Қисқа сатрларда

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

20 April, 2024, 06:37

Жамият

НАМАНГАН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИДА ПРЕСС КЛУБ ИШ БОШЛАДИ

  • 22.Июня.2021
  • 677

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 16 июнь куни “Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари”га бағишланган видеоселектор йиғилишида олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳани ривожлантиришда янги босқичга кўтариш бўйича аниқ топшириқлар берилган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Наманган давлат университетида Пресс клуб ташкил этилди. Университетнинг «Очиқ табиатдаги релаксацион маркази»да ўтказилган дастлабки учрашувда олий таълим сифатини ошириш, янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

Университетда 2021/2022 ўқув йили учун очилиши режалаштирилаётган янги таълим йўналишлари, хусусан, тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, университетнинг кафедралар фаолиятини тубдан такомиллаштириш, Республика ва жаҳон миқёсида ютуқларга эришаётган иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, ўқув режа ва адабиётларини замон талабларига мос равишда қайтадан кўриб чиқиш, кафедраларнинг тармоқ корхоналари билан самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, талабалар турар жойида ўринлар сонини кўпайтириш, бозор талабларига мос ва кадрларга эҳтиёжи юқори таълим йўналишларини очиш масалалари таҳлил қилинди.

Олий таълимга қамров сони муттасил тарзда ошириб борилмоқда. Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, Наманган давлат университетида талабалар сони 2016 йилда 3 минг нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 21 минг нафардан ортди. Бошқача айтганда, олийгоҳга қамров етти баробарга оширилди. Ўқув бинолари сони 11 тага етказилиб, 18 та факультетда 52 та таълим йўналиши бўйича мутахассис кадрлар тайёрланмоқда.

– Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида кафедраларга кенг ваколат берилиши ҳақида ҳам топшириқ берганди, – деди Наманган авлат университети ректори Собитхон Турғунов. – Айни шундан келиб чиққан ҳолда университетда мавжуд кафедраларда ёш, изланувчан кадрларни тўғри танлаш, илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш, илмий-тадқиқот марказларини кўпайтириш орқали қўшимча даромад топишга эътибор кучайтирилади. Келгусида ҳар бир кафедрага хорижий ОТМлардан мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Маълумот ўрнида, 2020-2021 ўқув йилида кундузги таълимда юриспруденция, биотехнология, мевачилик ва узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик, иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш, сиртқи таълимда эса филология ва тилларни ўқитиш, математика, география каби янги йўналишлар очилди.  

Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи чоғида Наманган давлат университетида 2 минг ўринга мўлжалланган “Инновацион факультет”ни барпо этиш вазифаси белгилаб берилиши олийгоҳни истиқболда ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг математика институти Наманган давлат университетида ўз ҳудудий бўлинмасини ташкил этди. Ҳудудий бўлинма водий вилоятларидаги 13 та олий ўқув юрти ва филиаллар математика кафедраларининг 200 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчиси, докторант ва мустақил изланувчиларни қамраб олди.

Шунингдек, университетда Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоят шаҳар ва туманларидаги 206 та умумтаълим мактабида университет тўгараклари, 159 та мактабда эса услубий марказлар ташкил этилди.

Янги ташкил этилган Пресс клуб томонидан нафақат университетда, балки шаҳар ва туманларда, олис қишлоқ ва маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан ҳам мунтазам учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Зеро, Пресс клуб фақат университет фаолияти муҳокамаси ва тарғиботи билангина чекланиб қолмай, балки вилоят ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, ютуқлар ва муаммоларни аҳолига етказиб боради.

Оқилхон ДАДАБОЕВ

Энг кўп ўқилганлар

Календарь