Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 07:10

Жамият

«Уч авлод» учрашуви мароқли ўтди

  • 06.Апреля.2022
  • 559

Муддатли ҳарбий хизматчиларни техник йўналишлар бўйича тайёрлаш марказида ўтказилган «Уч авлод» учрашувига пойтахтимиздан меҳмонлар таклиф этилди. 
Улар орасида ҳаво-десант қўшинларида хизмат қилган, Миллий гвардиянинг биринчи бригадасини бошқарган генерал-майор Раҳматилло Отахонов, биринчи мудофаа вазири бўлган ва Ўзбекистон Қуролли Кучларини ташкил этишнинг бошида турган генерал-полковник Рустам Аҳмедов, генераллар Феруз Усмонов ва Дилшод Муҳиддиновлар бор.  
Урушдан кейин армияда хизмат қилган, вилоят ҳарбий комиссари бўлган, истеъфодаги полковник Зоҳиджон Аҳмедходжаев вилоят мудофаа бошқармасини ҳам бошқарган, ҳозир пойтахтда истиқомат қилади, Тошкент шаҳар фахрийлар кенгаши раҳбари. 
– Наманганга тез-тез келишга ҳаракат қиламан, у билан боғлайдиган хотиралар мени доим ўзига тортиб туради. Умримнинг энг гўзал дамлари шу ерда ўтган. Она шаҳримга келиб, беихтиёр кўп ўзгаришларни сезаман. Наманган катта қурилиш майдонига айланиб, дунёга машҳур замонавий шаҳарга айланиб бормоқда, бу эса мени қувонтиради, – дейди Зоҳиджон ака.
Офицерлар бир-бирлари билан саломлашиб, ёшлар билан суҳбатлашди. Уларнинг ҳарбийлар ҳаёти ҳақидаги қизиқарли ҳикоялари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.  Подполковник Нурмуҳаммад Аҳадов Афғонистонда хизмат қилган, подполковник Фарҳод Жўраев ёшлигида Вьетнамда жанг қилган, 2000 йилларда Сариосиёда террорчилар билан жангларда қатнашган,  самбо бўйича спорт устаси, каратэ бўйича 2-ДАН қора белбоғ соҳиби, қўл жанги бўйича спорт усталигига номзод. Курсантлар фахрийларга кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди. 

Марказ бошлиғи, подполковник Ҳикматилло Турсунов меҳмонларга барча қулайликларга эга аудиториялар, спорт майдончасини кўрсатди. Кейин маънавият залига йиғилдилар. Ягона денгизчи – истеъфодаги биринчи даражали капитан Достон Тўланов даврани очиб, бугунги учрашув ёшлар ва халққа хизмат қилган фидойи инсонларни бир-бирларига яқинлаштирувчи муҳим аҳамиятга эга эканини, тажрибаларни ёшларга ўргатиш, ўзаро ҳурмат ва қадрни англатишини таъкидлади.
Вилоят ҳокими ўринбосари Жамолиддин Алойдинов  фахрийларнинг ёшлар тарбиясига қўшаётган ҳиссаси, вилоятда бу борада олиб борилаётган фаол ишлар изчил давом этаётганини таъкидлади. 
Шарқий ҳарбий округ қўмондонининг ўринбосари, полковник Шуҳрат Абдуллаев, Мудофаа вазирлиги фахрийлар кенгаши раиси Шавкат Наврўзов бурч ва ватанпарварлик, ватанга муҳаббат ҳақида ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Мазмунли суҳбатдан сўнг иштирокчилар Хотира майдонидаги «Мотамсаро она» ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

Наманган шаҳридаги 65, 86-сонли, Наманган туманидаги 1- ва 3-умумтаълим мактабларида  учрашувлар давом этиб, меҳмонлар билан суҳбатлар ўтказилиб, ўқувчиларнинг бўш вақтлари ва спорт тадбирларининг ташкил этилиши, чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга тайёрлаш масалалари билан қизиқдилар.
Бундай тадбирларни доимий равишда ўтказиб туришга ҳаракат қиламиз, бунда бизга вилоят ҳокимлиги ва  мудофаа бошқармаси раҳбарияти ёрдам бермоқда, – дейди бошқарма Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Ҳасан Хидиров. – Айни пайтда ҳарбий хизмат нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь