Қисқа сатрларда

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

20 April, 2024, 04:03

Жамият

ЎРНАТИЛГАН ҚУРИЛМА ЎЗ ЎРНИДАМИ?! ЁХУД ҲОВЛИ ЙЎЛАГИДАГИ ПОДСТАНЦИЯ МУАММОСИ

  • 06.Февраля.2021
  • 805

Бир шикоят изидан

Таҳририятимизга  Наманган шаҳрининг Тўқувчи маҳалласи Аэропорт кўчасидаги 280-281- уйда яшовчи У. Қориев ариза билан мурожаат қилди. Баён қилинишича, ушбу ҳовлидан 6 метр масофада «Уста Комил тех. импекс» МЧЖга тегишли юқори кучланишли подстанция ўрнатилган. «Ушбу подстанция ҳовлимга кириш-чиқиш йўлагида ўрнатилгани учун уй-жойимдан эркин фойдаланишимга жиддий халақит бермоқда», – деб ёзади фуқаро аризасида. Бу муаммо бўйича у дастлаб «NAMANGAN HUDUDIY ELEKTR  TARMOQLARI KORXONASI» АЖга  мурожаат қилиб, қуйидаги мазмунда жавоб хатини олган: 

«Аризангизда ёзилган 10 кВ.ли электр узатиш тармоқлари ва  янги қурилган ГКТП русумли трансформатор пункти истеъмолчилар тасарруфида бўлиб, жамиятимизга умуман алоқаси йўқ.
Ҳовлингизнинг қуёш чиқиш (шарқ) томонидан ўтган биринчи 10 кВ.ли электр узатиш тармоғи «Намангантола текстиль» тасарруфида. Иккинчи 10 кВ.ли электр узатиш тармоғи истеъмолчи тасарруфидаги подстанциядан чиққан ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорининг 1-иловасига асосан, ваколатли ташкилот томонидан қуриб, ишга туширилган, техник ҳужжатлари мавжуд. (Бу тармоқ қуриб, ишга туширилганда, ушбу ерда сизга қарашли ҳовлилар бўлмаган.) Бу иккала 10 кВ.ли электр узатиш тармоғини ва ГКТП русумли трансформатор пунктининг техник ҳужжатларини ва жойини ўрганилганда Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган «Электр қурилмалари тузилиши қоидалари» талабларига  мувофиқлиги маълум бўлди.
Электр узатиш тармоқлари ҳам, трансформатор пункти ҳам  шу сизга тегишли бўлмаган жойда турибди. Иккала 10 кВ.ли электр узатиш тармоғи ҳам, ГКТП русумли трансформатор пункти уйингизнинг деворидан амалдаги қоидалар  талабларига жавоб берадиган масофада турганлигини билдирамиз»
. (Техник директор Р. Мирзаев имзолаган  РН 35-05 /1670-сонли жавоб хатидан иқтибос олинди, 24.07. 2020  йил). 
Жавобдан қониқмаган У. Қориев Наманган шаҳар қурилиш бўлимига мурожаат қилади. Қурилиш бўлими бошлиғи И. Исомиддинов имзолаган жавоб хатида ( 21. 09. 2021 йил) эса: «... ушбу подстанция ҳамда  ҳаво электр тармоғини тортиш бўйича ташкил этилган ишлар,  лойиҳа ҳужжатлари  ва маълумотлар қурилиш бўлимида мавжуд эмас»лиги маълум қилинган. Кейин  мазкур  қурилманинг нечоғли хавфсиз жойлаштирилганлигига аниқлик киритиш мақсадида  фуқаро Наманган шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимига хат йўллайди. «Ушбу электр тақсимлаш қутиси (ТП)  ҳудудда қурилаётган коттеж типидаги  хонадонлар учун ўрнатилган бўлиб,  сизнинг  хонадонингизга яқин масофада, атрофи ҳимоя тўсиғи билан ўралмаган  ва транспортларнинг  ҳаракатланиш йўлагини қисқартирган ҳолда йўл четига жойлашган.  Ёнғин хавфсизлиги қоидаси талабларига мос эмас, кўчадан махсус техникалар ҳаракатланишига тўсқинлик қилади.  Шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг ёнғинга қарши талаблар бўлими 1-илова мажбурий 15-бандига асосан тор кўчанинг четидан бино деворигача бўлган масофа  9 қаватли бинолар учун 5-8 метр, 9 ва ундан ортиқ қаватли бинолар учун 8-10 метр қабул қилинган.  Бу ҳудудда  тўсиқлар, электр узатиш ҳаво линияларини жойлаштириш ва дарахтларни қатор қилиб экиш мумкин эмас... Ушбу электр тақсимлаш қутисининг жойлашувида амалдаги талаблар бузилган ва шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг ёнғинга қарши талабларига тўғри келмаслигини маълум қиламиз», – дейилади  Наманган шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи С. Бобомирзаев имзолаган жавоб хатида ( 24.10. 2020 йил, № 1/30- 2031).
Ҳолат юзасидан «Ўзэнергоинс-пекция»нинг Наманган ҳудудий бўлими етакчи  мутахассиси О. Исаков имзоси билан хулоса қилинган хатда шундай дейилади: 
«Уста Комил тех. импекс» МЧЖга  тегишли трансформатор пункти ҳозирда кучланиш остида бўлмаганлиги ва истеъмолчи томонидан фойдаланишда бўлмаганлиги, ушбу трансформатор пунктини ўрнатиш ва ишга тушириш учун «Ўзэнергоинспекция» томонидан  тегишли рухсат берилмаганлиги, трансформатор пункти лойиҳа  ҳужжатларисиз ўрнатилганлиги аниқланди. 
«Уста Комил тех. импекс» МЧЖга  тегишли  трансформатор пункти лойиҳа ҳужжатларисиз ўрнатилганлиги ҳамда «Ўзэнергоинспекция» томонидан тегишли рухсат берилмаганлиги сабабли, «Уста Комил тех. импекс» МЧЖ томонидан трансформатор пунктини ўрнатилган жойдан кўчириш лозимлиги кўрилди. 
 Фуқаро У. Қориев хонадонининг қуёш чиқиши (шарқ) томонидан уйнинг  деворига нисбатан чамаси 2,0-2,5 метр масофада  «Намангантола текстиль» МЧЖга тегишли 10 кВ.ли электр узатиш тармоғининг четки сими  жойлашганлиги, ушбу  электр узатиш тармоғининг лойиҳа ҳужжатлари мавжудлиги, тегишли ташкилотлар томонидан келишилган ҳолда 2010 йилда ишга туширилганлиги,  фойдаланиш учун «Ўзэнергоинспекция» инспекциясининг тегишли  рухсати берилганлиги ҳамда «Электр қурилмаларини тузилиш қоидалари»нинг 2.5.110 ва 2.5112-банди талаблари асосида рухсат  этилган энг кам масофада қурилганлиги кўрилди.
 «Намангантола текстиль» МЧЖ тасарруфидаги 10 кВ. кучланишли электр узатиш тармоғининг  муҳофаза ҳудудида  «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари»нинг 17-бандига асосан, «Намангантола текстиль» МЧЖнинг рухсатисиз, ҳар қандай бино ва иншоотларни қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ёки бузиш; дарахтлар ҳамда буталарни экиш ва кесиш; умумий баландлиги йўлнинг сатҳидан (юк билан ёки юксиз) 4,5 метрдан ортиқ бўлган машина ва механизмларнинг ўтиши ҳаракатлари амалга оширилганлиги аниқланган тақдирда «Намангантола текстиль» МЧЖ томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза билан мурожаат этилиши, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ судга мурожаат  қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилади»
. (23. 10. 2020 йил).
Ва яна фуқаро У. Қориевнинг мазкур муаммо юзасидан Наманган шаҳар прокуратурасига мурожаати ҳам ўрганиб чиқилиб, Наманган шаҳар прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Б. Юлдашев имзоси билан прокуратурадан жавоб йўлланган. Мазмуни эса шундай: «Яшаш манзилингиз атрофида ноқонуний равишда электр подстанцияси ўрнатилганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатингиз шаҳар прокуратураси томонидан кўриб чиқилди. Аниқланишича, яшаш уйингизнинг олдида «Уста Комил тех. импекс» МЧЖ томонидан 10/0,4 кВ. кучланишдаги ГКТП русумли 400 квА бўлган трансформатор пункти тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан туриб ўрнатилганлиги ҳамда кучланиш остида бўлмаганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, яшаш манзилингиз атрофида «Намангантола текстиль» МЧЖнинг 10 кВ кучланишли электр узатиш тармоғи, тегишли рухсатномаларни олган ҳолда 2010 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган.
Мурожаатингизни кўриб чиқиш жараёнида, «Уста Комил тех. импекс» МЧЖ  томонидан Электр энергиясида назорат бўйича давлат инспекциясининг 21.05. 2004 йилдаги буйруғи билан тасдиқланган «Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари»га зид равишда тегишли тартибда рухсат олмасдан туриб трансформатор ўрнатилганлиги аниқланди. 
Шунга кўра, тўпланган ҳужжатлар маъмурий чора кўриш учун «Дўстлик» электр тармоқлари корхонасига юборилди.
Келгусида ушбу масалада «Дўстлик» ЭТКга мурожаат берилган жавоб хатидан норози бўлган тақдирингизда юқори турувчи прокурорга шикоят қилишга ҳақли эканлигингиз тушунтирилади»
. (26. 10. 2020 йил. 24/2910м-20-сонли  жавоб хати).
– Эшигимнинг рўпарасига ўрнатилган электр тармоғи кирди-чиқдига халақит беради ва келажакда фарзандларим ҳаёти учун ҳам  хавфлидир, – дейди У. Қориев. – Шу масалани амалдаги  меъёрий қоидаларга риоя қилган ҳолда белгиланган жойга ўрнатилишини талаб қиламан. Чунки, бу борада ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг ва  электр тармоқларининг мутахассислари ҳамда Наманган шаҳар прокуратурасининг  тавсиясиям,  хулосалариям шуни тақозо этмоқда. Афсуски, мана олти ойдан буён  буларнинг барчаси қоғозда қолмоқдаки, ҳеч қандай амалий  ҳаракат йўқ.

Таҳририятдан: Муаммо юзасидан  фуқаронинг арзини-ю масъул идораларнинг жавобларини келтиришдан мақсадимиз шуки, бугун ташаббус кўрсатаётган тадбиркор ҳар қанча қўллаб-қувватлашларга ва имтиёзларга лойиқ. Аммо ишбилармоннинг лойиҳаси,  саъй-ҳаракатлари, фаолияти – ҳамма-ҳаммаси  амалдаги қоида, низом ва албатта техник шарту талаблар ҳамда хавфсизлик техникаси қоидаларига мувофиқ бўлиши шарт. Ҳозирча эса бу чигаллик бироз мавҳумлигича  ва унинг ечими  аросатда қолаётгандай таассурот  қолдирмоқда. Таҳририят  муаммонинг ижобий ҳал этилишига умид билдиради  ҳамда  бу мавзуга яна қайтади.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ, 
«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.
Муаллиф олган сурат.

 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь