Қисқа сатрларда

Анъанавий «Гуллар фестивали» ўтказилиш санаси маълум қилинди

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

29 March, 2024, 11:12

Жамият

ОФТОБ УРИШИДАН ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАНИШ МУМКИН? – МУТАХАССИС ТАВСИЯСИ

  • 12.Июня.2021
  • 1561

Бу йил ўлкамизда ҳали ёз мавсуми бошланмай туриб, иссиқлик даражаси одатдагидан юқори кўрсаткичларда қайд этилди. Июнь ойининг биринчи ўн кунлигида  ҳаво ҳарорати +45 даражага кўтарилгани  айрим хасталикларнинг авж олишига ҳам сабаб бўлди. Бундай об-ҳавода ёз касаллиги ҳисобланмиш офтоб уриши ёки халқ тили билан айтганда дам уриши ҳоллари ҳам ўз-ўзидан кўпайгани кузатилмоқда. 

Ҳали ёзнинг, саратон ва асаднинг жазирама кунлари олдинда. Ана шу серқуёш кунларда офтоб ёки иссиқ уришидан қандай муҳофазаланиш мумкин? Мабодо шундай ҳол рўй берганда қандай чора-тадбирларни қўллаш зарур?

Мухбиримиз шу каби саволлар билан Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари акционерлик жамияти Наманган тиббий-санитария қисми врач-терапевти, олий тоифали шифокор Муҳаббатхон РАҲМОНОВАга юзланди.

– Ҳаммамизга маълумки, ҳар бир фаслнинг инсон саломатлигига нисбатан  салбий ва ижобий таъсирлари бор. Биз қиш изғиринларидан, баҳор инжиқликларидан сўнг ҳароратли кунларни соғиниб қоламиз. Бироқ ҳар бир нарсада меъёрга риоя қилиниши лозим бўлганидек, қуёш тиғида кўп қолиш, димиққан хонада, дам ҳавода туриш – офтоб уришига сабаб бўлади. Булар  қуёшнинг тикка нурлари остида яланг бошни ва баданни ҳимоя қилмаган ҳолда туриш  оқибатида содир бўлади.

Биз шунчаки «офтоб уриши», дея беписандлик билан қарайдиган ҳолатнинг аслида хатарли оқибатлари анча-мунча. Эшитишимизча, 2015 йилнинг июнь ойида ҳаво ҳароратининг +45 даражага кўтарилиши оқибатида Покистоннинг Карачи шаҳрида 1000га яқин киши ҳалок бўлган экан. Бу каби  нохуш воқелар бошқа мамлакатларда ҳам бўлиб туради.

Офтоб уришининг олдини олиш учун бошга  енгил, очиқ рангдаги бош кийими кийиб, кўзларни қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш лозим. Қуёшда, чўмилиш жойларида узоқ вақт қолиб кетмаслик, айниқса,  куннинг қуёш фаоллиги даври ҳисобланадиган 12.00 дан 16.00 гача очиқ  майдонларда, кўчаларда бўлмаслик, қуёшда тобланишга тўғри келиб қолинса ётган ҳолда эмас, балки ҳаракатланиш жараёнида амалга ошириш зарур. Иссиқ кунларда енгил, ҳаво ўтказадиган пахта ва каноп толасидан тўқилган, танадаги тернинг чиқиб кетишига тўсқинлик қилмайдиган кийимлар кийиш керак. Иссиқ пайтда каллорияси кучли таомлардан тийилиб, кўпроқ сут-қатиқ, мева-сабзавотлар истеъмол қилишни маслаҳат берамиз.

Организмда сув балансини ушлаб туриш учун кунига 3 литр атрофида сув, минерал сув, махсус тузли эритмалар ичинг. Вақти-вақти билан юз ва бўйнингизни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артинг. Иссиқ шароитда ишлаганда имкон даражасида бот-бот салқин жойда дам олинг.

Офтоб урган ҳолатда кишида тана ҳарорати  ҳатто +40 даража ва ундан баландга кўтарилиши мумкин. Умумий дармонсизлик, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, қулоқ шанғиллаши, бош айланиши, қон босимининг пасайиши, бурун қонаши, оғир ҳолларда тиришиш ва комага тушиш кузатилади. Кўпроқ офтоб уришига ёш болалар ва ўсмирларда мойиллик бўлади.

Бундай чоғда беморга шошилинч биринчи ёрдам кўрсатиш лозим. Уни зудлик билан очиқ ҳавога, салқин жойга олиб чиқилади. Ечинтириб, ҳўл чойшабга ўралади. Бош соҳасига ҳам совуқ нарса қўйилади. Беморни горизонтал ҳолда ётқизиб, оёқларини бир оз кўтариб қўйиш, елпиш керак. Кўп миқдорда салқин ичимлик, оддий сув ёки оз миқдорда туз ва шакар қўшилган суюқлик ичирилади. Юзини совуқ сув билан ювиш лозим. Шунингдек, қатиқ ичириш яхши фойда беради. Одатда офтоб урган кишига бир неча кун ёғсиз қатиқ ичиш тавсия этилади. Чунки, бу маҳсулот организмни тикловчи ва совитувчи воситадир.

Шифокорлар офтоб урган одамга бир неча кун ётишни тавсия қиладилар. Боиси, организмдаги асаб тизими, қон айланиши ва бошқа бир қатор бузилган биокимёвий реакциялар тикланиши учун вақт керак бўлади.

Агар эътибор берсангиз, қиш фаслида бувиларимиз, оналаримиз идишларга қорнинг сувини тўплаб, уни қоронғу ертўлаларда сақлайдилар. Мабодо ёзда бирон кишини офтоб ургудай бўлса ўша қор сувида чўмилишни, юз-қўлларни ювишни, ҳатто ичишни ҳам таклиф қиладилар. Бу ҳам халқ табобатидаги энг яхши, синалган муолажалардан бири ҳисобланади.

Рислиқхон МАЖНУНОВА ёзиб олди.

 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь