Қисқа сатрларда

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

Намангандаги бунёдкорлик лойиҳалари кўздан кечирилди

28 March, 2024, 12:52

Жамият

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

  • 30.Октября.2020
  • 816

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов «Наманган ёшлар маркази»да эртамиз эгалари билан мулоқотда бўлди.

Тадбир аввалида БМТ гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (UNODC ROCA) номидан юридик клиника маркази очилди. Мазкур клиникани очилиши бўйича вилоят адлия бошқармаси ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбарлари ўртасида меморандум имзоланди.
«Ҳоким ва ёшлар» учрашувида шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, БМТ гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (UNODC ROCA) раҳбари Ашита Миттал, БМТ Тараққиёт Дастурининг (UNDP) Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ҳам иштирок этдилар.


Вилоят раҳбари ўз сўзида ёшларни Наманганнинг драйвери сифатида эътироф этди. Ёшлар билан кўпроқ суҳбат қуриш, уларни тинглаш зарурлигига эътибор қаратди. Бугун эртамиз эгалари қайси соҳада бўлмасин, у тадбиркорлик, илм-фан, ҳунармандчиликда ўз ўрнига эга. Улар ўз соҳалари ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келишмоқда. Қолаверса, улар вилоят иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи кучга айланмоқда.
Қайд этилганидек, Наманган шаҳридаги Юксалиш даҳасида ёш тадбиркорлар учун «Ёшлар» махсус кичик саноат зонасини ташкил этишга киришилди. 30 гектарлик ҳудудда 65 та лойиҳа амалга оширилиши ва келгусида «Ёшлар дафтари»га киритилган ўғил-қизлар учун 3,5 минг янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари IT (ахборот технологиялари) парки, касб-ҳунарга ўргатиш марказлари барпо этилмоқда. Буларнинг барчаси вилоят аҳолисининг 60 фоизини ташкил этадиган 1 миллион 600 мингдан зиёд ёшлар учундир.


Мулоқот давомида жойларда ёшлар марказлари, инклюзив таълим мактаб-лари очиш, Ёшлар парламенти аъзоларининг маҳаллий Кенгашлар фаолиятидаги иштирокини таъминлаш, имтиёзли асосда ёшлар уйларидан хонадонлар олиш, бандлик, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, кутубхона ташкил этиш сингари масалалар юзасидан ўнлаб савол ва таклифлар ўртага ташланди.
– Вилоятимиз ҳокими билан учрашув манфаатли ўтганидан бағоят хурсандман, – дейди «Golden Age Namangan» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Орифжон Ҳамидхонов. – Қишлоқ хўжалиги, хусусан, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион сўмга тенг лойиҳамни барпо этиш учун «Юксалиш» ҳудудидан 30 сотих ер сўраб, қилган мурожаатим ижобий ҳал этиладиган бўлди. Бу борада вилоят савдо-саноат палатаси яқиндан ёрдам бериши айтиб ўтилди.
Тадбир якунида фан, таълим, маданият, спорт, санъат соҳаларида алоҳида ташаббус кўрсатган ёшларга вилоят ҳокимининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь