Қисқа сатрларда

ЎЗБЕКИСТОНДА ЭНГ ЙИРИК ҲУНАРМАНДЛАР МАРКАЗИ, МАСЖИД ВА САВДО МАРКАЗИ НАМАНГАНДА ҚУРИЛАДИ

ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ЯХШИЛИКДИР

АҲОЛИГА ДАВЛАТ ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТЛАРИ ВА ЁРДАМ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИНИ АВТОМАТЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

"БОЛА ПУЛИ"ДАН СОЛИҚ: УНИ ҚАЙТАРИШ МУМКИНМИ?

КАДАСТР ХОДИМЛАРИ УЙНИНГ ПЛАНИНИ ЧИЗИБ БЕРГАНИ УЧУН ПУЛ ТАЛАБ ҚИЛИШГА ҲАҚЛИМИ?

08 August, 2020, 01:46

Жаҳон

КОРОНАВИРУС: ДУНЁНИНГ ЭРТАСИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

  • 10.Июля.2020
  • 180

Коронавирус пандемиясининг нечанчи тўлқин бўлишидан қатъи назар, қайта бош кўтараётгани барчани ташвишга солди. Одамларда хотиржамлик йўқолди. Айрим жойларда бефойда, мамлакатга салбий таъсир кўрсатадиган ғалаёнларни келтириб чиқарди. Хўш, энди дунё қай йўсинда ривожланади? Ер юзида ҳаёт қандай бўлади? Инсониятни нима кутмоқда?

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш коронавирус пандемиясидан сўнг дунёни кутаётган икки эҳтимол ҳақида фикрларини билдирди. У Швециянинг Aftonbladet нашрига берган интервьюсида шу ҳақда гапирди. “Биринчи, яъни яхши ҳолатда, – дейди Бош котиб, – мамлакатлар ҳозирги вазиятдан чиқиб кетади. Ривожланган давлатлар муваффақиятли тикланиш режасини тузади, ривожланаётган давлатлар ёрдам олади”.

Гутерриш бунда коронавирусга қарши вакцина 9 ойда топилиши ва барчага баробар бўлинишига умид билдирди. Агар воқеалар ривожи шу тарзда бўлса, иқтисодиёт тикланишни бошлайди, шунда дунё 2-3 йилдан сўнг нормал ҳолатга келади. 

Мабодо давлатлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштирмаса, бундай ҳолатда бизни салбий ўзгаришлар кутади. Вируснинг янги тарқалиш ўчоқлари пайдо бўлади, ривожланаётган мамлакатларда вазият ёмонлашади. Шу билан бирга, вакцина устидаги тадқиқотлар чўзилиши ёхуд уни яратиш учун рақобат кескин кучайиши ва кўпроқ бой мамлакатларгина харид қила олиши мумкин. “Агар шундай бўлса, биз сегрегация (ирқий камситиш намунаси), популизм (сафсатабозлик) ва ксенофобияга гувоҳ бўламиз”, – деди Антониу Гутерриш.

Бундан ташқари, иккинчи ҳолат рўй бергудек бўлса, ҳар бир давлат ўз ҳолича яшаб, жаҳон ҳамжамияти умумий муаммоларни ҳал қилиш учун ягона бошқарувга бирлаша олмайди. Оқибатда, глобал турғунлик содир бўлади ва камида 5-7 йил давом этади. 

Сиёсатчи ҳозир дунё қайси йўлда ҳаракатланаётганини айтиш қийин деган фикрни билдириб, имкон борича барчасини бажаришга ҳамда ёмон вазиятга тайёргарлик кўришга чақирди. Пандемия хулқ-атворни ўзгартириши керак, аммо тарқоқлик барча учун хавфли. 

Шу боис БМТ Бош котиби дунё етакчиларини умумий муаммоларни ҳал этиш ва халқаро ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга чақирди.  Бу бежиз эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус таъкидлаганидек, дунёда коронавирус тарқалиш суръати тезлашди. Буни ҳар биримиз кунлик маълумотлар орқали билиб турибмиз. Пандемия ҳали чўққисига етиб келмагани аниқ. Бунинг исботи сифатида, ўтган дам олиш кунлари дунёда “COVID-19”ни юқтириш бўйича 400 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилганини келтириш мумкин. Вируснинг келиб чиқишини ўрганиш учун ЖССТ Хитойга ўз миссиясини жўнатаётгани олимлар панденмияни тезроқ бартараф этишга уринаётганидан далолат беради. Миссиянинг вазифаси коронавируснинг келиб чиқиши манбаини аниқлашдир. Қолаверса, вируснинг ҳайвондан келиб чиқишини тушуниш борасида олға силжиш ва у ҳайвондан инсонга қандай ўтганини аниқлашдан иборат бўлади. 

ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райаннинг айтишича, вируснинг келиб чиқишини аниқлаш детективга ўхшайди. “Ҳайвонлар ва инсонлар ўртасидаги чегара қачон ўтилганини аниқ билмаймиз. Хитойга йўл олаётган олимлар сабаб нимада эканини аниқлашмоқчи. Энг асосий, вируснинг инсонга ўтиши жараёни қандай кечганини билиш лозим”, деган Райан ва вируснинг ҳайвондан инсонга ўтиши занжирида ҳам ёввойи, ҳам қишлоқ хўжалиги ёки бозордаги ҳайвонлар иштирок этган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Хабарингиз бор, АҚШ Президенти Дональд Трамп конгрессга мамлакатнинг ЖССТдан чиқиши тўғрисида расмий хабарнома жўнатган эди. Трамп аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини Хитойга етарлича чора кўрмаганликда айблаб чиққан эди. Сўнгра ЖССТга бундан буён ташкилотни молиявий қўллаб-қувватлашни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилганди. Трамп ўз қарорини ЖССТ Вашингтон талаб қилган ислоҳотларни ўтказишдан бош тортгани билан тушунтирди. АҚШ ташкилотга мўлжалланган 450 миллион долларни энди бутун дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш билан боғлиқ эҳтиёжларга йўналтиради. Аммо очлик остонасида қолаётган одамларни ким қутқаради?

Афсуски, коронавирус пандемияси сабабли дунёда очликдан азият чекаётганлар бир миллиардга етиши мумкин, деб огоҳлантирмоқда Германиядаги хайрия ташкилоти. Хусусан, Африка мамлакатлари ва жанубий яримшардаги бошқа давлатларда “COVID-19”га чалинганлар сони ошмоқда, кўпчилик иш жойини йўқотди, иқтисодиёт кучли жабр кўрмоқда, маҳсулотлар нархи ошяпти, соғлиқни сақлаш тизимлари касалларга дош беролмаяпти, деб хабар беради Германиядаги “Welthungerhilfe” хайрия ташкилоти.

Қайд этилишича, коронавирус қурғоқчилик, иқлим ўзгариши, қуролли низолар ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Шу билан бирга, дунёда очликдан азият чекаётганлар яқин ойлар ичида кўпайиши мумкин. Ташкилот маълумотига кўра, ҳозир дунё бўйича 821,6 миллион киши очликдан азият чекмоқда, бу ер юзи аҳолисининг 11 фоизи дегани. 47 мамлакатда эса овқатланиш билан боғлиқ вазият жиддий, ўта жиддий ва инқирозли деб баҳоланмоқда.

Дунёдаги аҳволни кўриб турибмиз. Коронавирус пандемиясининг кенг тарқалаётгани Ўзбекистонга ҳам бегона эмас. Иқтисодиётимиз оғир аҳволга тушиб қолишини истамасак, карантин чораларига бирдек риоя қилишимиз, беҳуда санқимаслигимиз, берилаётган тавсияларга риоя қилишимиз шарт.   

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,

сиёсий шарҳловчи.

ЎзА

Энг кўп ўқилганлар

Календарь