Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

24 April, 2024, 08:25

Жамият

Болам, келдингми...

  • 12.Февраля.2022
  • 455

Кўнгилдаги гаплар

Тонг қоронғусида дарвоза тақиллади.
- Ким у?
- Мен, Султонбекман, она!
- Вой, болам, келдингми, эшик очиқ...
Онаизорнинг кўнгли дийдор фурсати яқинлигини сезганди. Жазо муддатини ўтаётган олтмишдан зиёд фуқаро афв этилгани ҳақида телевизордан эшитган ва набирасининг интернетга уланган телефонидаги хушхабар унга сира тинчлик бермади. Дарров уйдагиларни тайёргарликка ундади, кечаси билан ҳовлини саранжом-саришталаш билан овора бўлди. Вужуди толиб, бирозгина дам олди, лекин руҳиятида қандайдир енгиллик ва ажиб безовталик ўрмаларди. Чолини барвақт уйғотиб, бомдод намозига таҳорат олиб, қўлини дуога очиб узоқ ўтирди. Хаёли ташқарида, дилбандининг босаётган қадами сингари волидаи муҳтараманинг юрак уриши ҳам тезлаша бошлади, ҳаяжони ортди. Ва ниҳоят, неча йиллик орзуси ушалди, Яратганга илтижолари рўёбга чиқди. Ўғли соғ-саломат рўпарасида.
Мана, бир ҳафтадирки, бу хонадонда шодиёна ҳукмрон. Жазони ижро этиш муассасасидан муддатидан анча эрта қайтган Султонбек Муҳиддинов ўз оиласи даврасида. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 31 январь куни имзоланган "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги Фармони эшикка термилган қоракўзларга рўшнолик улашди.
Мамнун ва чароғон чеҳраларни кўриш, дилсўзларини қоғозга тушириш учун Наманган шаҳрининг "Фаровон" маҳалласида яшовчи Муҳиддиновлар хонадонига шошилдим. Қувонч кўз ёшлари ҳали қуримаган чевар онахоннинг меҳмонлар ташрифидан хурсандлиги чексиз.
- Мухбир болам, Аллоҳга шукурки, энди бундан кейин қанча умр насиб этса, нонимни хотиржамлик билан ейман. Қўни-қўшни ва қариндошлар олдида юзимиз ёруғ бўлди, - дейди Марғуба опа Нажмиддинова - Илоҳим, ҳамманинг фарзанди бағрида ўйнаб-кулиб юрсин. Эҳ, бу бахтиёр дамларни йигирма йил кутдик. Аввалига ишонмадим, лекин ўша 63 нафар маҳкумнинг орасида Султонбегим борлигини Худойим дилимга солди. Уч йил бурун жазо муддати қисқарганди, ҳозир эса бутунлай озод бўлди. Юракларга қувват бағишлайдиган муҳим қарорни чиқарган, имкон берган, кечирган, меҳрибон Юртбошимизнинг азиз бошлари омон бўлсин, уларни фақат дуо қиламиз...
Кўп йиллар юк машинасини бошқариб, ҳайдовчилик касби билан пенсияга чиққан отахон Абдулҳамид Муҳиддинов ҳаёти давомидаги мушкул воқеалар тўғрисида сўзлай кетди. У бугунги дориламон кунларнинг, тинчликнинг, ҳалол меҳнатнинг қиммати баландлигини, ота-онанинг жигарбанди учун дуоси ижобат бўлишини қайта-қайта таъкидлади. Шундан сўнг собиқ маҳбус Султонбек акани суҳбатга тортдим.

- Косибчиликдек гулдек ҳунарим билан рўзғор тебратаётгандим. Нимадир бўлди-ю, эгри йўлга бурилдим, қаттиқ қоқилдим. 2002 йили сентябрь ойида диний экстремизм оқимига қўшилганим айби билан 30 йилга «кесилгандим». Панжара ортида 20 йил ўтирдим. Дастлаб уч йилга қисқарди. Муддатим тугашига 7 йил бор эди, бугун эса тамоман эркинман. Айтмасам бўлмайди, биз учун шароитлар етарли таъминланди. Озиқ-овқатдан камчилик бўлмади. Бадиий ва ҳуқуқий китоблар, ижтимоий-сиёсий, диний газета-журналлар ўқидим, турли маънавий-маърифий, маданий тадбирларда фаол қатнашдим. Телевизор орқали Ўзбекистонимиздаги янгиликларни кузатиб бордим. Хато фикрларим яхши хулосаларга алмашди. Умрнинг ғаниматлигини, Ватаннинг, оиланинг, озодликнинг, соғинч туйғусининг қадрига етдим. Дарвоқе, туғилиб ўсган Наманганимизга келиб, очиғи, кўчаларни танимадим. Шаҳримиз қиёфаси жуда ўзгарибди, баланд иморатларни тиклаётган техникалару уста қурувчиларга ҳавас билан боқиб, улкан бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссамни қўшсам дейман.
Султонбек ака қамоққа олинганида тўнғич ўғли беш ойлик гўдак эди. Турмуш ўртоғи билан муқаддас ришталари узилмаган экан, учрашиб туришди. Шу даврда яна бир ўғил, бир қиз кўришди. У мусибатдан қийналса-да, сабр билан ворисларини тарбиялаб улғайтирган ота-онаси розилиги, аёли ва уч фарзанди камоли ҳамда жамият ривожи учун жамики куч-ғайратини сарфлашга, янги ҳаёт бошлашга аҳд қилган.

Ўзини худди онадан янги туғилган чақалоқдек ҳис этаётгани, орзу-армонлари, келажакдаги эзгу ниятлари билан ўртоқлашаркан, унга ишонч билдирган давлатимиз раҳбарига газета орқали алоҳида раҳмату миннатдорлигини етказиб қўйишимизни сўради. Хайрлашиш чоғида самимий оҳангда қўшимча қилди: "Ука, кимнинг айби бўлса, ростдан афсусланиб, қалбдан кечирим сўраса, давлатимиз ҳам, Президентимиз ҳам афв этаркан. Шу гапимни албатта ёзинг. Чунки мендек адашган бошқалар ҳам ўқишини, тушунишини ва яхши томонга ўзгаришини истайман...".

Орифжон ЖЎРАЕВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь