Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

24 April, 2024, 11:55

Жамият

СОЯДА ҚОЛГАН ГУЛЛАР ЁХУД ОПА-СИНГИЛЛАРИМИЗ НЕГА ЖИНОЯТ СОДИР ЭТМОҚДА?

  • 17.Февраля.2021
  • 864

Аёл – меҳрдан, муҳаббатдан яралган.  Нозик қалбли бўлса-да, табиати тош келса кемириб, сув келса симириб яшашга мослашган, тоғдек метин бардоши билан зиммасига ҳаётнинг майда чигал ташвишлари, ечими тугамас муаммоларини ортмоқлаб олганлиги айни ҳақиқат. 

2020 йил давомида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2019 йилдагига қараганда сезиларли даражада ортган. 
Ҳақли савол туғилади. Нега аёллар, қизлар жиноят кўчасига кириб қолмоқдалар? Уларни бу ишга нима мажбур қиляпти?  Айрим жиноятларни ўрганиб, таҳлил қилишга уриндик. 
Ҳеч кузатганмисиз? Бирор оилада низолар сабаб вазият эр ва хотиннинг ажралишини тақозо этса, шубҳасиз, бундай пайтда барча айблар ва эҳтимолки, рўзғорнинг оғир юки осонгина ожизалар елкасига юкланиб қолаверади. Гўёки аёл бир умр қийинчилик ва заҳматларни тортиб яшашга маҳкум этилгандек... Ажралишган оилаларда табиийки, фарзандлар ҳам она билан қолишга ўз-ўзидан мажбур. Эркаклар табиатан шундай яралган, фарзандга аёлдек меҳр кўрсата олмайди, деган қараш бор жамиятимизда. 
Табиийки, ота ёки она меҳридан мосуво оилаларда мажруҳ ва шикаста, аламзада болалар камолга етади. Шунинг учун бўлса керак, жамиятимизда соғлом оилаларни шакллантиришга, оилавий ажримларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
Иш юзасидан маҳалла фуқаролар йиғинига боришга тўғри келди, ажралиш ёқасида турган оиладаги муаммо яраштирув комиссияси аъзолари томонидан муҳокама этилаётган экан.  Оила янги уйга кўчиб ўтган, эр ичкиликка берилиб кетгани учун тез-тез жанжал-тўполон чиқа бошлаган. Ҳар куни маст-аласт келиб фарзандлари олдида аёлини ҳақоратлаш, аёвсиз калтаклашдан безиган аёл аввал ота-онасиникида яшабди. Уч фарзанди билан ота эшигига сиғмаган аёл эриникига қайтган. Бундан хулоса қилиш ўрнига эрнинг тўполон, уруш-жанжаллари яна муттасил давом этаверган. Пичоқ суякка бориб қадалгандан кейин аёл маҳалла участка инспекторига мурожаат қилишга мажбур бўлган. Ўзининг шунча айби бўла туриб, эрининг устидан шикоят қилган хотинини кечира олмаган эркак шартта уйдан чиқиб кетиб, онасиникига йўл олган. 

Яраштирув комиссияси аъзолари на эрга, на хотинга гап уқтира олишди. Аёлнинг асаблари чарчаган, уч фарзандни едириб-ичириш, ўқитиш, уларга ҳам ота, ҳам она бўлиш машаққатлари жуда ҳоритиб қўйганлиги сезилиб турибди. «Менга қолса ҳеч қачон ярашмасдим, қизим 2-3 йилда мактабни битиради. Ўғлим вояга етяпти, уларга ота тарбияси керак». Эрнинг иддаоси битта: «Менга бўйсунмайди, ҳурмат қилмайди, гап қайтаради». 
Шу ҳолатдаям фарзандлари тақдирига ота эмас, она жон куйдиряпти. Отанинг ўзи тарбияга муҳтож бўлса, фарзандга қандай таълим-тарбия бериши мумкин? Кўпни кўрган нуронийлар, маҳалла фаолларидан нажот кутаётган аёлга раҳмингиз келади... 

Нозигул ўғирлик билан қўлга тушди. Отаси Россияга ишлагани кетиб, қайтмаган. Она уч болани ташлаб, ишлагани кетиб ўша ёқдан нари бошқа бировга турмушга чиқиб кетган. Учта норасидани ким ҳам боқиб олади дейсиз, онаси ким эди, боласи ким бўларди деб очиқдан-очиқ эътирозлар сабаб болалар сарсон бўлишди. Нозигул тоғасиникига, икки укаси узоқроқ қариндошлариникига бўлинишди. Бобо ва бувиси борлигида Нозигулнинг ҳаёти яхши эди, лекин улар ўтиб кетганларидан кейин келинойисининг турткилашлари, ҳар куни ҳақорат эшитиш жонига тегди. У ташландиқ буюмдек кераксиз бўлиб қолди,  ҳамма уни ёмон кўрарди. Яқинлари эса қизнинг орзулари билан қизиқмади. Нозигулнинг ҳам тенгдошлари қатори яхши кийингиси, ўқигиси келарди. Муҳтожлик ва аламзадалик, меҳрсизлик уни жиноят кўчасига етаклади. Аввал келинойисининг тилла балдоғини ўғирлаб, қўлга тушди. Кейин мактабдаги устозининг сумкасидан 500 минг сўм ўғирлади... 

Туманлардан бирида 20 ёшли қиз амакисининг оддий танбеҳини кўтара олмай қорнига ошхона пичоғи санчиб, оғир даражада тан жароҳати етказган. Ёки ота-онасини кўргани бораман деган аёл эрининг рухсат бермагани туфайли жанжаллашиб қолиб, пичоқ ўқталган. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ачинарлиси, хотин-қизлар томонидан қотиллик,  оғир тан  жароҳати етказиш, талончилик, ўғирлик, гиёҳвандлик, безорилик билан боғлиқ жиноятлар ҳам содир этилган.  
Юқоридаги факт ва рақамлар, мисоллар жиноятлар профилактикаси борасида тизимли ишлар ташкил этиш кераклигини, ҳушёр ва огоҳликни қўлдан бой бермаслигимиз кераклигини англатиб турибди. 
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жиноятлар оилавий муҳит, шароит оғирлиги,  эҳтиёжларнинг ортиши, енгил-елпи ҳаётга интилиш, тўқликка шўхлик туфайли содир этилмоқда. Сериаллар, интернет оламидаги шов-шувлар ҳам антитарғибот вазифасини ўтамоқда.   Жиноятларнинг аксариятига меҳрсизлик, эътиборсизлик, аламзадалик сабаб бўлаётгани аччиқ ҳақиқат...    
Албатта, баҳсли мунозаралар ўз-ўзидан маҳаллалардаги бугунги аҳвол қай даражада эканига бориб тақалади. Маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилалардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш учун яхлит тизим яратилгани натижасида босқичма-босқич муаммолар бартараф этиляпти. Одамларга яхши шароитлар яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишларга маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси  хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Юлдузхон Назарова қуйидагича  изоҳ берди. 
«Маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, яшаш шароити оғир хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича ишлар давом этмоқда. Хонадонма хонадон аҳоли вакиллари билан учрашувларда оилалар яраштириляпти, моддий кўмак бериляпти.  Вилоятимизда 2020 йилда зўравонликка учраган 294 нафар аёлга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилди. 232 та оила яраштирилди, 598 та оилавий низолар бартараф этилди ҳамда тўрт нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди. 741 нафар оғир шароитда яшаётган хотин-қизларнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш чора-тадбирлари белгиланди. Тижорат банклари томонидан 1 925 нафар тадбиркор аёлнинг бизнес-лойиҳалари учун 62,2 миллиард сўм, хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эса 1 007 нафар хотин-қизга 15 млрд. 645 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун тавсияномалар бериш ва ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси томонидан белгиланган мезонларга асосан тавсияномалар олиб, талабаликка қабул қилинганлар 28 нафарни ташкил этмоқда. 
Демак, эътиборга, меҳрга, қўллаб-қувватлашга муҳтож шунча қизларимизнинг келажакда олий маълумот олиши ва уларнинг ҳаёти изга тушишига кўмаклашилгани катта воқелик бўлганини алоҳида эътироф этишимиз керак.
Жиноятларнинг олдини олишда фақат тарғибот ишлари олиб борилиши билангина мақсадга эришиш мушкул. Тарғибот таъсирчанлигини оширишда билимли, тажрибали, кўпчиликни ортидан эргаштира оладиган инсонлар кўмагидан фойдаланишимиз лозим. Ишсизлик муаммосини ҳал этиш, хотин-қизларни касбга йўналтириш борасида ҳамкор ташкилотлар билан амалий ишлар ташкил этишимиз керак. 
Жиноят содир этиб, жазодан озод этилган, тузалиш йўлига кирган хотин-қизларга ҳам алоҳида кўмак ва эътибор зарур. Инсонпарварлик тамойилларига кўра жазодан озод этилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳаётга мослаштириш борасида вилоятимизда қандай ишлар амалга ошираётгани билан ҳам қизиқдик. 
- 2020 йилда жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган 23 нафар хотин-қиз тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб,  уларнинг  22 нафари ишга жойлаштирилди. 11 нафар хотин-қиз кафиллик асосида озод этилди, - дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўлинмаси бошлиғи Насиба  Турғунова. -  Улар билан доимий равишда мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Кечиримлилик сиёсати туфайли йўлдан адашганлар ҳаётда ўз ўринларини топмоқда, уларга хатоларидан хулоса чиқаришга имкон яратилмоқда. 
Жамиятимизда оқила, билимли, эпчил, уддабурон, ҳаётда катта муваффақиятларга эришаётган аёллар, қизлар сафи жуда кўпчиликни ташкил этади. Жиноят кўчасига кирган опа-сингилларимизнинг ҳаётига назар ташлаш билан уларни бу йўлдан қайтариш, боши берк кўчага кириб қолган аёлларга меҳр ва эътибор кўрсатиш ҳар биримизнинг юксак инсоний бурчимиз эканини англатиб қўймоқчимиз. Зеро, жиноят ўз-ўзидан содир этилмайди, йўлдан адашганлар ҳам аввало инсон, улар билиб-билмай шу ишга қўл урган бўлишлари мумкин. Инсонпарварлик, кечиримлилик сиёсати туфайли суд залларидан озод этилган, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган опа-сингилларимизга фақатгина мутасадди идоралар эмас, балки ҳар биримиз ёрдам беришга қурбимиз етади. Агарки, шароит сабабми ёки бошқа омиллар туфайли бўлса ҳам биргина жиноят содир этилиши жамият учун катта фожиадир. Лоқайд ва беэътибор бўлмасак ана шу фожиа рўй бермаслиги ҳам мумкин. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.
 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь