Қисқа сатрларда

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Хорижда ишловчиларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш учун компенсация берилади

«Наврўз» маҳалласида замонавий хизмат кўрсатиш маркази фойдаланишга топширилди

Наманганда АйТи соҳаси ривожланишнинг янги босқичига чиқди

16 April, 2024, 01:49

Жамият

ТАБИАТ – УМУМИЙ УЙИМИЗ ЁХУД ОДАМЛАРИМИЗДА ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ ҚАЧОН РИВОЖЛАНАДИ?

  • 03.Февраля.2021
  • 1378

Экология бугун дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган, инсоният келажагига дахлдор долзарб масалалардан биридир. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қобилжон МИРАҲМЕДОВ билан суҳбатимиз ҳам шу мавзуда бўлди.
– Учинчи минг йилликнинг бошланиши муҳим икки тамойил билан характерланади: глобал экологик муаммолар (иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши, ичимлик сувининг ифлосланиши ва етишмаслиги, биохилма-хилликнинг қисқариши, ортиқча ҳажмдаги чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши ҳамда уларни зарарсизлантириш муаммолари ва бошқалар) ҳамда дунёнинг жадал суръатларда ўзгариб бораётгани. Шунинг учун ҳам кечаги мезонлар билан эртанги истиқболни белгилаб бўлмайди, дейди Қ. Мираҳмедов.                 
Бу каби муаммолар юртимиз учун ҳам хосдир. Мустақилликка эришган Ўзбекистонга  собиқ тузумдан беқарор бошқарилган табиий ресурслар, коммунал, саноат чиқиндилари билан зарарланган она табиат, пала-партиш суғоришлар оқибатида захарланган замин каби мураккаб экологик муаммолар мерос қолди. Мавжуд бой табиий ресурс ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича зарур шарт-шароитларни яратмай туриб эса барқарор ривожланишга эришиб бўлмасди. Бу, шунингдек, мамлакат аҳолиси саломатлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланишини ҳам англамоқ лозим. 
Шунинг учун ҳам Конституциямизда экологик тараққиёт стратегиясининг асосий қоидалари, экологик ва аҳолининг экологик хавфсизлигига доир талаблар, унда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича энг муҳим ва асосий қоидалар белгилаб берилди. Асосий қонунимиздан ижтимоий-сиёсий тусдаги нормалар билан бир қаторда, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишни тартибга солувчи махсус экологик меъёрлар ҳам ўрин олди. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг махсус экологик нормалари тизими қуйидагича белгиланди: фуқароларнинг экологик бурчи (50-модда); мулкдан фойдаланишнинг экологик талаблари (54-модда); давлат экологик сиёсатини амалга ошириш принципларини белгилаб берувчи нормалар (55-модда) ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг экология соҳасидаги ваколатлари (100-модда).
Шу боис, қулай табиий муҳитни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга мамлакатимиз раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Сўнгги уч йилда Президентимизнинг айнан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир 5 та қарори ва 8 та фармони, ҳукуматнинг 32 та қарор ва фармойиши қабул қилингани, бир нечта қонун ва қонуности ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани ҳам юқоридаги фикримиз исботидир. 
Мазкур қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш, вилоятда экологик ҳолат барқарорлигини сақлаш борасида 2020 йилда муайян ишлар амалга оширилди, профилактик-тушунтиришларга урғу қаратилди. Лекин қонунбузилиш ва ҳуқуқбузарликлар ҳамон юқорилигича қолмоқда. Буни қуйидаги рақамлардан ҳам билиш мумкин: 2020 йилда  атмосфера муҳофазаси, ер ва ерости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш каби соҳаларда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган 2844 нафар шахс аниқланиб, уларга нисбатан 2040,7 млн. сўм маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Жумладан, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаган 1363 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан 273,1 млн., атмосфера хавосини муҳофаза қилиш йўналиши бўйича олиб борилган назорат тадбирларида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 673 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан 213 млн., сув, ер ресурслари, ерости бойликларини муҳофаза қилиш йўналиши бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 482 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан эса 1 млрд. 143 млн. 322 минг сўм маъмурий жарималар қўлланилди. 

Мисолларга мурожаат қилсак: 2020 йил 13 октябрь куни Чортоқ тумани, Короскон маҳалласида яшовчи Ш.В. белгиланмаган жойга уй-рўзғор чиқиндиларини ташлагани учун МЖтКнинг 911-моддасига асосан, 223 000 сўм миқдорида маъмурий жарима жазосига тортилди. Наманган шаҳрининг Жалолиддин Мангуберди кўчасида яшовчи Д.И. ҳам шундай қонунбузарлик содир этгани учун каттагина жарима тўлашга мажбур бўлди.
2020 йил 25 май куни Тўрақўрғон тумани, Гулқишлоқ маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Н. эса тегишли органлар рухсатисиз арча дарахтини ноқонуний равишда кесиб юборган. Унга нисбатан ҳам МЖтКнинг 79-модда, 1-қисмига асосан 1 115 000 сўм миқдорида маъмурий жарима жазоси белгиланди ҳамда ўсимлик дунёсига етказилган 133 800 сўм миқдоридаги зарар ундириб олинди. Айнан шундай қонунбузарликни Наманган тумани, Шишаки маҳалласида яшовчи Х.Т. ҳам содир этган – у ҳеч қандай рухсатсиз тўртта арча дарахтини ноқонуний равишда кесиб юборган. Оқибатда, бу фуқарога нисбатан МЖтКнинг 79-модда, 1-қисмига асосан баённома расмийлаштирилиб, у 2 230 000 сўм миқдоридаги маъмурий жарима ва ўсимлик дунёсига етказилган 1 009 800 сўм миқдоридаги зарарни тўлади. 

Маълумки, тегишли органлар рухсатисиз фойдали қазилма (тупроқ)ларни кавлаб олиш ҳам тақиқланган ва бундай қонунбузарлик содир этган шахслар тегишли жазога тортилади. Мингбулоқ туманининг Жомашўй маҳалласида яшовчи Н.Ж. айнан шундай қонунбузарликка йўл қўйди – у Сирдарёдан қум ва шағалларни ҳеч қандай рухсатсиз кавлаб олиб, юк автомошиналарига юклаган. Бу шахсга нисбатан ҳам МЖтКнинг 701-моддасига асосан 6 690 000 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди. Поп туманининг Санг маҳалласилик Х.Х.дан ҳам айнан мана шундай ноқонуний фаолияти учун тегишли миқдордаги маъмурий жарима ундириб олинди. 
Она табиатимизга ўзларининг юқоридаги каби қонунбузилишлар билан бирга ўсимлик қолдиқларини ёқиш, канал ёки ариққа ахлат ағдариш каби ҳаракатлари билан зарар етказаётган шахслар ҳам анчагина. Учқўрғоннинг Катта чек маҳалласилик Н.О. ва Уйчининг Жийдакапа маҳалласида яшовчи Ж.М.ларни шундай тоифага киритиш мумкин. Бири дала майдони четида тўпланиб қолган ўсимлик қолдиғини, иккинчиси эса турли хилдаги чиқиндиларни ёқиб юбориб, атмосферага кўп миқдордаги зарарли моддаларнинг чиқарилишига сабабчи бўлишган. Қонунбузарлар МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан 669 000 ва 223 минг сўм миқдоридаги маъмурий жарима жазосига тортилдилар. 


Янгиқўрғон тумани, Навкент маҳалласида яшовчи Т.М. эса турли хилдаги қаттиқ ва суюқ чиқиндиларни каналга оқизиб сувни ифлослантиргани учун МЖтКнинг 72-модда 1-қисмига асосан 669 000 сўм миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлди.
– Сизнингча одамларимизда экологик маданиятни ривожлантириш учун нималарга асосий эътибор қаратиш лозим?
– Авваламбор, фуқароларимиздаги бефарқлик иллатига чек қўйиш керак. Яқиндагина газетада Ахсикент тарихи ҳақида бир мақолани ўқиб қолдим. Унда ёзилишича, қазишмалар давомида шаҳардаги ҳар бир хонадоннинг алоҳидадан ахлат чуқури бўлган экан. Ҳозир-чи?! Ахир яқин-яқингача ҳам ахлатни сувга ташламаслик, ариққа тупурмаслик, дарахтларни, ҳайвонот дунёсини, она табиатни асраб-авайлаш лозимлиги ҳақидаги ўгитларни ҳар бир ота-она фарзандларига уқтирар эди-ку. Ҳатто ахлатни кўчага олиб чиқиб ташлаш уйдан баракани кетказади, деган пурҳикмат гаплар ҳам бўларди. Бизнингча, бу масалада биз катталар ёшларга ибрат бўлишимиз шарт.
Шу мақсадда 2020 йил 29 июль куни вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан биргаликда «Аҳолининг экологик маданиятини ошириш, маҳаллаларда маиший чиқиндиларни йиғиб олиш, кўчаларни озода сақлаш ва ободонлаштириш бўйича янги тизимни йўлга қўйиш тўғрисида»ги қўшма қарор имзоланди. Унда келгусидаги вазифалар, ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларни белгилаб олганмиз ва ҳозирда шу асосда корхона, ташкилот, муассасаларда, маҳалла ва ўқув юртларида тушунтириш, профилактика ишлари олиб бориляпти.
– Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан қулай табиий муҳитни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда юқоридаги каби ҳуқуқбузарликларга дуч келиш анчагина оғриқли. Бу айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимиз дунёга юз тутиб, хорижлик сайёҳларни ўз бағрига чорлаётганда... 
– Фикрингизни тушундим. Кейинги  йилларда аҳолига санитар-тозалов хизматларини кўрсатиш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилди, ижобий натижаларга эришилди ҳам. Жумладан, республикада биринчи бўлиб Наманганда давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида санитар-тозалов хизмати кўрсатилиши ташкил қилинди ва бу орқали «Наманган Мусаффо иқлим» МЧЖ томонидан вилоятимиз маркази, шунингдек, Наманган, Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманларига давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилди. Яқин йилларда эса мазкур лойиҳа доирасида 80 та чиқинди ташиш техникасини харид қилиш орқали аҳолининг бу хизматга бўлган талабини тўлиқ қамраб олишни режалаштирганмиз. Яна шунингдек, учта чиқиндиларни саралаш  ва иккита чиқиндини  қайта ишлаш корхонасини ташкил этишни мўлжаллаганмиз. Бу мақсадларимиз амалга ошса 796 та янги иш ўрни яратилади. 
Президентимиз томонидан 2020 йил  5 март куни Ўзбекистон Республикасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Экологик кодексни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Биз ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Экологик партиядан сайланган депутатлар билан ҳамкорликда мазкур масалада манзилли иш олиб боряпмиз. 


Умуман олганда, ўтган йилнинг ўзида ҳукумат томонидан тасдикланган дастур асосида вилоятимизга маҳаллий бюджетдан 17,6 млрд. сўм маблағ ажратилиб, 20 та махсус чиқинди ташиш техникаси, 2 та чиқинди полигони махсус техникаси ва 133 та чиқинди контейнери харид қилиниши учун маблағ молиялаштирилди. Бундан ташқари, 2020 йилда Поп ва Тўрақўрғон туманларидаги чиқинди полигони тартибга келтирилди. Косонсой, Учқўрғон ва Чортоқ туманларида маъмурий бино ва автогараж қурилган бўлса,  яқин вақтларда шаҳар ҳудудида 15 та модул типидаги чиқинди йиғиш шохобчаси барпо этилади. 
Келгуси режаларимиз ҳам аниқ: аҳолини санитар-тозалов хизматлари билан 100 фоиз қамраб олиш, давлат-хусусий шерикчилик асосида санитар-тозалаш хизматларига хусусий секторни жалб қилишни камида 60 фоизга, чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини эса 38 фоизга етказишдир.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь