Қисқа сатрларда

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

Намангандаги бунёдкорлик лойиҳалари кўздан кечирилди

28 March, 2024, 05:04

Жамият

КОСОНСОЙДА "ОБОД МАРКАЗ" УЧУН ҚАНЧА САРФЛАНДИ?

  • 12.Ноября.2019
  • 1160


Наманган вилоятининг Косонсой туманида “Обод марказ” дастури асосида бошланган ишлар муваффақиятли якунланиб, янги барпо этилган ва тубдан таъмирланган 30 дан зиёд ижтимоий-иқтисодий объект фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан Косонсой шаҳри бўйлаб вилоят ва туман ҳокимликлари, бошқармалар, давлат ва жамоат ташкилотларининг мутасаддилари, косонсойлик кекса-ю ёшлар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тантанали маросимлар байрам тусини олди.

2200 йиллик тарихга эга Косонсой шаҳри ўзбек давлатчилиги тарихида муҳим ўрин тутган, қадимий қалъа ва шаҳристонлар сирасига кирувчи маъмурий марказлардан бири ҳисобланади. Буюк тарихий пойдеворга эга бўлган ушбу ҳудуд Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятида етакчи ўрин тутиб келаётган, саноат ва ҳунармандчилик жадал ривожланаётган, муқаддас қадамжолар ва тиббий туризм бўйича каттагина салоҳиятга эга туманларидан бири.

Бугунги кунда тумандаги 59 маҳаллада 200 мингдан зиёд киши истиқомат қилади. Фаолият кўрсатаётган мингга яқин йирик ва кичик саноат корхоналари, жумладан, 13 қўшма корхона, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа иқтисодиёт тармоқларининг вилоят саноатидаги улуши 3,5 фоиздан кўпроқни ташкил этмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 28 февраль ва 1 март кунлари вилоятга ташрифи чоғида берган топшириғига биноан “Обод марказ” дастури асосидаги саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ вилоятнинг кўплаб туманлари қатори Косонсой шаҳрида ҳам катта ҳажмда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.

“Обод марказ” дастури ижроси доирасида Косонсойда 31 объектда янги қурилиш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу ишларга “Обод марказ” дастури маблағлари ҳисобидан 33,8 миллиард сўм, корхона, ташкилот ҳамда тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 35,4 миллиард сўм, банк кредитлари ҳисобидан 13,2 миллиард сўм, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 7,38 миллиард сўм жами 89,78 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Жумладан, туман марказини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 8,7 миллиард сўмлик лойиҳа асосида 4,4 километр ичимлик суви ҳамда 2 километрдан кўпроқ оқова сув тармоқлари тортилди. Натижада, тумандаги 4 минг 200 хонадонда яшовчи 20 мингдан зиёд аҳоли ичимлик суви билан таъминланди.

Кўп йиллардан буён туманда халқни қийнаб келаётган муаммолардан бири носоз автомобиль йўллари эди. 3,4 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 19 километрга яқин автомобиль йўлларининг реконструкция қилиниши, пиёдалар йўлаги қурилиб, йўл четларига тежамкор ёритиш чироқлари ўрнатилиши билан мавжуд муаммолар барҳам топгани баробарида шаҳар тубдан замонавий қиёфа касб этди.

Шунингдек, дастур асосида шаҳар марказида Миллий маданият маркази барпо этилди. Тумандаги 5 касб-ҳунар коллежининг маъмурий бинолари, 2 касб-ҳунар коллежининг спорт заллари, туман давлат солиқ инспекцияси, прокуратура бинолари, кинотеатр мукаммал таъмирланди.

Лойиҳа қиймати 2 миллиард сўм бўлган реконструкциядан сўнг Косонсой маданият ва истироҳат боғи туманнинг энг жозибадор масканларидан бирига айланди.

Она Ватан ҳимояси учун азиз жонини фидо қилган юртдошларимиз пок номини абадийлаштириш, жумладан, Иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган икки мингдан зиёд косонсойлик ватан ҳимоячиларига эҳтиром рамзи сифатида Хотира хиёбони барпо этилиб, Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилди.

Бундан ташқари, туман марказида банк кредити ва тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 5 янги савдо ва маиший хизмат шохобчаси қурилиб, мавжуд 96 шундай объект, 6 кўп қаватли уй таъмирдан чиқарилди.

“Обод марказ” дастури доирасида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорликлар натижасида Косонсой замонавий инфратузилмага эга бўлган кўркам шаҳарга айланди ва бу маҳаллий аҳолининг турмуш маданияти янада юксалишига хизмат қилади.

Тантанали маросимларда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов, вилоят ҳокими Х.Бозоров иштирок этди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь