Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 04:34

Жамият

Уйчи туманида «маҳаллабай» ишлаш самара бермоқда

  • 21.Апреля.2022
  • 567

Вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирокида ўтказилган пресс-турда «Маҳаллабай» тизими бўйича Уйчи туманида йўлга қўйилган тажрибалар яқиндан таништирилди.
Пресс-тур иштирокчиларининг дастлабки манзили – тумандаги Гулбоғ маҳалласи  фаолияти билан танишув чоғида Нуронийлар жамоатчилик кенгаши фаолиятига юқори баҳо берилди. 23-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган мулоқот чоғида «Бир нуронийга 10 нафар ёш» тамойили асосида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Учрашув якунида нуронийлар  мактабнинг фаол ўқувчиси Муҳаммадсиддиқ Тожимирзаевга «1+10» лойиҳаси асосида совға топшириб, қолган ўқувчиларни ҳам фаолликка чақиришди. 
3 минг 115 нафар киши истиқомат қилаётган Соку маҳалласидаги ўзгаришлар таҳсинга сазовор. МФЙ ҳашар йўли билан қурилган замонавий бинода фаолият олиб бормоқда. Йиғин биносида ташкил этилган кутубхона 9 мингга яқин адабиётлар фондига эга экани эътиборга молик. 815 та хонадондаги 920 та оила асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Жорий йил бошидан буён «Ёшлар дафтари»даги 16 йигит-қизнинг 12 нафари доимий иш ўрнига эга бўлди. Яқинда эса маҳаллада аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида тиббиёт пункти ўз фаолиятини бошлади.
Сокулик Муҳаммадвали Отақўзиев  катта ҳаётий тажрибага эга нуронийлардан. Уйидаги 4 сотихли томорқа айтиш мумкинки, даромад манбаининг ўзи. Полиз маҳсулотларини етиштириб, ортганини бозорга олиб чиқаётган хонадон соҳиби кейинги пайтда янги ёнғоқ навларини парваришлашни йўлга қўйди. Йиллик даромад эса 30 миллион сўмга етди. Шу билан бирга, мазкур ишбилармон хонадонида зотли паррандалар ҳам боқиляпти.
Тумандаги илғор маҳаллалардан бири – Ҳожиободда яшовчи Элдар Консеров узоқ йиллардан буён асаларичилик билан шуғулланади. У уч юздан зиёд шогирд етиштирган. Экологик жиҳатдан тоза, шифобахш асали билан нафақат туманда, балки вилоятда ҳам ном таратган тадбиркор томорқасида юздан ортиқ яшикларда боқаётган асалари маҳсулоти ички бозордан ташқари Россия Федерациясига ҳам экспорт қилинмоқда. Бу эса ота касбини давом эттираётган оилага ҳар йили 75 миллион сўмдан ортиқ даромад олиб келмоқда.
Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилувчи уста боғбонлардан бири Анваржон Тўрахонов журналист ва блогерларга узумчиликдан оддий усулда юқори ҳосил олиш тажрибаси ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, боғбон токни ҳам улаб, жайдари усулда узум етиштиряпти. Жорий йилда бир тонна ҳосил олишни мўлжаллаб турибди.
– Президентимиз бугун оз ердан кўп даромад олиш борасида узумчилик энг яхши йўналиш эканлигини кўп бора таъкидлаган, – дейди уста боғбон. – Чиндан ҳам, узумчилик билан шуғулланиш сердаромад ҳосил олиш гарови эканига ўз ишимда иқрор бўлдим.
Дарҳақиқат, уйчи- ликлар ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланиш ҳадисини олган. Биргина, Қўрғонча маҳалласида бир гектар ерга 300 минг туп терак қаламчалари экилган. Келгуси йилда улар кўчат сифатида сотилса, 1 миллиард сўм атрофида даромад келтириши аниқ. Бу маблағ, албатта, фуқаролар йиғини ихтиёрида қолади. 
Шу йилнинг январь ойидан маҳалла фуқаролар йиғинларида жорий этилган янги лавозим – тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиларининг изчил фаолияти яхши самара бермоқда.
Бунинг ёрқин исботи сифатида, тумандаги Навоий маҳалласида иш олиб бораётган Камолиддин Нажмиддинов тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган ёшларни бирлаштириб, кичик бизнес соҳасига тортди. Унинг кўмаги билан Шукрулло Қаҳрамонов бўш турган бинода «Dilim home textile» кичик корхонасини ташкил этди. Бунинг учун давлат томонидан унга 101 миллион сўм субсидия ажратилган бўлса, 70 миллион сўм маблағни тадбиркор ўз сармояси ҳисобидан сарфлади. Натижада 25 нафар йигит-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Ҳозирда корхонада эркакларнинг мавсумий кийимлари ишлаб чиқарилмоқда.
Хўжаобод маҳалласидан Илҳомжон Тўхтамирзаев ўз хонадонини кичик кулолчилик корхонасига айлантириб, 20 турдаги чинни маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотлар қўшни Қирғизистонга экспорт қилиняпти, ички бозорда ҳам харидоргир. Маҳалладаги ўндан ортиқ аёл-қизларнинг бандлигини таъминлаган кулол йилда 360 миллион сўмдан ошиқ даромад топяпти.
Ёркатай маҳалласидаги намунали оилалардан бири – Болтабоевлар хонадони томорқачилик хўжалигида қизғин ва самарали меҳнат қилаётганлардан. Хонадон эгалари иссиқхонада помидор ва цитрус мевалар етиштириш асносида чорвачилик билан ҳам шуғулланишаётгани таҳсинга сазовор. 
– «Маҳаллабай» тизими асосида Уйчи туманида йўлга қўйилган тажрибани, маҳаллалар ҳаётидаги бундай ижобий ўзгаришларни вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам кўриш мумкин, – дейди вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Аълохўжаев. – Албатта, ислоҳотлар самараларини халқимизга ва жамоатчиликка кенг етказишда оммавий ахборот воситаларининг ҳиссаси беқиёс. Шу маънода, бундай пресс-турларни ҳар бир туманда ташкил этамиз. Мақсадимиз халқимиз турмуш шароитини янада яхшилаш борасидаги хайрли ишларни кенг тарғиб этиш ва оммалаштиришдан иборат. 

Оқилхон ДАДАБОЕВ. 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь