Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

24 April, 2024, 05:02

Жамият

Бахтиёр САИДОВ: «ҲАТТО ЎЗ ФАНИ БЎЙИЧА ОДДИЙ САВОЛГА ҲАМ ЖАВОБНИ БИЛМАЙДИГАН ЎҚИТУВЧИЛАР БОР ЭКАН»

  • 30.Ноября.2021
  • 662

ҲУРМАТЛИ УСТОЗЛАР, ОТА-ОНАЛАР ВА КЕНГ ЖАМОАТЧИЛИК ВАКИЛЛАРИ! 

Аҳолининг халқ таълими тизимини ўрганиши мақсадида қилган мурожаатимдан сўнг Сизлардан жуда кўплаб таклиф, фикр ва мулоҳазалар келиб тушди. Таълим соҳасига бўлган бундай эътиборни кўриб, тўғриси жуда қувондим.

Масъул ходимлар кўмагида имкон қадар ҳар бир мурожаат билан танишиб чиқишга ҳаракат қилдик, зарурлари тегишли мутасаддиларга йўналтирилди.

Хабарингиз бўлса, ўтган ҳафтада вазирлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда 3 та вилоятда бўлдик. Мактабларнинг шароитларини ўргандик. Тўғриси, аҳвол қониқарли эмас. Афсуски, мактабларимизда таълим сифатини яхшилаш учун жуда катта ва кўп ишлар қилишимиз керак.

Давлатимиз Раҳбари таълим тизими, фарзандларимизнинг келажаги ҳақида жуда куюняптилар ва энг олий вазифамиз деб белгилаяптилар. Шу боис, керак бўлса ҳар бир ҳудуд раҳбаридан бугун ўз вилоят ва туманидаги барча мактаблар шароитини билиш талаб этилади. Жойларда фан ўқитувчиларининг билим ва савиясини оширишимиз керак. Айрим ўқитувчилар билан суҳбатлашдим, афсуски, ҳатто ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмайдиган ўқитувчилар бор экан. Хўш, нима қилиш керак? Вилоятда, туманда, мактабда ҳатто бир нафар яхши педагог бўлса ҳам фойдаланиб, керак бўлса уни қолган ҳамкасбларига маҳорат дарси ўтказишга жалб этган ҳолда мактабларда таълим сифатини оширишимиз керак. Синфда 20 нафар боладан 18 нафари фанни зўр билса, демак бу ўша фан ўқитувчисининг ютуғи, демак у ўқувчиларини ўз фанига қизиқтира олган. Агар шу синф ўқувчиларидан 1-2 нафаригина фандан билими кучли бўлса, демак у иқтидорли ўқувчи ёхуд ота-онаси репетиторга берган, ўқитувчи эса дарс вақтида ўз фанини етказиб бера олмаётганидан далолат.

Тўғри, мактабда шароит йўқ дерсиз, лекин ўқитувчи ўша ерда вақтини кетказиб ўтирибди-ку, жонкуярлик бўлмаса нима қилади бу касбни танлаб?! Унинг қўлида инсон тақдири ётибди! Мактабларда шароит, инфратузилма яхшиланишини кутсак, болаларни йўқотамиз.

Менга келган мурожаатлардан кўриниб турибдики, жойлардаги айрим мактабларда муҳит яхши эмас. Мазкур мактаблардаги муҳитни яхшилашга ҳатто ҳудуд халқ таълими раҳбарининг ҳам кучи етмаяпти.

Ўқитувчилар ўз мурожаатларида мени мактабларига бориб, шароитни ўрганишга таклиф қилган. Қани эди, ҳамма мактабларга бирданига боришга имконим бўлса ҳар бирининг ҳолатини ўрганиб, шахсан назоратга олардим. Бунга вақт керак, лекин албатта ҳаммасига борамиз. Бу йўналишда ҳудудий раҳбарлар билан тизимли иш ташкил қилишга келишиб олдик. Ҳудуд раҳбарларининг масъулиятини ва ваколатини янада оширамиз.

Мулоҳазаларда қайд этилганидек, биз билимли, жонкуяр ва фидойи кадрларни топишимиз керак. Бунинг учун керак бўлса педагогика университетлари билан ҳамкорликни кучайтирамиз. Ҳар бир битирувчи билан суҳбатлашиб, энг яхшиларини мактабларга жалб этамиз.

Шу ўринда барчангизга юборилган фикр ва мулоҳазаларингиз учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Сизлардан келган ҳар бир мулоҳаза ва таклифдан келгуси иш фаолиятимизда фойдаланамиз.

Бахтиёр Саидов,

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири

Энг кўп ўқилганлар

Календарь