Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 02:33

Ҳужжатлар

2020/2021 ЎҚУВ ЙИЛИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИНГ ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ ПАРАМЕТРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

  • 16.Июня.2020
  • 917

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и

Ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини янада кенгайтириш, олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, карантин шароитида олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва кириш имтиҳонларини лозим даражада ўтказиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:

1. Белгилансинки:

а) 2020/2021 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда:

абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 20 июнидан 20 июлига қадар (20 июль куни ҳам) бўлган муддатда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан белгиланган ҳудудларда – Давлат хизматлари марказлари орқали, барча ҳудудларда – Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг (кейинги ўринларда – Давлат тест маркази) расмий веб-сайти орқали амалга оширилади;

кириш тест синовлари абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан ўтказилади;

абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади;

б) 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади;

давлат олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ўқишга кириш, шунингдек, бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш учун ҳужжатларни топшириш жараёни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари (кейинги ўринларда – Давлат буюртмаси параметрлари) ишлаб чиқилганлиги;

мазмун жиҳатдан яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бирлаштирилганлиги ва профиль ихтисослашув соҳалар кенгайтирилганлиги;

магистратура мутахассисликлари йириклаштирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Давлат буюртмаси параметрлари:

а) бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

кундузги таълим шаклига – 103 575 нафар этиб 1-иловага;

сиртқи таълим шаклига – 31 350 нафар этиб 2-иловага;

кечки таълим шаклига – 5 025 нафар этиб 3-иловага;

б) магистрлар тайёрлаш бўйича – 10 425 нафар этиб 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. 2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда – Давлат комиссияси) таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Давлат комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

зарурат бўлганда, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини киритиш ҳамда ташкил этиладиган янги олий таълим муассасалари қабул параметрларини белгилаш учун Давлат буюртмаси параметрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг, шу жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган туманларининг мутахассисларга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул параметрларини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифлари асосида олий таълим муассасаларининг нуфузи ва ҳудудий жойлашувини ҳисобга олган ҳолда базавий тўлов-контракт қийматидан келиб чиқиб табақалаштирилган тўлов-контракт минимал миқдорининг ягона кўрсаткичларини таълим соҳалари ва республика ҳудудлари бўйича белгилаш (ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасалари бундан мустасно);

профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини тасдиқлаш.

5. Фарғона вилоятининг Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, истиқболда мазкур ҳудуднинг иқтисодиёт тармоқларини замонавий фикрлайдиган малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида ушбу туман учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча давлат гранти асосидаги 500 та ўрин миқдоридаги мақсадли қабул параметрлари ажратилсин.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда мазкур қабул параметрларини эҳтиёжга мувофиқ олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш бўйича асосланган таклифларни бир ҳафта муддатда Давлат комиссиясига киритсин.

6. Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасаларига ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасалари ректорлари бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича белгиланган тўлов-контракт миқдори ҳақидаги маълумотларни бир ҳафта муддатда оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида эълон қилсин.

7. Белгилаб қўйилсинки, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжлари тўлиқ автоматлаштирилган тарзда “quota.mineconomy.uz” ахборот тизими (кейинги ўринларда – Ахборот тизими) орқали шакллантирилади.

8. Буюртмачиларининг кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш жараёнини рақамлаштириш мақсадида 2020 йил 1 октябрга қадар:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли кадрларга бўлган жорий эҳтиёжини кузатиб бориш имкониятини яратиш учун “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини Ахборот тизими билан интеграциясини;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги республиканинг барча мактабларида битирувчи синфлардаги ўқувчилар сони ҳамда педагогик таркиби тўғрисида доимий янгиланиб борувчи маълумотлар базасини Ахборот тизими билан интеграциясини;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда кадрлар буюртмачилари эҳтиёжлари тўғрисидаги маълумотларни “Электрон рақамли имзо” тизимини қўллаган ҳолда Ахборот тизимига киритилишини ҳамда Ахборот тизимини мунтазам равишда такомиллаштириб борилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ва Халқ таълими вазирлиги бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 сентябрга қадар умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш ва ягона имтиҳонни йўлга қўйиш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

10. Давлат комиссияси 2020 йил 20 июнга қадар:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмаларига биноан соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ветеринария соҳаларида олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун Давлат буюртмаси параметрларининг давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрларининг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимотини;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда Давлат тест марказининг таклифлари асосида олий таълим муассасаларига Давлат буюртмаси параметрларининг таълим тилларига қараб тақсимотини тасдиқласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

а) бир ой муддатда:

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2020/2021 ўқув йилида янги киритилаётган бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликларини ҳисобга олган ҳолда Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;

тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда янги киритилаётган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг малакавий талаблари, ўқув режалари ҳамда фан дастурларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

б) 2020 йил 31 декабрга қадар бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари хусусиятидан келиб чиққан ҳолда битирувчиларга асосий ҳамда қўшимча квалификация бериш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

в) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар қуйидагилар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин:

олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларида фақат давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларини белгилаш;

тўлов-контракт асосидаги қабул кўрсаткичларини олий таълим муассасалари томонидан мустақил белгилаш. Бунда, тўлов-контракт асосидаги қабул кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган миқдордан кам бўлмаслиги лозим;

иқтидорли талабаларни нодавлат олий таълим ташкилотларида ҳам давлат гранти асосида ўқитиш;

алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим соҳаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун касбий (ижодий) имтиҳонлар билан биргаликда мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича тест синовлари топшириш тартибини жорий қилиш.

12. Спорт соҳасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш жараёнини оптималлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил бўлган таълим дастурлари доирасида кадрлар тайёрлашни амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

13. Белгилаб қўйилсинки:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб “130 000–Математика” таълим соҳаси бўйича магистратура мутахассисликлари учун Давлат буюртмаси параметрлари тўлиқ давлат гранти асосида шакллантирилади;

2020/2021 ўқув йилида давлат гранти асосида бакалавриат ва магистратурага ўқишга қабул қилинган шахсларни ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 6-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
 

Ўзбекистон Республикаси  Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2020 йил 12 июнь

Энг кўп ўқилганлар

Календарь