Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 08:17

Жамият

«Авария»лар нега кўпайиб кетаяпти?

  • 05.Февраля.2022
  • 876

Вилоят ИИБ ЙҲҲБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Мирқодир МУҲАММЕДОВ билан мухбиримизнинг суҳбати ўтган йили амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида бўлди.

2021 йилда вилоятимиз ҳудудида жами 1082 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 198 нафар фуқаро ҳалок бўлди, 888 нафари жароҳатланди. Энг ачинарлиси, мазкур ЙТҲлар оқибатида 19 нафар боланинг вафот этгани, 111 нафарининг турли даражадаги тан жароҳати олганидир.  

– Сиз билан суҳбатлашишдан аввал, ўтган йили вилоят ҳудудида қайд этилган йўл-транспорт ҳодисалари билан танишиб чиқдик ва аҳвол анчайин жиддийлигига амин бўлдик. Айтинг-чи, авариялар нега камаймаяпти? 

– Дунёда ҳамма нарсанинг ўз қонун-қоидаси бор, жумладан, йўлларда ҳаракатланишнинг ҳам. Афсуски, айрим кишиларнинг – у хоҳ ҳайдовчи бўлсин, хоҳ пиёда, барча учун мажбурий бўлган қоидаларга амал қилмаслиги, бепарволиги ва лоқайдлиги оқибатида ҳамон йўлларда фожиалар юз бермоқда, аслида бунга бефарқ бўлишнинг ўзи гуноҳ.
Ходимларимиз маҳаллий ҳокимликлар, МФЙ мутасаддилари ва соҳага даҳлдор бошқа ташкилот вакиллари билан ҳамкорликда ҳар бир йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқарган сабабларни чуқур ўрганишяпти, таҳлил этишмоқда. Хусусан, жорий йил бошида ҳам ўтган йилги натижалар чуқур муҳокама қилинганида қуйидагилар аниқланди: 2021 йилда юз берган жами аварияларнинг 559 таси (51,6 фоизи) пиёдалар иштирокида юз берган. Турлари бўйича таҳлил қилинганда эса қуйидагилар аниқланди: 1082 та ЙТҲнинг 543 таси пиёдани (50,1 фоиз), 116 таси эса велосипедчини уриб юбориш (10,8) оқибатида, шунингдек, тўқнашув, ағдарилиш, тўсиққа ва тўхтаб турган транспорт воситасига бориб урилиш каби ҳолатлар натижасида содир этилган. 
Асосий сабаб эса тезликни белгиланганидан ошириш, оралиқ масофани сақламаслик бўлиб қоляпти. Шунингдек, чарчоқлик ва рулда ухлаб қолиш, қоидага хилоф равишда чорраҳадан ўтиш, йўл белгиларига амал қилмаслик, йўналишни ўзгартириш кабилар ҳам фожиага олиб келяпти. 
Умумий ЙТҲларнинг 40,8 фоизи давлат аҳамиятидаги автойўлларда қайд этилиб, йўлларнинг кенглиги талабга жавоб бермаслиги, қарама-қарши йўналишни ажратувчи ҳимоя тўсиқлари йўқлиги ва ёритилмагани, пиёда ва велосипедчилар учун йўлаклар мавжуд эмаслиги кабилар бунга сабаб бўлмоқда. Гапим қуруқ бўлмаслиги учун рақамларга мурожаат этсам: 2021 йилдаги ЙТҲларнинг  34,1 фоизи (380 таси) айнан тунги вақтларда содир этилган бўлиб, шундан 7,3 фоизи (79 таси) мавжуд ўрнатилган чироқларнинг ёқилмагани ва 8,1 фоизи (87 таси) йўллар ёритилмагани оқибатидир. 
Масалан, 2021 йилнинг 14 сентябрь куни соат 19.30ларда Тўрақўрғон тумани ҳудудидан ўтган 4Р112 Фарғона ҳалқа йўлининг 60-км.да янгиқўрғонлик Ж. Исоқжонов «Жигули» автомашинасида йўлни кесиб ўтаётган пиёдалар – Тўрақўрғон тумани, Туркистон маҳалласида яшаган И. Алиев ва унинг набираси Р. Иброҳимовани уриб юборган. Натижада, улар олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган. Ушбу автомобиль йўлининг Тўрақўрғон тумани Шоҳидон, Кумидон маҳаллалари ва Наманган шаҳар ҳудудидан ўтган қисмларида ёритиш чироқлари ўрнатилган, аммо улардан тунги вақтларда фойдаланилмаслиги юқоридаги фожиани келтириб чиқарган. 
Мен юқорида ўтган йили юз берган ЙТҲларнинг 6 фоизи (65 таси) транспорт воситаларининг қарама-қарши йўналишга чиқиши оқибати экани, шундан 3,7 фоизи (41 таси) қарама-қарши йўналишни ажратувчи ҳимоя тўсиқлари ўрнатилмагани оқибатилигини айтиб ўтдим. Бу ҳам бир қатор аварияларни келтириб чиқармоқда. Масалан, 2021 йил 3 август куни соат 09.35ларда  Наманган тумани, Эшобод маҳалласи ҳудудидан ўтган 4Р112 Фарғона ҳалқа йўлининг 90-км.да мазкур туманнинг Қўқонқишлоқ маҳалласида яшовчи М. Таирбоев «Жигули» автомашинасини бошқариб бораётиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши оқибатида ўз йўналишида ҳаракатланиб кетаётган, Нориннинг Тўда маҳалласида яшовчи Ш. Бекмуродовнинг «Нексия»си билан тўқнашиб кетади. Натижада, М. Таирбоев олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этди, Ш. Бекмуродов эса шифохонага ётқизилди.

– Президентимиз ҳам йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бугуннинг энг долзарб вазифаларидан бири эканлигига тўхталаркан, ЙТҲларда ҳалок бўлаётганлар сони коронавирус оқибатида вафот этаётганлардан ортиқлигини афсус билан қайд этди. Албатта, ҳар бир фожиани келтириб чиқарган сабаб ва уларнинг таҳлилида гап кўп. Аммо фожиаларнинг келгусида қайтарилмаслиги борасида ҳозирда қандай ишлар олиб бориляпти? 

– Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат иштирокчиларига қулай шарт-шароит яратиш ҳамда уларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2021 йилнинг ўзида 1746 та янги йўл белгилари ўрнатилиб,  1671 таси нур қайтарувчисига алмаштирилди. Вилоят ҳудудидан ўтган автомобиль йўллари ва шаҳар кўчаларида 19 та (15 таси транспорт воситалари, 4 таси пиёдалар учун) светофор ўрнатилди, 176 та светофорнинг ишлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Вилоятимиз шаҳар-туманларида 258 та янги пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилиб, 940 таси қайтадан чизилди. Велосипедчилар учун 25,2 км. масофада велойўлаклар барпо қилинди. Оғир оқибатли аварияларнинг олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 8177 п/м 1-гуруҳ ҳимоя тўсиқлари ўрнатилди. Техник кўрикдан ўтиши лозим бўлган 125154 та автомобилнинг 98,4 фоизи тўлиқ назоратдан ўтказилди... 

– Ота-она борки фарзанди камолини кўрсам, деб яшайди. Ўғли ёки қизи бирор дардга чалинса у билан азоб чекади, қувончли кунлари кўп бўлсин дейди. Мендан кейин фарзандларим қолсин, дея Яратганга илтижолар қилади. Шундай экан, кўзи қаросининг йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тан жароҳати олиши, энг ёмони вафот этиши қанчалик оғир экани барчага аён... 

– Фикрингизни тушундим. Жойларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтириш, фарзандларга эътиборли бўлиш шартлиги, уларнинг автотранспорт воситалари ҳаракатланадиган жойларда ўйнашларига йўл қўймаслиги лозимлигига бағишланган тадбирлар доимий назоратимизда. Янги ўқув йилининг ўзида вилоят ҳудудидаги ўн олтита мактабда йўл ҳаракати қоидалари синф хонаси ва йўл ҳаракати хавфсизлиги майдончалари ташкил этилиб, ҳудудларда ўқув-семинар машғулотлари ўтказилди, йўл ёқасида жойлашган барча мактабларга эрталаб соат 7.00дан 9.00гача ЙПХ ходимлари бириктирилиб, ҳаракат хавфсизлиги таъминланмоқда.
Маълумки, тараққиёт ҳар бир соҳага ўз таъсирини ўтказади. У туфайли изланишлар, янгланишлар жорий этилади. Айниқса, ҳозирги техника ва технологиялар ривожланган асрда бу жуда ҳам муҳим. Шу маънода олганда, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишига янги ахборот коммуникацион тизимларнинг жорий этилиши кўзланган мақсадга етиш омилларидан биридир. Бу борада ҳам аниқ режа асосида самарали фаолият юритилмоқда. Жумладан, Наманган шаҳрининг Бобур шоҳкўчасидаги марказий туғруқхона биноси олдида сенсор орқали ишловчи замонавий пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилган бўлса, И. Каримов кўчасидаги асаб руҳий касалликлар диспансери, Б. Машраб кўчасидаги 31-мактаб ҳамда Ж. Мангуберди кўчасидаги 34-мактабга олиб борувчи пиёдалар ўтиш йўлининг ҳар икки томонида ва Косонсой туманида «Диққат, болалар», «Диққат, пиёда» ёзувлари туширилган электрон таблолар ўрнатилди. Наманган муҳандислик-қурилиш институти биноси олдида ва Алишер Навоий ҳамда И. Каримов кўчаларида 3D кўринишидаги пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилди.
Шу билан бир қаторда, Поп, Чуст, Тўрақўрғон ва  Наманган туманлари ҳудудидан ўтган 4Р 112 Фарғона ҳалқа йўлининг 10-91 км.лари оралиғига, Наманган шаҳар, Бобур шоҳкўчасидаги марказий туғруқхона биноси олдида, Поп тумани ҳудудидан ўтган А-373 Тошкент-Ўш автомобиль йўлида, Мингбулоқ, Косонсой ва Учқўрғон туманлари ҳудудидан ўтган автомобиль йўлларида ҳайдовчилар ҳушёрлигини ошириш мақсадида термопластик шовқин чиқарувчи йўл чизиқлари чизилди...

– Очиқ тан олиб айтиш керак, йўлларда ҳаракатланиш қоидасидан кўпчилик юртдошларимиз хабардор. Қонунбузарларга нисбатан қўлланиладиган жазолар ҳам анчайин қаттиқ. Аммо шунга қарамай, ҳалокатлар сони камаймаяпти. Сизнингча, нега шундай?

– Тўғри, қизил чироқда тўхташ, пиёдаларга йўл бериш, қувиб ўтиш қоидаларига амал қилиш шартлигидан тортиб, йўлларда қандай ҳаракатланиш кераклигини аксарият яхши билади. Қоидабузарларга нисбатан каттагина жарима белгилангани ҳам бор гап. Аммо йўл-транспорт ҳодисалари сони ортмоқда.
Бунинг яна бир сабаби, менимча, ҳар биримиз кўчага чиқарканмиз, уйга соғ-омон қайтиш учун энг аввало, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишимиз шартлигини, йўлларда ҳаракатланаётган кишилар ҳам кимнингдир акаси ёки укаси, опаси ёки синглиси, ота-онаси эканлигини унутмаслигимиз, йўлларда ҳаракатланиш маданиятига амал қилишимиз лозим. Фақат шундагина, ўзаро ҳурмат бўлган тақдирдагина кўзлаган мақсадимизга эришамиз. 

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. 

Суҳбатдош Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь