб.
Мен биламанки, барчангиз ўзингиз яшаётган маҳаллада обрў-эътиборга эгасиз. Шунинг учун сизларни ўзига тўқ хонадонлар, тадбиркорларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ишларида бош-қош бўлишга чорлайман!
Яна шуни ҳам таъкидлашим жоизки, айни вақтда ўзи ночор бўлса-да, юз-хотир қилиб, ҳокимият ва бошқа идораларга ор қилиб бормаётганлар ҳам бор. Ушбу тоифадаги оилаларни аниқлаш, уларга кўмак бериш ёки моддий ёрдамга тавсия этишда фидойи ва холис бўлишингиз муҳимдир.

Вилоятдаги барча идора ва ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маҳалла фаоллари, нуроний отахон ва онахонлар!

Мурожаатим давомида айтганимдек, аввало биз халқимиз маънавиятини юксалтиришимиз, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришимиз, азалий қадрият ва анъаналаримизни халқимиз онгига сингдиришимиз лозим бўлади.
Шундан келиб чиқиб, яна бир мурожаат қилмоқчиманки, ўз коллективида ишлаётган кам таъминланган фуқароларни, ҳар бир жамоа, давлат идораси, тадбиркорлик субъекти бўладими жамоа аъзолари, айниқса раҳбарлари ўз қўл остида ишлаб келаётган кам таъминланган фуқароларини ҳолидан хабар олиш бугунги куннинг энг долзарб масаласи ҳисобланади. Чунки, нафақат маҳалла тизимида, маҳаллабай ишлашда балки ҳар бир жамоада эҳтиёжманд оилаларни яхши оила тоифасига олиб чиқиш вазифаси қўшимча ёрдам бўлади. Ва буни албатта, Наманган тажрибаси сифатида маҳаллада ва коллективларда ҳам камбағалликни қисқартириш ишларини амалга оширсак, бу Президентимиз томонидан белгиланган, умуман мурожаатларидан келиб чиққан вазифаларни тезроқ бартараф этишга кўмаклашади, деган умиддаман. 

Азиз наманганликлар, нуроний отахон-у онахонлар, меҳрибон опа-сингиллар, юртимиз эртаси ва эгаси бўлган шижоатли ёшлар!

Ўйлайманки, бугунги Мурожаатимда ўртага қўйилган устувор вазифалар бўйича кўпни кўрган донишманд нуронийларимиз, қалби тоза ташаббускор ва шижоаткор ёшларимиз – кенг жамоатчиликка ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради. 
Биз барчамиз «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган ягона мақсад атрофида бирлашиб, масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда, фидокорона меҳнат қилиб, ўз орзу мақсадларимизга эришамиз. 
Яна бир бор барчангизга сиҳат-саломатлик, чексиз куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар, оилавий бахт ва саодат тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг!

Энг кўп ўқилганлар

Календарь