Қисқа сатрларда

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

19 April, 2024, 06:47

Жамият

ОТМЛАРГА ҚАБУЛ ЖАРАЁНИ АДОЛАТЛИ ЎТДИМИ?

  • 26.Октября.2019
  • 1007

Бу саволни сарлавҳага қўйишимизнинг сабаби, ушбу саволга жавоб ҳар хил: кўпчиликнинг фикрича қабул адолатдан йироқда ўтди. Мисол учун, бизнинг университетнинг физика йўналишига ҳужжат топширган абитуриентлардан бири жавобларни белгилайдиган варақада фанларнинг жойлашиши фанлар бўйича жавобларга бериладиган баллар катта-кичиклигига тескарилигидан нолийди.

Варақада 1 - она тили, 2 - математика, 3 - физика жойлаштирилган. Жавобларга бериладиган баллар бўйича эса 1-физика, 2 - математика, 3 - она тили бўлганлиги боис физика бўйича жавобларни она тили графасига, она тили бўйича жавобларни эса физика графасига ёзган ва натижада бали пастлаб кетган. Бунга ўзи айбдор-да, эътиборсизлик қилган, дегувчилар ҳам топилади, албатта. Аммо ҳаяжонланиб турган абитуриентнинг ҳолатини тушунадиганлар ҳам йўқ эмас. Буни тест марказидагилар ҳисобга олишлари керак эди.

Иккинчи катта асос, бу ДТМ (норасмий) телеграмм каналида катта баҳсларга сабаб бўлган Х вариантларнинг 1 августдан тарқалиб кетишидир. Бунинг асосий сабабчиси фақат ДТМ ходимлари бўлиши мумкин. Натижада ўша кундан кейин баллар бирданига кўтарилиб кетди. 189 балл олганлар ҳам ўта кўпайди. Бир ўйлаб кўринг-а: 189 баллни ўта билимдон киши, яъни соҳа профессори ҳам олиши қийин. Бу ҳолат Х вариантдан фойдаланиш имконияти йўқлар ҳамда у тарқалгунча тест топшириб бўлганларнинг имкониятини кескин тушириб юборди ва уларда норозилик уйғотди.

Бу борада айтиш лозимки, Х вариантдан фойдаланганлар абитуриентларнинг кичик бир қисмини ташкил этади, холос. Аммо улар давлат гранти ҳисобига ўқийдиганларнинг асосий қисми бўлиб қолади. Кўп ҳолларда бундай йўл билан грантга ўқишга қабул қилинганлар ўқиш давомида контрактда ўқийдиганларга қараганда суст ўзлаштиришлари билан ўзларини «намоён» қилиб қўядилар. Бундай ҳолат ҳамма олий ўқув юртларида учрайди. Шунинг учун грантни ҳар семестрда имтиҳон натижалари бўйича гуруҳ талабаларининг тўла иштирокида ошкора тақсимлашни йўлга қўйиш керак.

Учинчидан, абитуриентларнинг айтишича, уларнинг 80-85 фоизи тест ўтказилаётган бинони жуда тез, 30-50 минут ичида тарк этадилар. Баъзилари ҳатто имтиҳон варақасини тўлдирмасалар ҳам керак. Бу эса шубҳали. Уни кейин «танишлари» тўлдириб қўярмикан, деб ўйлаш мумкин.

Абитуриентлардан бири мактабдаги синфдошидан яхшироқ ўқиган, билимли бўлгани ҳолда паст балл олиб ўқишга кира олмагани, шериги эса ўқишга қабул қилингани тўғрисида бир-бири билан беғубор суҳбатлашиб, «Дўстим кел, қабул комиссиясига бориб, менинг ўрнимга сени қабул қилишларини илтимос қиламиз», – деган сўзлар билан шеригини овутиши қалбингни тирнайди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Булар ҳаммаси тестнинг қусурларидир. 

Яна бир мисол. Қўлимизда бир абитуриентнинг тест варақаси турибди. Жавоблар варақасида математика ва физика бўйича фақат «Б» вариант белгиланган, рус тили ва адабиёти бўйича ҳар бешта саволга кетма-кет бешта бир хил вариант белгиланган, Худди тестнинг устидан кулгандай! Натижа эса ҳайратланарли – 72.1 балл берилган ва грант асосида Тошкент Давлат Техника университетига 5311700 - фойдали қазилма конлари геологияси, қидирув ва разведкаси (кон турлари бўйича) ихтисослиги бўйича талабаликка тавсия этилган. Бунга энди нима дейсиз!?

Сўровларга қараганда, абитуриентларнинг 70-80 фоизи тестдан ана шундай ўтишади. Омади келгани олий ўқув юртига қабул қилинади. Бу айниқса, мавқеи паст ихтисослик йўналишларига хос. Бундан баъзи нопок тест олишга жалб қилинганлар «фойдаланиб» қолишади; 5-10 та содда ота-оналар илтимос билан мурожаат қилишса, уларнинг пулларини олиб сақлаб қўйишади. Тасодифан абитуриент тестдан ўтиб кетса, пуллар ёнга қолади; ўтиб кетолмаса – қайтариб берилади. Бундай мисоллар тест тизими Ўзбекистонда яхши натижа бермаётганини кўрсатади. Худди коллежлар ҳам бизда кутганимиздек натижа бермаганига ўхшаш. 

 Тест жараёнини ўтказиш учун жуда кўп сарф-харажат қилиниши ҳеч кимга сир эмас. Юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар бўйича юртимиз келажаги учун киритилаётган сармояларни шунчаки ҳавога совураётгандаймиз назаримда. Маълумки, тест жараёнини шаффоф ва адолатли ўтиши учун кузатувчилар ёлланади. Билишимизча, уларнинг ҳар бирига бир сменада тургани учун 90-100 минг сўмдан тўланибди. 

 2015 йилдан бери тест натижаларини кузатиб юраман. Тест топширганлар орасида 80 балдан паст олганларнинг ҳиссаси 70-72 фоиз атрофида эди. Бу ҳисса кўпайиб бориб, 2017 йилда 75 фоиздан ошган эди. Кейинги ҳисоблашларга қараганда 90 фоизга яқинлашиб қолди. 

Ўқитувчи ва талабаларга кўрсатилган ва кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг натижаси ҳозирча абитуриентларнинг билимида сезилмаяпти. Бу ҳолатни тўғрилашга интилиш ҳам йўқ. Олий ўқув юртлари мактабларга саводи суст битирувчиларни юборишдан тўхтамаяпти. «Маърифат» газетасининг 2018 йил 14 июль сонида домласи ёзиб берган битирув малакавий ишини ўқиб бера олмайдиганлар ҳам диплом олиб кетаётганлиги тўғрисида ёзилганди. Бу ҳозирда ҳам давом этяпти. Бунинг олдини олиш учун соҳасини яхши ўзлаштирмаган битирувчиларга диплом ўрнига олий ўқув юртини битирганлиги тўғрисида предметлардан олган баҳолари кўрсатилган маълумотнома бериб, уч йил ишлаганидан кейин мактабдан ижобий характеристика олиб келса, дипломини бериш тўғрисидаги таклиф жавобсиз қолди. 

Олий ўқув юртларига қабул борасида ўзимиз айбдордирмиз балки. Балки ўқишга кириш масаласини мактаб ва олий ўқув юрти ҳамкорликда ҳал қилса, бу ҳолатдан қутулиш мумкиндир. Мисол учун, мактаб ўзининг ўқувчисини унинг билимини холис ҳисобга олган ҳолда соҳасини кўрсатиб, олий ўқув юртига тавсия қилади. Олий ўқув юрти уни диктант ёздириб, соҳаси бўйича имтиҳон қилиб, қабул қилиш масаласини ҳал этади. Диктантлар ва соҳа бўйича имтиҳон натижалари халқ таълими бўлимлари орқали мактабларга тарқатилади ва мактаб фаолиятини баҳолашда ҳамда ўқитувчиларга ҳақ тўлашда ҳам асосий кўрсатгич бўлиб хизмат қилади. Бу биринчидан, ҳозирги вақтда тест марказига ва тест жараёнини ўтказишга сарфланаётган жуда катта – миллиардлаб маблағларни тежашга имкон беради. Иккинчидан, мактаб ва ўқитувчиларнинг обрўсини оширади ҳамда уларга ўзлари олий ўқув юртларига йўллаган ўқувчиларининг билими учун масъулият юклайди. Айни пайтда эса қабулнинг сифати учун жавоб берадиган ташкилот йўқ. 

Яна бир муаммо, ҳозирда катта пул эвазига жуда паст баҳо олганларни, қарийб саводсизларни ҳам ўқишга киритиш мумкин. Бу олий ўқув юртларига киришда порахўрликни кескин камайтирди. Аммо бундай талабалар кейинги курсларда ҳам курсдошлари даражасига ета олмаяптилар. Бу улар билан қўшимча шуғулланишни талаб қилади ва бунинг учун яна кераклича маблағ ажратилиши лозим. 

Хулоса қилиб айтганда, ўрта ва олий мактаб ўқитувчилари ўзларига кўрсатилаётган ғамхўрликларни оқлашга ҳар томонлама ҳаракат қилишлари лозим. Бунда ўқувчи ва талабаларнинг ота-оналари ҳам четда турмасдан, фарзандларининг нечоғли билимдонликларига жавобгар бўлишлари зарур ва буни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига алоҳида банд билан киритиш керак, деб ўйлаймиз.

Баҳодир КАМОЛОВ,

НамДУ экология кафедраси профессори, 

география фанлари доктори.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь