Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 04:35

Жамият

МАРДИКОР АЁЛЛАР: УЛАРНИ КАМСИТМАЙЛИК, КАМАЙТИРАЙЛИК!

  • 23.Ноября.2020
  • 1259

Ҳар тонг ишга кетаётиб, мардикор бозори ёнидан ўтаман. Бу ерда нигоҳлари йўлга қадалган, қўллари меҳнатдан қаварган, пул топиш илинжида ўзини ўту чўққа уриб, оғир ишларни ҳам уддалаб келаётганлар орасида аёлларнинг ҳам борлиги кўнгилни бир қалқитади. 
Аслида «мардикор» сўзи «тажрибали, ишбилармон» деган маънони англатса-да, негадир салбий бўёғи кўпроқ. Бироз қўполроқ эшитилади, ўрганмаганмиз. 
Мардикор аёл ким ўзи? Кучини, баъзан соғлигини ҳам ҳою ҳаваслари йўлида қурбон қилаётган  аёл, она! У ўзи учун қанча ишлаши мумкин, оиласи ва фарзандлари учун қанча ишлай олади? Қанча чидай олади? Машаққатга, меҳнатга, баъзан... камситишга ҳам... Зиммасига тирикчилик ташвиши, фарзандлар ҳою ҳаваслари, рўзғор камини тўлдиришдек катта масъулиятни юклаб олган опа-сингилларимиз ҳаётига назар ташлайлик-чи, бугун улар  нималар ҳақида ўйлаяпти, қандай орзу ўйлари, армонлари бор?  
Тараққиёт туфайли мардикорлик  ишига эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Ҳалол меҳнат ортидан рўзғорини бутлаш, турмушини яхшилаши учун имкониятлар пайдо бўлаётгани ҳам бор гап.   
Мардикорлик билан шуғулланаётган аёлларни суҳбатга тортдик.

Мубина:
– Турмуш ўртоғим вафотидан кейин уч қизим билан  қолдим.  Ҳеч қаерда ишламасдим, уй бекаси эдим. Ҳаёт давом этиши керак. Рўзғор камини тўлдириш зиммамга тушди. 
Наманган шаҳридаги тикувчилик корхоналаридан бирига ишга кирдим. Ишдан келгунимча қўни-қўшниларим фарзандларимга қараб туришарди. Бир куни ишлаб чиқариш устаси  раҳбаримизнинг уйида ишласам, яхшигина ҳақ тўлаши мумкинлиги ҳақида айтиб қолди. Унинг айтишича, менинг саранжом-саришталигим бошлиғимизга маъқул келган эмиш. Мана етти йилдирки, қишлоқдан Наманган шаҳрига келаман. Йўл кирамни ҳар куни беришади. Бошлиғимнинг аёли ҳам тадбиркор, савдода ишлайди. Мен болаларга қараб, уйдаги юмушларни бадастир қилишим керак. Хонадон аъзоларига тушлик ва кечки овқатни ҳам тайёрлаш зиммамда. Бир ярим млн. сўм маош беришади. Албатта, ҳозирги шароитда бунча маблағ билан рўзғор тебратиш қийин. Лекин кўп ишларда ёрдам кўрсатишади, уйимни таъмирлаб беришди. Икки қизимнинг тўйини ўтказишга бош-қош бўлишди. Бошида бировнинг хонадонида хизматчи бўлиб ишлаётганимни ҳаммадан яширар эдим. Лекин ҳозир сира уялмайман. Меҳнатнинг айби йўқ».

Нафиса:
«Катта хонадонга келин бўлгандим. Коллежни тамомлаган бўлсам-да бирор жойда ишлай олмадим. Тўғрироғи муносиб иш топа олмадим. Турмуш ўртоғим Россияга ишга кетган. Бекор ўтирмай, рўзғорга бироз қарашай дея мавсумий ишга чиқиб турар эдим. Маҳалламизда аёллар гуруҳ гуруҳ бўлиб, мева сотиш билан шуғулланадиган тадбиркорлар таклифи билан мева саралашга боришади. Мен ҳам шуларга қўшилиб олдим. Ҳар куни 90-100 минг сўм топамиз. Баъзан узоқ-узоқ жойларга ҳам боришга тўғри келади. 
Бир куни нима бўлди-ю, бизни манзилга етказадиган машина бузилиб қолди. Йўлда қолиб кетдик. Ҳайдовчи ҳаммамизни уй-уйимизга тарқатиб юрганди. Уйимиз кўчанинг охирида жойлашгани учун машинада бир ўзим ҳайдовчи билан қолгандим. Ярим тунда қайнонам хавотир олиб кўчага чиқиб турган экан. Мени кўрди-ю, терс бурилиб уйга кириб кетди. Эртаси куни қайнонам ўғлим узоқда бўлса, сиз бегона эркак билан ярим тунда юрибсиз, сизни энди уйда олиб қололмайман. Ўғлим келгач, яшайман, деса ўзи билади, дея жанжал кўтарди. Мен бундайин туҳматдан гаранг эдим. Эрим онасининг гапларига ишониб, хорижда туриб жавобимни берди.
Хуллас, ота уйимга келдим. Қишлоқда тарқаган дув-дув гапдан бошимни кўтара олмай қолдим. Бадгумонлик туфайли рўзғорим бузилиб кетди. Турмуш ўртоғимга ҳеч нарсани тушунтира олмадим. Ўқимаганимга, бир касбнинг бошини тутмаганимга қаттиқ афсус чекдим. Мана ўшандан буён мардикорлик қилиб, пул топаман. Биргина англашилмовчилик туфайли бахтимни бой бердим. Ёшлигимда илм ўрганганимда, шарт-шароитларнинг қадрига етганимда бундай савдолар бошимга тушмаган бўлармиди».

Санталатхон:
«Қишлоқ аёллари деярли дала ишларига чиқишади.  Эрта баҳорги чопиқдан бошлаб, то кеч кузгача аёлларга далада иш топилади. Яхши ҳаракат қилсак, ойига 3-4 млн. сўмгача даромад қилишимиз мумкин. Баъзан ғишт заводида ҳам ишлаймиз. 
Бирор корхонага оддий ишчи бўлиб кирсак, 900 минггача ойлик маош беради, холос. Бу эҳтиёжларимизни қопламайди. Ўғил уйлаш, қиз чиқариш демоқчи, ҳар ҳолда осон эмас ҳозир. 
Давлат ташкилотида ишламасак ҳам ўзимизни-ўзимиз эплаймиз. Бировга зараримиз тегмайди. Маҳалла йиғинига бориб пул сўраган жойимиз йўқ. Эрнинг топганини еб, қўл қовуштириб ўтириш уятли ахир. Рўзғоримизнинг камини тўлдириб, тўйлар қиляпмиз, болаларнинг сеп-сидирғасига йиғиняпмиз. Бунинг ҳеч ёмон томони йўқ. Олий ўқув юртига контрактга пул ўтказяпмиз. Лекин ўзим қийналиб пул топганимга яраша фарзандларимнинг учовини ҳам ўқитдик. Уларнинг ўксинишини хоҳламайман».


Вилоятимизда мавсумий иш билан шуғулланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш мақсадида бир марталик иш билан таъминлаш марказлари фаолият бошлаган эди. Бу марказлар айни пайтда нима иш билан шуғулланмоқда? 
Бир марталик иш билан таъминлаш Наманган шаҳар бюроси директори Баҳриддин Турсунов бу ҳақида қуйидагича изоҳ берди: 
«Бир марталик иш билан таъминлаш марказлари вилоятимизда Норин тумани ва Наманган шаҳридагина фаолият кўрсатмоқда. Марказ асосан мавсумий ишловчилар учун бекат вазифасини ўтайди. Иш таклиф қилувчи ва мавсумий ишловчини шу ердан топши мумкин. Уларнинг манзили, телефон рақамларини ёзиб қоламиз. Агар муаммо чиқса, топиш осонроқ. Иш таклиф қилувчидан ҳам, иш қидириб келган мижоздан ҳам моддий манфаат кўрмаймиз. Ҳаммаси бепул амалга оширилади. 
Кўпчилик ишлаб чиқариш фирмалари, корхоналаридан ишчи сўраб кўп мурожаат қилишади. Лекин улар таклиф қилаётган ойлик маош қониқарли даражада эмас. Шунинг учун бўлса керак, кўпчилик мардикорлик қилишни афзал билишмоқда. Яна кўплаб кичик бизнес субъектлари мавсумий иш беришдан манфаатдор. Доимий ишчига ойлик маош тўлаш, солиққа пул ўтказиш каби ҳужжат ишларидан ҳоли нақд пулга одам ёллаб, ишчи ишлатиш улар учун маъқулда. 
Марказимиз 2002 йилда қайта таъмирланган эди, яқин вақтда қайтадан қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланади. Мавсумий ишчиларга яхши шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган». 
Мардикорлик билан шуғулланувчилар асосан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ташкил этади. Уларнинг аксарияти бирор бир касбни эгалламаган, муқим иш билан таъминланмаганлардир. 
Ҳукуматимиз томонидан эҳтиёжманд фуқароларнинг шарт-шароитлари ўрганилиб, «темир дафтар» юритилмоқда. Имтиёзли кредитлар берилиб, камбағалликдан чиқариш учун саъй-ҳаракатлар бошланган.  Бу борада Намангандаги ҳолат қандай? 
– Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига вилоятимизда кам таъминланган оилалар сони 20 385 тани ташкил этмоқда, – дейди вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Юлдузхон Назарова. – Кам таъминланган 24 минг 382 та оила «Темир дафтар»га киритилганди. Қисқа вақтда 13 минг 849 та оила «Темир дафтар»дан чиқарилди. Бу рақамлар ўз-ўзидан камайгани йўқ. Ҳар бир оилага кириб борилиб, яшаш шароитлари ўрганилгандан сўнг амалий ёрдам кўрсатилган. Ишга муҳтож бўлган 10 минг 850 нафар хотин-қизнинг «маҳаллабай» рўйхатлари шакллантирилди ва «Аёллар дафтари»га киритилди.


Ижтимоий шароити оғир 52 нафар хотин-қиз доимий ишга, 118 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 104 нафари тадбиркорлик соҳаларига жалб этилди. 
Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 533  нафар хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳалари учун жами 4 млрд. 900 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилди. Ҳудудий хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари томонидан 1436 нафар аёл тикувчилик, пазандачилик, тадбиркорлик кўникмалари каби йўналишлар бўйича ўқув курсларида ўқитилди. 294 нафар хотин-қизга уй-жой сотиб олиш учун ҳомийлар жалб қилиниб, 6 млрд. 636 млн. сўм миқдоридаги бошланғич бадаллар тўлаб берилди. 
Мардикор аёллар ҳаёти билан яқиндан танишар эканмиз, хулосаларимизни якунлашга шошилмадик. 
Ҳар бир аёл бахтли яшашга, орзулари рўёбини кўришга ҳақли. Улар шикоят қилмаслиги, дардини достон этмаслиги мумкин. Лекин зиммасидаги юки оз бўлсада енгиллашиши ҳам керак. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга ҳукумат даражасида кўрсатилаётган кўмак минг-лаб шундай тоифадаги аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилмоқда. Лекин барибир турли сабабларга кўра оғир меҳнат қилаётган аёлларнинг ён-атрофимизда, маҳалламизда бор экани аччиқ ҳақиқат. Улар ҳаётини янада чуқур ўрганиш алоҳида масала.
Бу мавзуда бир хулосага келиш учун мутасаддилар баробарида кенг жамоатчилик вакиллари бўлган Сиз азиз газетхонлардан ҳам таклиф ва мулоҳазалар кутамиз. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь