Қисқа сатрларда

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Хорижда ишловчиларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш учун компенсация берилади

«Наврўз» маҳалласида замонавий хизмат кўрсатиш маркази фойдаланишга топширилди

18 April, 2024, 06:34

Жамият

"УМРИНГДАН БАРАКА ТОПГУР!" ЁХУД СУИЦИД СЎНГГИ ЧОРАМИ?

  • 12.Октября.2019
  • 1017

— Домла, ушбу интервьюга тайёргарлик кўриш жараёнида ўз жонига қасд қилган айрим инсонларнинг оиласи, юриш-туриши, иқтисодий аҳволи, қўни-қўшни ва ёр-биродарлари билан муносабатларини ўргангандик. Натижада уларни ўзаро боғлаб турувчи ғалати бир умумий ҳолатларга дуч келдик.

Уларнинг аксариятида оила фаровон. Ҳеч қандай иқтисодий ёки молиявий муаммоси йўқ. Атрофдагилар билан жиддий келишмовчиликлар ҳам кузатилмаган.

Бироқ, шундай бўлса-да, улар ўз жонларига қасд қилишган.

Нима сабабдан улар бундай ишга қўл уришган деб ўйлайсиз?

— Аслида барча самовий динлар қатори муқаддас ислом динида ҳар бир банданинг, айниқса мўмин кишининг хоҳ у яхши, солиҳ бўлсин, xоҳ гуноҳкор бўлсин, умри узоқ бўлиши улуғ неъмат ҳисобланади.

Келинг, ўз жонига қасд қилишга сабаб қилиб кўрсатиладиган ҳолатларнинг айримларини санаб ўтамиз.

Булар — диний тушунчаларнинг ўта саёзлиги, ўлим ҳақиқати, охират тушунчаси, қайта тирилиш, қиёмат ва жаннат роҳатлари, дўзах азоблари борасида эътиқоднинг ниҳоятда сустлиги. Билимсизлик, тўқчилик ва аксинча — йўқчилик. Шаҳвоний ёки нафсоний муҳаббат. Ўз жонига қасд қилишни «муаммонинг ягона ечими» деб ўйлаш. «Кўк кит» каби баъзи интернет ўйинлари гирдобига тушиб қолиш. Турли руҳий касалликлар.

Қай бир муҳитда, оилада ўз жонига қасд ҳолати юз берган бўлса, албатта юқорида санаб ўтилган сабаблардан бир-иккитаси топилади. Демак, биз ушбу ҳолатларнинг олдини олишимиз, агар мавжуд бўлса, уларга ўз вақтида барҳам бериш чораларини кўришимиз керак.

— Турли вазиятларда ширин жонини қурбон қилишга топилган «куч»ни қандай изоҳлаш мумкин? Қандай қилиб ёшларни бундай руҳий ҳолатдан қутқариш мумкин?

— Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда инсон умрининг, яшашнинг аҳамияти тўғрисида маълумотлар келтирилган.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида: «... дунё ям-яшил ва гўзалдир. Аллоҳ унга сизни эга қилиб қўйди. Сўнг сизларни кузатувчи ва нима иш қилишларингизни кўриб тургувчидир...» деб марҳамат қилганлар.

Демак шундай гўзал дунёга келтириб қўйиб, Парвардигори олам бизни кузатиб турар экан. Агар инсон арзимаган ишни катта муаммо ҳисоблаб, ўша иш атрофида айланаверса, ундан бахтсизроқ инсон бўлмайди. Чунки у бора-бора юрак хуружини орттириши ёки «вос-вос»га учраши мумкин.

Афсуски, бу вазиятни босиқлик билан тушунтириши лозим бўлган ота-она ҳам, унинг яқинлари ҳам лоқайдлик қилганлар. Ёки фарзандининг ношудлигини, илмсизлигини таъна қилаверишдан нарига ўтмаганлар. Оқибат – бола ўша машъум ишга қўл урган.

Айтиш керак, олдинлари ёши катталар кўп қийинчиликлар, мусибатлар, айрилиқларга дучор бўлишганy лекин, шундай тушкун руҳий ҳолатга берилмаганлар. Катта мусибатлар, улкан машаққатларга қолган пайтларида ҳам бундай йўл тутмаганлар. Чунки уларнинг ота-оналари шундай тарбия қилишган. Жуфти ҳалоли урушда ҳалок бўлган ва 7-8 та фарзанд билан қолган онаизор барча қийинчиликларни ёлғиз енгиб ўтган. Аёллик ва оналик номига доғ туширмасдан болаларини тарбия қилиб, уйлаб-жойлаган.

Хўш бугун-чи?

Эри ҳаёт бўла туриб, кўнгил кўчаларига кираётган аёллар, шириндан шакар фарзандларини тирик етим қилиб ташлаб кетаётган «оталар». тарбиясиз қолдирилган фарзандлар, сабрсизлик, ношукурлик оқибатида шундай ҳолатга тушиб қолмаяптиларми?!

— Бугунги муаммолар ота-боболаримиз йиллар давомида тортган азоблар олдида арзимасдек. Бироқ нима учун замондошларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учрамоқда? Буни чидамсизлик, тоқатсизлик, десак тўғри бўладими?

— Албатта! Ота-боболаримиз кўрган ғам-ташвишларнинг ўндан бирини ҳам кўрмадик. Бу ҳам аслида биз учун неъмат.Улар озиқ-овқат танқислиги, кийим-кечак етишмаслиги, турли касалликлар билан боғлиқ кўплаб қийинчиликларга бардош беришган. Ўзингиз қаранг. Агар катталардан секин сўрасангиз, кўзларида ёш билан «бир бурда нон бўлса эди, бир тўйиб есам эди...» деб орзу қилган кунларимиз бўлган дейишади.

Менимча, уйда ҳозирги ота-оналар ҳар куни нонушта ёки кечки овқат пайтида ўзи кўрган ёки отасидан эшитган машаққатли кунларни болаларига эринмасдан ҳикоя қилиб бериши керак. Бугунги кунларнинг қандай фаровон ва тўкин эканлигини қайта-қайта айтиб туришлари лозим.

Уйда ота-она ҳар бир фарзандига ҳушёрлик билан муомала қилиши ва уларнинг руҳий ҳолатини кузатиб туриши керак. Боласининг айрим вазиятларда «ўзгариб қолгани»ни ота сезмаса-да, она албатта сезади. Шундай ҳолатда чин дилдан фарзандининг руҳиятини кўтариш учун бир оғиз ширин сўз гапириш кифоя қилади.

— Бугун мамлакатимизда мазкур муаммо ҳақида очиқ-ойдин гапирилаяпти. Президентимиз жамоатчилик билан учрашувларда одамларимизнинг кайфиятини кўтариш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берадилар. Бу борада ўзимиз қандай вазифаларни бажаришимиз керак?

— Маҳалла оқсоқоллари — маҳалла орасида, имом-хатиблар — марака-маросимларда, ўқитувчилар — дарсларда, Ёшлар иттифоқи вакиллари — ёшлар орасида зарур тарғибот ишларини олиб бориши лозим.

Бу борада яна шунга эътибор қаратиш зарурки, ҳадеб «ўзи жонига қасд қилиш гуноҳ, бу жиноят» деб такрорлашдан кўра ҳаётнинг гўзал эканлигини, унинг ҳар бир кишига берилган улуғ неъмат эканлигини ва ҳар сониясининг қадрига етишимиз кераклиги уқтирилиши керак.

Қуръони Каримда шундай дейилади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу-жон ва мевалар (ҳосилини) камайтириш билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз унинг ҳузурига қайтувчилармиз» — дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигор томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир» (Бақара, 155-оят).

Қаранг, ушбу ояти каримада Парвардигори олам ҳамма вақт тўкин-сочинлик, бахт-иқбол, мол-дунё мўл-кўл бўлавермаслигини, баъзан қийинчилик машаққати ёки мусибатлар, синовлар бўлишини айтиб бермоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбарларини, азиз-авлиёлар, олиму-фузалоларни машаққат, мусибатлар билан синаган. Барчалари ушбу синовларга бардош билан ўз яқинларига ва келажак авлодларга намуна бўлишган.

Муқаддас динимиз ўлимни орзу қилишдан, ўзига ўлим тилашдан қайтаради. Фақат ўта қийин аҳволга тушиб қолган тақдирдагина: «Парвардигорим агар ҳаётим мен учун ўлимимдан хайрлик бўладиган бўлса, умримни узоқ қилгил, агар ўлимим мен учун ҳаётимдан яхшироқ бўлса, ўлишни насиб қилгил» – деб дуо қилишга рухсат қилади.

Арзимаган бир муаммо учун қимматли неъмат – ҳаётдан воз кечиб, жонига қасд қилиш ўта оғир гуноҳ ҳисобланди.

Имом Бухорийдек зот Бухорога сиғмадилар. Замахшарий бир оёғи чўлоқ бўлатуриб, илм олиш йўлида жаҳон кезди, аллома бўлди. Имом Термизий кўзлари кўрмай қолди. Шоҳ Машраб «Тикансиз гул, садафсиз дур, машаққатсиз ҳунар бўлмас» дея мусофирликда вафот этдилар.

«Даврон мени ўткарди сару сомондин,

Ойирди мени бир йўла хону мондин.

Гаҳ бошима тож, гаҳ балойи таъна,

Неларки бошимға келмади даврондин...

дея Бобур мирзо ҳаётда мусофирлик, Ватандан айро яшашга мажбур бўлса-да ҳаёт учун курашиб, Ҳинд диёрида ҳукмронлик қилган Бобурийлар сулоласига асос солди.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳи таоло бундай марҳамат қилади: «Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим». Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади», — деб марҳамат қилинган. Ўз жонига қасд қилган билан муаммо ечилиб қолмайди. Бундай бесабр инсон абадий азобга қолади.

Шундай экан, яқинларимизни бундай ёмон ҳолатдан асрайлик.Токи ҳар бир ёшу қари, аёлу эркак узоқ ва фаровон умр кўриб, Ватанига, халқига хизмат қилсин, намуна бўлсин!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь