Қисқа сатрларда

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

20 April, 2024, 12:10

Спорт

Андрей КАНЧЕЛЬСКИС: «НАМАНГАНДА ФУТБОЛНИ СЕВИШАДИ, ШУНГА ҚАЙТДИМ»

  • 12.Октября.2019
  • 1084

– Сиз Киевнинг «Динамо», Донецкнинг «Шахтёр» клубларида муваффақиятли тўп сургансиз. Машҳурликка эса асосан Англияда эришдингиз. Сизни у ерга ким таклиф этганди?

– Яхши мураббий шогирдининг ўйин услубини, ўйиндаги машаққатга бардош беришини доимо кузатиб юради, кейингина қарор қабул қилади. Жамоанинг ўша пайтдаги мураббийи Алекс Фергюсон мени жамоага қабул қилган. Киевнинг «Динамо» ва собиқ СССР терма жамоасида ўйнаганимда инглиз мураббийлари кўзига тушган бўлсам керак-да. Валерий Лобановский жамоасида ўнг қанот ярим ҳимоячиси бўлиб етишдим, инглиз жамоасида эса ярим ҳимоячи жойи бўш бўлган.

– Кутилмаганда «Навбахор»ни тарк этдингиз ва яна қайтдингиз...

– Ҳаётимда уч марта шундай бўлган: «Динамо»дан «Шахтёр»га, «Манчестер Юнайтед»дан «Эвертон»га кетиб қолганман. Шукурки, бош мураббийлар Валерий Лобановский ҳам, Алекс Фергюсон ҳам бу ҳолатни тўғри тушунишди. Фергюсон ҳатто жамоадошларим иштирокида ўзининг ноҳақ эканлигини тан олиб, узр сўраган. «Навбаҳор» бош мураббийлигидан озод этишганида ҳам аввал ҳафа бўлдим. Балки қаердадир хато қилгандирман, деб ўйлаб ўзимга таскин берган ҳам бўлдим. Орадан маълум фурсат ўтгач эса Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулло Бозоров вазиятни тўғри баҳолаб «Навбаҳор»га қайтишни таклиф этди, ҳатто вақт топиб мен билан Тошкентда кўришди ҳам. Очиқ-ойдин гаплашиб олдик. Биргаликда «Навбаҳор»ни, қолаверса, Наманган футболини янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдик.

Наманганда футболни чинакамига севишади, шунга қайтдим. Клуб билан икки ўртада шартнома имзоланди ва у 3 йилга мўлжалланган. Шу муддатдан ҳам билса бўладики, мақсад натижага эришиш.

Юқорида тилга олган уч инсонни эса мен буюк дейишга лозим топдим, чунки улар юқори мартаба эгалари бўлишларига қарамай, ҳар уч ҳолатга адолатли ёндошишга интилишган, деб ўйлайман.

– «Навбаҳор»нинг қатор мағлубиятлари сабаби нимада?

– Клубда суперлига талабига жавоб берадиган заҳира ўйинчилар йўқ. «Пахтакор» билан ўйин давомида 5 футболчимиз жароҳатланди. Кейинги учрашувда уларнинг ўрнига кимни майдонга тушириш эса жумбоқ. Ўринбосарлар гуруҳи ўйинларини кўриб афсусландим. Гуруҳга 32 ўйинчи қабул қилинган, аммо маҳорати хом. Нега қабул қилганликларини сўрасам таниш-билиш, қўнғироқлар, топшириқлар бўлганлигини айтишди.

– Ҳужумда фақат Александр Касьянни кўрамиз, уни эса доим рақиб жамоанинг ҳимоячилари ўраб олишмоқда. Натижа эса маълум, Александр ўз имкониятларини тўлиқ ишга сололмаяпти. Иван Соловьёв ва Александр Касьян жуфтлиги ташкил қилинса-чи?

– Соловьёвнинг ўрнига кимни қўямиз, деган савол пайдо бўлади. Вақт керак, тайёргарлик зарур. Касьянга келсак, ҳозир унда қандайдир руҳий тушкунлик бор ва у ҳатто ўйинига салбий таъсир этмоқда. Ўйлайманки, бу тез кунларда ўтиб кетади ва у ўзига келади.

– Маҳоратли ўйинчилар етишмаяпди, дедингиз. Ахир, Одил Аҳмедов, Одил Ҳамробеков ва бошқалар катта майдонга чиқдилар-ку...

– Ҳақиқатан, рақиб жамоаларда наманганлик йигитлар оз эмас. Демак, клуб ўз вақтида уларга аҳамият бермаган, оқибатда катта иқтидор эгаларини бошқа жамоалар илиб кетишган ёки бошқа жамоага жойлашишни ўзлари маъқул кўришган. Суҳбатларда футболга қизиқувчи ёшлар кўп дейишади, лекин клубда улар йўқ.

– Балки, «Мактаб-клуб» тизими яратилса мақсадга мувофиқ бўлар?

– Шубҳасиз. Болалар ва ўсмирлар футбол мактабларида болалар ва ўсмирлар мураббийи алоҳида бўлиши керак, улар билан клуб доимий алоқа ўрнатиши шарт.

– Суперлигага лойиқ футболчини етиштириш клубда қандай йўлга қўйилади. Қандай қилиб бу масалани ҳал этиш мумкин?

– «Насаф» клубини мисол келтираман. Улар академия ташкил этишган, яъни тизим яратилган. Болалар шу даргоҳда тажриба топиб, аста асосий жамоага ўтказилади. Биз Хайрулло Ҳайтибоевич билан кадрлар масаласини ҳал этиш учун бир фикрга келдик. Натижа бўлиши учун футбол ассоциацияси барча масалаларни ҳал этишини маълум қилди, биз эса, натижа кўрсатишимиз даркор. Мақсад биринчи ўрин, жуда бўлмаса иккинчи ўринни олиш. Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун кураш олиб борамиз.

Ҳозирдан, бир йўла 2020 йил мавсумига тайёргарлик кўриш учун киришдик. Клубнинг янги раҳбарияти ҳам жамоага, ҳам ишқибозларга шароитлар яратмоқда. Жамоада янги – мураббий-селекционер лавозими жорий этилди, унга таниқли мутахассис, ёшлар мураббийи Отабек Ғуломхўжаев таклиф этилган. У шунингдек, Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоаси бош мураббийи ҳамдир.

– Излаш географияси ўз ичига биргина вилоятни оладими ёки бутун Ўзбекистонни, ҳатто яқин хорижни ҳам оладими?

– Наманган вилояти, бутун Ўзбекистон бўйлаб қобилиятли ёш футболчиларни излаймиз. Шу билан бирга, ўринбосарлар гуруҳини янгитдан тузамиз. Асосий таркибдан ўзини оқламаган ўйинчиларни озод этамиз. Легионерларга келсак, жамоага берилган ўринлор сони ҳозирча тўлган, бўшаб қолса, тўлдирамиз.

– Кўп жамоаларда бир қизиқ ҳолат тез-тез учраб туради, «Навбаҳор» – «Пахтакор» баҳсида ҳам шундай бўлди – яъни, «Навбаҳор» гол ўтказиб юборганидан сўнг шиддат билан ҳар бир тўп учун кураша бошлади, ўйинчилар жонланишди. Бу ҳолатга қандай қарайсиз?

– Бу руҳият билан боғлиқ ҳолат. Ҳатто чет эл жамоаларида ҳам бу кузатилади. Эсланг, мағлуб жамоа охирги дақиқаларда ҳужумга отланади. Афсус, бундай вазиятлар бизда ҳам бўлиб туради. Демак, йигитларни ҳар бир ўйинга руҳий тайёрлашимиз зарур.

– Наманган нимаси билан сизга жозибали?

– Кўп мамлакатларда, шаҳарларда бўлганман, одамлар билан учрашганман. Аммо Наманган аҳли доимо яхшилик тилаши, самимийлиги билан улардан ажралиб туради. Наманганда футболни севишади, бундай инсонлардан ёмонлик чиқмайди. Футболчиларга, бу спорт турига даҳлдор кишиларга алоҳида эҳтиром билдиришади. Наманганликлар жуда ҳам меҳмондўст.

– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат, «Навбаҳор»га зафарлар ёр бўлсин.

Суҳбатдош Ойбек Ортиқов.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь