Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 02:41

Спорт

«Navruz Cup-2022»: терма жамоамиз кубок соҳиби бўлди

  • 30.Марта.2022
  • 630

25-29 март кунлари Наманган футбол бўйича «Navruz Cup-2022» халқаро мусобақасига мезбонлик қилди. Унда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Уганда терма жамоалари ғолиблик учун кураш олиб борди.
Дастлабки ўйинда Тожикистон (асосий вақтда дуранг – 1:1) термасини пенальтилар сериясида (5:4) мағлуб этган угандаликлар илк финалчига айланишган бўлса, иккинчи ярим финалда Ўзбекистон қирғизистонлик футболчилар устидан иродали тарзда ғалаба қозонди (3:1). Голларни термамиздан Элдор Шомуродов (64) ва Игорь Сергеев (85, 90+1)лар киритишган бўлса, меҳмонлар ҳужумчиси Мирлан Мурзаев ҳам 6-дақиқада ўз номини таблода муҳрлаб қўйишга эришди.
Биз ҳар икки ўйиндан сўнг унинг иштирокчилари билан учрашиб, турнирнинг ташкилланиши ва учрашувларнинг бориши, мухлислар тўғрисидаги фикрини билишга қизиқдик.
Эҳсони Паншанбе («Навбаҳор» ярим ҳимоячиси, Тожикистон термаси футболчиси):
– Уганда термасига қарши кечган учрашувда Наманганга келиб, бизни қўллаб-қувватлаган тожикистонлик мухлисларга миннатдорчилик билдираман, «Навбаҳор» ишқибозларига ҳам бизни олқишлаб туришгани учун раҳмат.
Рустам Ашурматов («Навбаҳор» ҳимоячиси, Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси):
– Мусобақа яхши кайфиятда ўтмоқда ва у айнан Наманганда бўлаётгани нафақат футболчилар, балки мухлисларга ҳам кўтаринки кайфият бахшида этмоқда. Ахир Наманганда футболни севишади, футболчиларни ҳурмат қилишади. Қирғиз Республикасига қарши кечган илк ўйинда эса мухлислар «Навбаҳор», дея олқишлашди. Буни ҳам тўғри қабул қилиш керак. Ахир ўша баҳсда ўйинни стадионда туриб кузатганларнинг аксарияти «Навбаҳор» мухлислари эди, аммо улар ич-ичларидан термамизни яхши кўришади. Муҳими, бутун учрашув давомида бизни чиройли тарзда олқишлаб туришди. Финалда ҳам мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз...

«Navruz Cup-2022» халқаро мусобақаси ғолиблиги 29 март санасида аниқланди ва унга қадар меҳмонлар ва Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бўш вақтларини ҳал қилувчи учрашувга ҳозирлик кўриш ҳамда вилоятимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилиш билан ўтказишди.
Шуниси аҳамиятлики, миллий жамоамиз аъзолари болажонларга либослар ва футбол тўплари тақдим этишган бўлса, вилоят ҳокимлиги томонидан миллий терма жамоаларнинг медиа вакиллари учун ижтимоий соҳа объектлари, кичик саноат зоналари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда тарихий қадамжолари бўйлаб пресс-тур ташкил қилинди. Улар Давлатобод туманидаги «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳ мажмуасини, «Афсоналар водийси» тематик паркида жойлашган «Юсуфжон ўғли Қосимжон» жомеъ масжидини зиёрат қилдилар. «Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани» ахборот-кутубхонасида бўлиб, у ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди. «Давлатобод туманини спорт шаҳарчасига айлантириш» мавзуси тақдимоти билан таништирилиб, спорт ва соғломлаштириш бўйича бошланган амалий ишлар бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Шунингдек, «Art soft holding» компаниясининг фаолияти ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва тури, корхонанинг тарихи ва бугуни, келгусидаги  режалари мисолида вилоятимизда қишлоқ хўжалиги кластерлари ҳақида ёритиб берилди.

Кеча эса халқаро мусобақанинг ҳал қилувчи учрашувлари бўлиб ўтди. Тожикистон ва Қирғиз Республикаси терма жамоалари ўртасида ўтган баҳсда тожикистонлик футболчилар 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, бронза медали соҳибига айланишган бўлса, Ўзбекистон-Уганда термалари ўртасидаги ўйинда 4:2 ҳисоби қайд этилди.
Футболчиларимизни ютуқ билан яна бир карра муборакбод этган ҳолда, келгуси учрашувларда ҳам фақат муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Улуғбек УМАРОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь