Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 04:40

Спорт

«Навбаҳор» 17 йиллик танаффусдан сўнг ярим финалда!

  • 03.Сентября.2022
  • 974

Футбол бўйича мамлакат суперлигаси пешқадами – «Навбаҳор» ва амалдаги чемпион – «Пахтакор» жамоалари бир ҳафта ичида икки бор ўзаро тўқнашди. Шу йилнинг 28 август куни кечган 17-тур марказий учрашувида кучлар тенг келган (1:1) бўлса, 2 сентябрда бўлиб ўтган мамлакат кубоги чорак финалида дуранг натижа кузатилмаслиги, албатта, қайсидир жамоа ғалаба қозониши шарт эди.

Наманган шаҳридаги «Марказий» стадион бу сафар ҳам 20 мингдан зиёд мухлислар билан тўлиб-тошди. Муросасиз курашлар остида бошланган ўйиннинг дастлабки дақиқаларидаёқ ҳисоб очилди. «Пахтакор»чи Достонбек Ҳамдамов бурчак зарбасини амалга оширган ҳужумини ёрдамга етиб келган Шаҳзод Азмиддинов тўпни боши билан мезбонлар дарвозасига киритди.

Ўтказиб юборилган голдан ке-йин шиддатни оширган «Лочинлар» ҳужумга зўр беришди. Бунинг натижасида ҳеч қанча фурсат ўтмасидан пенальти тепиладиган вазият вужудга келтирилди. Рақиб жарима майдончаси ичига етказиб берилган тўпни «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Одилбек Ҳамробеков боши билан қайтараётган кезда копток унинг қўлига ҳам тегди. Белгиланган 11 метрли жарима зарбасини эса маҳоратли чарм тўп устаси Жамшид Искандеров аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди.

Иккинчи бўлимни кўтаринкилик билан бошлаган майдон эгалари 51-дақиқада «Пахтакор» дарвозасига яна пенальти тепиш иконига эга бўлди. «Навбаҳор» аъзоси Асадбек Собиржонов «Шерлар» дарвозабони Санжар Қувватов билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетаётган пайтда, пойтахтликлар ҳимоячиси Икром Алижонов ўз жарима майдончаси ичида рақибига қўполлик ишлатади. «Пахтакор» дарвозаси томон иккинчи марта кўрсатилган «нуқта» олдида яна пайдо бўлган «штатли пеналист» Жамшид Искандеров пенальтини маромига етказиб бажарди.

Ўйинда олдинга ўтиб олган мезбонлар номдор рақибга муносиб қаршилик кўрсатиб, ҳужумлар «ёмғири»ни юзага келтиришди. Ана шундай голга тортадиган хавфли вазиятларда «Навбаҳор» вакиллари – Игорь Голбан, Азим Аҳмедов ва Дониёр Абдуманноповларга аниқлик ҳамда бироз омад етишмади.

«Навбаҳор» – «Пахтакор» жамоалари ўртасидаги ҳар икки баҳсни кузатиш асносида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мухлислар ўзбек футболида орзиқиб кутган чинакам ўйинга гувоҳ бўлишди. Бизнинг футбол ҳам секин-аста ўсиб бормоқда. Аввалги ўйинда, Максим Шацких бошчилигидаги «Шерлар» ҳаминқадар устунликка эришган бўлсалар, кубок баҳсида Самвел Бабаян қўл остидаги «Навбаҳор»чилар ғалабага ҳақли ўйнади. Наманганликлар чинакамига характер ва ирода кўрсатди. Аввалига гол ўтказиб юборишсада, вазиятни ўз фойдаларига ўзгартира олишди. Футбол тили билан айтганда, «камбек» ҳосил қилишди, тасанно!

Бир сўз билан айтганда, «Йил ўйини», «Финал олди финал»га қиёсланган ушбу муросасиз беллашувда «Пахтакор»дек донгдор ва кучли жамоани 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган «Навбаҳор» футболчилари 17 йиллик танаффусдан сўнг, Ўзбекистон кубогининг ярим финалига йўлланма олишди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь