Қисқа сатрларда

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Хорижда ишловчиларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш учун компенсация берилади

19 April, 2024, 08:13

Жамият

Ижтимоий таъминотда конституциявий ҳуқуқдан фойдаланиш имкониятлари

  • 15.Февраля.2022
  • 588

Ҳар бир  фуқаро қариганда, меҳнат қобилиятини тўлиқ ёки қисман йўқотганда, боқувчисиз қолганда ижтимоий таъминланишдан иборат конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Кейинги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, пенсия таъминоти соҳасидаги ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатларидан келиб чиқиб ёндошилмоқда. 
Лекин кўпчилигимизнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларимиз кам, муштарийларимиздан келаётган хатлар, қўнғироқларда ҳам мутахассис маслаҳатига эҳтиёж борлиги яққол сезилмоқда. Мухбиримиз муштарийларни қизиқтирган саволлар юзасидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Наманган шаҳар бўлими катта инспектори Мирзоҳид МАЪРИПОВ билан суҳбатлашди.

– Аввало пенсиянинг қандай турлари бор, шу ҳақда маълумот берсангиз...

– Ўзбекистонда пенсиянинг учта тури мавжуд. Ёшга доир, ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик пенсияси.
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар эса 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.
Ногиронлик пенсиялари белгиланган тартибда тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари  томонидан I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга тайинланади.
Шахс вафот этса унинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлади. 

– «Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, пенсияларни тайинлашда фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилиши белгиланган. Ушбу тартибнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз...

– 2022 йил 1 июлдан бошлаб давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳдаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (ЯММТ ИДАК)га киритиш хизмати жорий этилади.
Давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади.

– Иш стажи кам бўлса пенсия берилмайдими?

– Иш стажининг камлиги пенсияни расмийлаштиришни кечиктириш ёки рад этиш учун асос бўлмайди. Фуқаро пенсия ёшига етгач, унда мавжуд иш стажига мутаносиб равишда пенсия расмийлаштирилиши мумкин. 
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 8-моддасига кўра, эса пенсия та-йинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар ушбу Қонун 37-моддаси биринчи қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда  тайинланади.
Шунингдек, мазкур Қонуннинг 29-моддасида иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсиялар бор стажга мутаносиб миқдорда та-йинланиб, уларнинг миқдори ёшга доир пенсиялар учун — ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан кам бўлмаслиги белгиланган.

– Пенсионерларга мулк солиғи бўйича қандай имтиёз бор?

– Амалдаги Солиқ кодексининг 421-моддаси, иккинчи қисми, 2-бандига асосан пенсионерлар ўз мулкида бўлган мол-мулкнинг 60 квадрат метр доирасида мулк солиғи солишдан озод қилинади.
Мазкур имтиёзни қўллаш учун уларнинг пенсия гувоҳномаси асос бўлиб ҳисобланади. 
Ушбу имтиёз, пенсионерлардан ташқари яна қуйидаги шахсларга ҳам қўлланилади:
 10 нафар ва ундан ортиқ болалари бор ота-оналардан бирига (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг болалар борлигини тасдиқловчи маълумотномаси асосида);
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга (пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида).
Мазкур шахслар солиқ имтиёзини олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни солиқ солиш объекти жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этишлари керак.

– Кўпчилик пенсияга чиққандан кейин ҳам ишлашни давом эттиради. Кейинги стаж билан қайта пенсия ҳисоблатиш мумкинми? 

– Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 37-бандига кўра:
ёшга доир пенсия тайинлангандан кейин ишланган вақт пенсия тайинлаш учун стажга қўшиб ҳисобланмайди. Эртароқ муддатдан бошлаб ёшга доир пенсия тайинлашда стаж пенсия тайинланган кунгача ҳисобга олинади.
Яъни, ёшга доир пенсияга чиққандан кейинги стаж пенсия та-йинлаш учун керак бўладиган стажга киритилмайди.

– Ишловчи пенсионерга пенсия қандай тўланади?

– Ишлаб турган пенсионерга пенсия тўлаш, иш вақтининг қанча давом этишидан, ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, шунингдек, шартноманинг хусусияти ва туридан қатъи назар, иш жойи бўйича тўлиқ миқдорда тўланади. Ўриндошлик асосида ишловчи пенсионерларга пенсия асосий иш жойидан тўланади.
Иш жойидан пенсия тўлови ўтган ой учун ойлик иш ҳақининг иккинчи қисми тўловлари билан бир вақтда амалга оширилади. Пенсия-лар алоҳида ведомостлар орқали тўланади.
Пенсия тўлови иш жойи орқали амалга оширилиши учун пенсионернинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан иш берувчига ахборот тизими орқали юборилган электрон ёки ёзма шаклдаги Ф-25 тўлов топшириқномаси асос бўлиб ҳисобланади.

– Пенсияни қайта ҳисоблаш қандай амалга оширилади?

– Пенсионер пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш учун асос пайдо бўлган тақдирда пенсиянинг тайинланган тури миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Ногиронлик гуруҳининг, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи оила аъзолари сонининг ўзгариши, устама ҳақ олиш ҳуқуқининг пайдо бўлиши, энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг ўзгариши, даромадларнинг индексация қилиниши ҳолатлари та-йинланган пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза пенсионер яшайдиган жой бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.
Мазкур ариза Пенсия жамғармаси бўлими томонидан беш кун муддатда кўриб чиқилади.
Пенсия миқдори камайишига олиб келган ҳолатлар юз берганда қайта ҳисоблаш ушбу ҳолатлар бошланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА ёзиб олди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь