Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 02:06

Жамият

БОШ МЕЗОН – АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ВА ФАРОВОНЛИГИ

  • 11.Августа.2020
  • 970

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда  тажрибали деҳқону фермерлари билан донгдор Мингбулоқ туманида ҳам бугунги пандемия шароитида аҳолини ҳар жиҳатдан  қўллаб-қувватлаш йўлида қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Мухбиримиз туман ҳокими Нуршод ХУДОЙБЕРДИЕВ билан шу ҳақда суҳбатлашди.

– Туманимиздаги  40 та маҳаллада 126,3 минг  нафар аҳоли истиқомат қилмоқда, – дейди Н. Худойбердиев. –  1603 оила  пандемия шароитида кўмакка муҳтож эканлиги аниқланиб, уларга икки миллиард икки юз эллик уч миллион икки юз минг сўмлик озиқ-овқат ва нақд пул тарқатилди. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 26 оиланинг хонадонларини таъмирлаш ишларига  маҳаллий бюджетдан 22,7 млн. сўм маблағ сарфланди. Бундан ташқари, 638 хонадонни таъмирлашга ҳомийларнинг  648,1 млн. сўм маблағи йўналтирилди. Манзилли дастур асосида молияланган маблағ ҳисобидан 11 хонадонга 14,7 млн. сўм сарфланди.

– Карантин давридаги  ишсизлик натижасида ёрдам олишга муҳтожлик муаммоси қандай ҳал этилди? 
– Жорий этилган ҳолат даврида ишсизлар, кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиб бориши бор гап. Президентимиз томонидан халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ҳамда ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда,  «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилгани ҳам бежиз эмас. Бу ҳаракат туманимизда ҳам кенг қулоч ёйди. Халқимизнинг аҳиллиги оғир кунларда яна бир бор синовдан ўтди.
Президентимизнинг фармон ва қарорлари  ижросини таъминлаш учун зарур барча чора-тадбирларни кўрдик. Туман Кенгаши сессиялари ҳамда фаоллар йиғилишида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, ҳолатни янада яхшилаш бўйича келишган ҳолда фаолият юритдик.
Ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам тарқатиш мақсадида  туман ҳокимлиги бошчилигидаги сектор раҳбарлари  иштирокида 448 та оила ҳолидан хабар олиниб, Қурбон ҳайити байрами билан табрикланди ва инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир хонадонга 1 млн. сўмдан жами 448 млн. сўм берилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, туманда жами 1603 та камбағаллик рўйхатида турувчи оила мавжуд бўлса,  шу кунгача уларнинг 763 таси камбағаллик рўйхатидан чиқарилди.

– Пандемия билан боғлиқ ҳолатдан кўнгил тўладими?
– Туманимизда пандемия бошлангандан бери жами 1427 нафар фуқаро уй карантинига олиниб, бугунги кунда уларнинг 1365 нафари назоратдан чиқарилди. Ҳозирги кунга 10  нафар  коронавирус билан касалланган шахс аниқланиб,  улардан 3 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, 5 нафари вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ва 2 нафари уй шароитида даволанишмоқда. Беморларнинг 1 нафари ўрта оғир, қолган 9 нафарининг саломатлиги қониқарли ҳолатда. 
Беморларни саралаш ва даволаш мақсадида 235 ўрин-жой заҳираси яратилиб, уларда фаолият кўрсатувчи тиббиёт ходимлари рўйхати шакллантирилди. Туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимида бирламчи мусбат таҳлили билан 15 нафар фуқаро кузатувда қолмоқда, улардан  қайта таҳлил намуналари олинган. 
Тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлимида колл-марказ ташкил этилган. Фуқаролар 103, (69) 45-21-138, (69) 45-21-131, (69) 45-21-045 телефон рақамларига мурожаат этишлари мумкин. 
Жами 10 та махсус тез тиббий ёрдам автомашинасининг 9 таси беморларга хизмат кўрсатаётгани ҳолда машина «мобил гуруҳ»га ажратилган.  Бундан ташқари, туман сектор раҳбарларининг топшириғига асосан 4 та «Дамас» русумли автомашина захирада бор. Тиббиёт бирлашмасидаги 1 та «мобил гуруҳ» беморларни уй шароитида даволаш ва назорат қилишга мўлжалланган.

– Шифохоналарда ўринлар ва дори-дармонлар етарли, нархлар ҳам барқарор дейишимиз мумкинми?
– Албатта, бу масалаларга аввал бошдан жиддий эътибор қаратилган.  Айтиш  жоизки, 166 нафар врач, 832 нафар ўрта тиббиёт ва 231 нафар кичик тиббиёт ходими коронавируснинг олдини олиш бўйича самарали меҳнат олиб бормоқда. Уларнинг карантин ҳудудларида фаолият олиб бориш рўйхатлари ва жадваллари ташкил этилган. Бу масала бўйича ҳеч қандай муаммоларимиз йўқ.
Тиббиёт бирлашмаси томонидан беморларга керакли дори воситалари захиралари яратилди. Дорихоналардаги нархлар туман ДСИ ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари  томонидан назоратга олинган.

– Бугунги шароитда озиқ-овқат   таъминоти ва нарх-наво муаммоси  мавжудми?
– Озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги юзага келишининг олдини олиш мақсадида жиддий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Деҳқон бозори ва сектордаги савдо дўконларида нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида марказдан олисда жойлашган маҳаллалардаги аҳолини озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситаларига бўлган эхтиёжларини қондириш мақсадида кўчма савдо дўконлари ташкил этилди. Санитария ва осойишталик маркази томонидан кунлик дезинфекция ишлари амалга оширилиб, сотувчиларни махсус кийим ва дезинфекция воситалари билан таъминланиши тўлиқ назоратга олинган.
Шунингдек, 2020-2021 йилларда қиш-баҳор мавсуми учун 30,9 минг  тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захира қилиш режаси ҳисоб-китоб қилинган.
Масалан, «Деҳқон бозори» томонидан жами 305,6  тонна,  шундан картошка 90, пиёз 33, сабзи 34, гурунч 25, ошқовоқ 12, мева 42, полиз 19, дуккак-лилар 6,6 ва карам 44  тонна захира яратилди. Шу билан бирга  бюджет ташкилотлари томонидан  966 тонна,  фермер хўжаликлари томонидан  эса 1610 тонна, «Томорқа хизмати» МЧЖ томонидан  320 тонна захира яратиш орқали аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби қондирилади.
Хулоса ўрнида  айтмоқчиманки, энг кичик ёвузлик ҳам кутилмаган, ғоят улкан ва даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Кўринмас бу ёв хоҳлаган пайтда ҳаётимизга жиддий хавф солмаслигига асло кафолат йўқ. Муҳтарам  Президентимиз Ш. Мирзиёев таъкидлаганидек: «Ҳар биримиз кундалик юмушларимизни хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўла амал қилган ҳолда давом эттиришимиз зарур. Чунки, бугун йўқотган имкониятларимизни эртага тиклаш қийин бўлади, вақтни эса орқага қайтариб бўлмайди».

– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь