Қисқа сатрларда

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

20 April, 2024, 12:39

Жамият

«ҚАБИҲ НИЯТЛИ КИМСАЛАРНИНГ ТАЪСИРИГА ТУШИБ ҚАТТИҚ АДАШДИМ» – ДЕЙДИ ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИ БИЛАН АФВ ЭТИЛГАН ҲАМЮРТЛАРИМИЗДАН БИРИ

  • 15.Декабря.2021
  • 508

Бағрикенглик, инсонпарварлик ва эҳтиром. Халқимизга хос азалий фазилатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан қабул қилинган афв этиш ҳақидаги Фармонда ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Мазкур ҳужжатга асосан, жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 182 нафар афв этилган шахс қаторида вилоятимиздан 4 киши байрам арафасида ўз оиласи, яқинлари бағрига қайтди.
Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бошчилигида сектор раҳбарлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддилари улар билан учрашиб, уй-жой, иш билан таъминлаш, саломатлик каби муаммолари, келгусидаги мақсад-режалари бирма-бир эшитилди. Айтилган масалаларда зарур амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Чортоқ туманидаги Алишер Навоий маҳалласидан Шуҳрат Абдураҳмонов талабалик кезларида ёт ғояларнинг таъсирига берилиб, тўғри йўлдан адашди. Бунинг оқибатида эса ёшликнинг беғубор дамларини панжара ортида ўтказди. 42 ёшга тўлган собиқ маҳкум ўтган давр мобайнида қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлди. Афв этилиб, Конституция байрамини оиласи аъзолари даврасида қарши олди.
– Тошкент электротехника алоқа институтининг менежмент йўналишида таҳсил олаётгандим. Ота-онамнинг мендан умидлари катта эди. Қабиҳ ниятли кимсаларнинг таъсирига тушиб, қаттиқ адашдим, – дейди Шуҳрат Абдураҳмонов. – Умримнинг айни кучга тўлган 21 йилини яқинларимдан, мусаффо осмондан айро ўтказдим. Президентимиздан беҳад миннатдорман. Тикувчиликка лаёқатим борлиги учун менга туманимизда жойлашган «ЎзТекс» ишлаб чиқариш корхонасида ишлаш учун йўлланма беришди. Ойлик иш ҳақи, шароитлари яхши экан. Энди буёғига ҳалол меҳнат қилиб, ота-онамнинг дуоларини олиш учун астойдил интиламан.

Учрашув давомида тегишли мутасаддиларга афв этилганларни ижтимоий мослаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва бандлигини таъминлаш сингари ҳаётий масалаларда амалий ёрдам бериш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди. Вилоят ҳокимлиги томонидан афв этилганларга рўзғорда асқатадиган электр печлари туҳфа қилинди.
Афв қилинган ҳамюртларимизни фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак беришга қаратилган чора-тадбирлар тизимли  равишда давом эттирилади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ. 

Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ (суратлар).

Энг кўп ўқилганлар

Календарь