Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 06:34

Жамият

НАЖОТ — ТАЪЛИМДА, ЗАКОВАТДА!

  • 04.Января.2022
  • 681

Таълимга ва спортга сарфланган инвестиция, албатта, ўз самарасини бериши яна бир карра ҳаётий исботини топди. Куни кеча шахматнинг рапид, яъни тезкор йўналиши бўйича жаҳоннинг янги ва энг ёш чемпионига айланган, дунёнинг кўзга кўринган кучли шахматчиларини тенгсиз ақлу заковати билан ортда қолдирган Ўзбекистон фарзанди Нодирбек Абдусатторовнинг ажойиб ғалабаси фикримизга ёрқин мисолдир. 17 ёшли юртдошимиз эришган юксак муваффақият барчамизга чексиз қувонч ва ифтихор бағишлади, билим йўлида заҳмат чекаётган устозлару ва ўқувчиларга беқиёс ишонч улашди.    

 

Шавкатжон АБДУРАЗЗОҚОВ,

Наманган вилояти ҳокими:

- Якунига етаётган йил аввалида “Бир сўм топсак ҳам, йўлга сарфлаймиз, дегандик. Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан автомобиль йўллари ва ички кўчаларни таъмирлашга катта маблағ йўналтирдик. Наманганда 2021 йил давомида энг кўп қилинган иш ва оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда ёритилган мавзу – аксарият кўчаларнинг асфальтлаштирилгани. Вилоят марказидан тортиб чекка ҳудудларгача деярли эътибордан четда қолмади. Янги йилда ҳам мазкур саъй-ҳаракатлар барча туманларда яна давом эттирилади. Бошқача айтганда, “Очиқ бюджет” платформасида энг кўп овоз олган ҳудуднинг кўчаси асфальтлаштирилади.

Яқинда ўтказилган Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 2021 йил якунлари ва 2022 йилнинг устувор вазифаларига бағишланган 27-сессиясида халққа йўллаган Мурожаатимда маълум қилганимдек, янги йилда асосан ижтимоий соҳага эътибор қаратамиз. Таълим ва тиббиётни ҳар томонлама ривожлантирамиз. Чунки нажот – таълимда! Шунингдек, олий таълимга қамраб олиш даражаси ҳам (26,9 фоиз) паст кўрсаткичда (республикада бу кўрсаткич 28 фоиз). Таъкидлаш жоиз, ҳозирда 3 та олий ўқув юрти фаолият кўрсатаётган бўлса, келгуси йилда Наманганда 10 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилади!

2022 йилда мактабгача таълим ёшидаги болалар қамровини 82 фоизга етказиш мақсадида 3 та янги давлат, 4 та хусусий, 2 та давлат-хусусий шериклик, 258 та оилавий боғча, вилоятнинг чекка ҳудудларидаги 58 та маҳаллада 2570 ўринга эга 81 та мактабгача таълим ташкилоти очилади. 11 та давлат мактабгача таълим ташкилоти реконструкция қилинади. Қолаверса, аҳолини соғломлаштириш бўйича билдирган ташаббусимизга кўра, барча мактабларда спорт заллари ҳам қурилади ва мукаммал таъмирланади. Вилоятда жами 771 та мактаб бор бўлса, уларнинг 128 тасида спорт зали мавжуд эмас эди. Бу оғриқли масалани тезроқ ижобий томонга буришга, аҳолини соғлом турмуш тарзига тарғиб этиш учун жиддий аҳамият берамиз.

 

Шавкатбек ШОКИРОВ,

Наманган давлат университети ректорати бош мутахассиси,

“Заковат” клуби координатори:

- 2021 йилда ҳаётимда қатор унутилмас яхши воқеалар рўй берди. Оила қурдим, дўстларим ва яқинларим билан никоҳ тўйимизни чиройли тарзда нишонладик. Иккинчидан, бутун республика бўйлаб ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг финал босқичида қатнашдик. Қизғин кечган ақл беллашувига ўша кунлари сайловолди ташвиқот тадбирлари муносабати билан Бухоро вилоятида бўлиб турган Президентимиз Шавкат Мирзиёев кечқурун шахсан ташриф буюриб, жараённи кузатди. Гарчи мутлақ ғолиб бўлмасак-да, финал баҳслари иштирокчисига айланганимиздан, давлатимиз раҳбари билан учрашганимиздан беҳад хурсандмиз. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланган 2021 йил, айниқса, билимдонлар учун тарихий давр, кутилган ва кутилмаган янгиликлар йили сифатида муҳрланмоқда. Тилларга тушган “Заковат” телеўйини қайта туғилди, десак муболаға эмас.

Келинг, унгача бўлган жараёнларга, тааассуротларим билан ўртоқлашсам. Қизиқишим сабаб, мана, етти йилдирки, зеҳнни оширувчи ақлий машғулотлар билан мунтазам шуғулланаман. “Заковат” мусобақаси мен учун “ҳобби”дан баланд туради. Кўпчилик бу ўйинни фақат теледастурлар орқали билади. Аслида эса, у иқтидорли ёшлар орасида турли кўринишда анча ривожланиб улгурган. Жорий йил ўрталарида “Заковат” ННТ ҳар бир вилоятда ташкил этиладиган брейнринг ўйинларини эълон қилганида мен ҳам қизиққан ҳолда “Мехмаш эрудит” жамоасини шакллантирдим ва тайёргарликни дарров бошлаб юбордик. Июнь ойида навбат Наманган вилоятига келди. Саралашда жамоамиз муваффақиятли қатнашди ва финал йўлланмасига эга чиқди.

Тўрт ой ўтди. Олдинда бизни Бухоро вилояти кутиб турганди. Октябрь ойи яримлаганди. Аввало, Бухорою шарифни зиёрат қилдик. “Grand Bukhara Hotel” меҳмонхонасига жойлаштиришди. Сўнгги ҳозирликни кучайтирдик, деярли ухламадик ҳисоб. Туни билан китоб титкиладик, билимларимизни такрорладик. Ниҳоят, ҳал қилувчи кунлар етиб келди. Ташкилий масалалар ва шароитлар юксак савияда йўлга қўйилган. Финал ўйини “Oazis” сиҳатгоҳига белгиланганди. 2 соатга яқин йўл босиб борганимиз бироз толиқтирса-да, манзилга етганимиздан кейин рўпарамиздаги манзара, гўзал муҳит чарчоқларни бир зумда аритди. Сиҳатгоҳ ростакамига “Заковат” шаҳарчасига айлантирилган эди. Барча ерда “Заковат” байроқлари ҳилпираяпти, вилоят етакчиларида эса ўз ҳудудлари номи туширилган байроқлар. Хуллас, атмосфера юқори даражада.

Финалда бизга 14 та жамоа муносиб равишда қаршилик қилди. Бироқ “Мехмаш эрудит” жамоасининг узоқ ва машаққатли меҳнати ўзини оқлади. Дастлабки раунд 3-2 ҳисобида, иккинчисида эса 4:0 бўлди. Ҳа, тинимсиз интилишларимиз бесамар кетмади. “Заковат” интеллектуал клуби томонидан 100 миллион сўмлик пул мукофоти билан тақдирландик. Илмга эътибор шунчалик бўлар. Эртасига ташкилотчилар брейнринг бўйича вилоят ғолиблари ўртасида гранд финал ўйини ўтказиш ва ғолибларга 6 та “Жентра” автомобили совға қилинишини айтишди. Бу хушхабарлар илм-заковат оламидаги катта ўзгаришлардан дарак эди. Гранд финалида бўлажак чемпион Хоразмга имкониятни бой берган бўлсак-да, жамоамизнинг бирор аъзосида ҳалигача афсусланиш ёки алам ҳиссини кўрмадим. Чунки дўстона ва самимий муҳит бир умрга ширин хотира бўлиб қолганди.

Финалнинг тантанали тақдирлаш маросимида муҳтарам Юртбошимиз нутқ сўзлади ҳамда ўша жойнинг ўзида муҳим қарор ва фармойишларни имзолади. Жумладан, ҳар йили “Заковат” интеллектуал ҳаракатини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллиард сўм маблағ ажратиш, “Заковат” учун алоҳида бино қурилиши, туман, мактаб, олий ўқув юртларида “Заковат” клуби очилиши, “Заковат” стипендияси жорий этилиши ва ҳоказо. Ёшлигимда атрофимдагилар “Заковат” сенга нима беради, нима берди, беҳуда пулларингни сарфлаб, бошингни оғритиб нима қиласан...” дейишарди. Бундай ноқулай вазиятлар ҳар бир заковатчининг бошидан ўтган, эҳтимол. Энди эса умидли, орзуси ушалган чинакам заковатчиларнинг, ғайрат-шижоатли, ташаббускор билимдонларнинг замони келди. Дарвоқе, вилоятга зўр кайфиятда қайтибоқ университетда “Заковат” клубини очдим. Турли ташкилотлар томонидан уюштирилаётган “Заковат” ўйинларига каминани ҳакам сифатида таклиф этишаётганидан мамнунман.

Мақоламизни миллатимиз ёш қаҳрамони – Нодирбек Абдусатторов билан боғлиқ довруқли хушхабар билан бошлгандик. У ҳам 2021 йили “Заковат” интеллектуал клуби ўтказган “Zakovat Gambit” турнирида чемпион бўлиб, 50 миллион сўмни қўлга киритган эди. Илоҳим, мамлакатимизда шундай ақлли, зеҳни ўткир йигит-қизлар сафи кенгаяверсин!

“Янги Ўзбекистон” мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь