Қисқа сатрларда

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

20 April, 2024, 05:56

Жамият

ЭРТАЛАБДАН БУЁН "СВЕТ" ЙЎҚ: НАМАНГАНДА АЙНИ ЖАЗИРАМАДА ЮЗАГА КЕЛГАН ЭЛЕКТРДАГИ УЗИЛИШЛАРДАН АҲОЛИ ҚИЙНАЛМОҚДА

  • 06.Июля.2021
  • 631

Республикамизнинг деярли барча ҳудудларида Эрондан кириб келган иссиқ ва қуруқ ҳаво массалари, юқори ҳароратдаги жазирама сабабли аҳолининг яшаш шароитларида бир мунча қийинчиликлар юзага кела бошлади.

Хусусан, сўнгги кунларда ҳамюртларимиздан вилоятнинг шаҳар ва туманларида электр таъминоти тизимида тез-тез узилишлар юз бераётгани ҳақида турли мазмундаги мурожаатлар келмоқда.

Наманган шаҳрининг Ибрат маҳалласи, Соли Адашев кўчасида яшовчи фуқаро Исроилжон Мамажонов юборган мурожаатни келтирамиз:

"Ассалому алайкум, ҳурматли ЎзА мухбири. Эрталабдан буён маҳалламизда (кўчамизда) "свет" йўқ. 70 ёшдан ошган ҳожи онамиз жазирама иссиқдан юраклари безовта бўлиб қийналмоқда. Бирор чорасини кўринглар, илтимос. Электрни ёқмаса бўлмайди, ахир. Иссиқни қандай бўлаётганини кўриб турибсизларку..."

Наманган туманидаги Қумқўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Фазлиддин Каримов йўллаган мурожаатда ҳам электр таъминотидаги соатлаб узилишлар тилга олинган:

"Эрталабдан буён Наманган туманидаги "Қумқўрғон" маҳалла фуқаролар йиғинидаги аксарият кўчаларда электр токини беришмаяпти. Фарзандимнинг таваллуд кунини оиламиз даврасида "свет"сиз нишонлашга мажбур бўлдик. Болажоним севган ширинликларни ойиси пишириб беролмади. Тўғриси, бундай юқори ҳароратдаги иссиқ ҳавода ёш болалар, қариялар қийналди. Айни шароитда коммунал хизмат идоралари одамларни уйларида қийналмасдан ўтиришлари учун барча зарурий чораларни кўриб қўйишлари керак эмасми? Шу алфозда, қадримизга йиғлаймизда. Электр таъминоти корхонаси мутасаддилари эътиборли бўлинглар, илтимос".

Наманган шаҳридаги Исфархон маҳалласидан, исм-шарифини ёзмасликни келтирмасликни сўраб, йўлланган мурожаатда ташкилотларда ҳам электр тез-тез ўчаётганлиги қайд этилган:

Вилоят матбуот уйининг кўп қаватли биносида ишлаймиз. Тўғриси, битта бинойимизда жойлашган аввалги Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги собиқ вилоят босмахонаси ўрнида барпо этилаётган савдо маркази қурилиши бошлангандан бери ишхонамизда "свет" тез-тез ўчмоқда. Айниқса, ёз ойининг айни жазирама даврида электр таъминотида юз бераётган соатлаб узилишларга ўрганиб қолдик. Бошқа иложимиз қанча??? Электр корхонасига айтсак, авария юз берди, тузатяпмиз, деган жавобни эшитамиз. Битта электр қурилмасида авариялар тез-тез бўлиши табиий ҳолга айланиб қолдими?...

Биз Наманган вилоятида электр таъминоти билан боғлиқ юзага келган муаммолар ҳақида халқимизнинг дарду нолалари акс эттирилган ўнлаб мурожаатлардан айримларини келтирдик, холос.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ҳокимларга, қуйи тизимдаги барча раҳбарларга халқни рози қилиш вазифасини асосий устувор вазифа этиб белгилаб берилган экан, айни кезда коммунал хизмат идоралари мутасаддиларидан элимиз манфаати йўлида амалий чора-тадбирларни кўришларини сўраймиз. Зеро, халқ талаби – ҳақ талаб.

Дарвоқе, ушбу ҳафтада кузатилиши хабар берилган саратон чилласининг жазирама, аномал иссиқ ҳароратли дамларида барча ҳудуд раҳбарлари, тегишли ташкилотлар мутасаддилари одамларни тавсия этилганидек, уйдан чиқмасдан ўтиришлари учун барча зарурий чораларни, хусусан электр эенергияси, тоза ичимлик суви ва газ таъминотида юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга эътибор қаратишлари зарур эмасми?

  • Ҳамюртларимизнинг мурожаатларидан келиб чиқилган ушбу танқидий чиқишга "Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" акциядорлик жамияти раҳбариятидан амалий жавоб кутамиз.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА

Энг кўп ўқилганлар

Календарь