ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35600
23 January, 2025, 12:48
Kейинги йилларда амалга оширилган туб ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, тезкор ва ихчам миллий армия ташкил этилди. Айни вақтда тинч ва осойишта, фаровон ҳаётимиз Қуролли Кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқдаки, мана шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, ардоқласак арзийди.
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Исмоил ЎРИНБОЕВ билан суҳбатимиз соҳадаги янгиликлар, вилоят миқёсида ўтказилаётган ватанпарварлик тадбирлари хусусида бўлди.
– Мудофаа вазирлиги қўшинларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Дастлаб, шу ҳақда маълумот берсангиз...
– Мудофаа вазирининг 2024 йил 5 сентябрда «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги буйруғи қабул қилинди.
Унга кўра, ҳарбий хизматга саралашда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси аниқлаштирилди. Булар ўрта, ўрта махсус, профессионал ёки олий маълумотга эга 18 ёшдан 30 ёшгача, муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган 40 ёшгача бўлган шахслар, шунингдек, резерв ва захирадаги 40 ёшгача бўлган офицерлардир.
Бунда, номзод Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (ёки ўтаётган), сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизматни ўтаган ёхуд олий таълим муассасалари «ҳарбий кафедраларида» ўқишни тугатган бўлиши керак.
Шунингдек, хизматга имтиёзли қабул қилишнинг айрим шартлари ўзгармоқда. Илгари республика ва халқаро спорт мусобақалари ғолиблари учун контракт бўйича ҳарбий хизматга чақиришнинг соддалаштирилган тартиби мавжуд бўлиб, спортчиларга фақат тиббий кўрикдан ўтиш етарли эди. Ушбу имтиёз ғолиб бўлган пайтдан эътиборан 5 йил давомида амал қилган. Ҳозир ушбу муддат 3 йилгача қисқартирилди.
– Кўпчиликни бир савол қизиқтиради: Ўзбекистонда бир ойлик ҳарбий хизмат мажбурийми? Кимлар бир ойлик ҳарбий хизматга чақирилади?
– «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунда сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни (бир ойлик ҳарбий хизмат) ўташ бўйича тартиблар белгиланган.
Қонуннинг 6-моддасига кўра, ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан, чекловлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинади.
Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ўташга киришмоқчи бўлган фуқаро Мудофаа вазирлигининг махсус ҳисобварағига пул тўлайди.
Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига шахслар 27 ёшга тўлгунга қадар олинади ва ҳар йилги ҳарбий йиғинларга жалб этилишлари мумкин, фавқулодда вазиятлар ёки Ўзбекистонга қарши ҳарбий тажовуз рўй берган тақдирда, ҳақиқий ҳарбий хизматга чақириладилар.
– Кимлар ҳарбий хизматга чақирувдан озод қилинади?
– Қонуннинг 22-моддасида муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан озод этишга доир қоидалар келтирилган.
Унга кўра, тинчлик даврида муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан қуйидагилар озод этиладилар:
саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар;
яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар;
рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.
Қонунда жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмаслиги белгиланган.
– Ҳарбий хизматдан бўйин товлаш учун қонунда қандай жавобгарлик кўзда тутилган?
– Қонуннинг 51-моддасида мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлиги белгиланган.
Хусусан, Ўзбекистон фуқаролари ҳарбий хизматдан бўйин товлаган тақдирда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилади.
– Ўтган йил якуни бўйича вилоятда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
– Ўтган йилда вилоятдаги таълим муассасалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда ташкилот ва муассасаларда мингдан ортиқ маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари, фестиваллар, учрашувлар, давра суҳбатлари, жонли мулоқотлар уюштирилди.
Ҳарбий қисм ва муассасаларда ўқувчи-талаба ёшлар учун «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди, дала ўқув майдонлари ва полигонларга ўқувчи ёшлар учун ўқув машғулотлари ўтказилди.
«Биз сиз билан фахрланамиз», «Ўзбекистон – менинг она Ватаним!», «Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!», «Мен ҳам ҳарбий бўламан» шиори остида ўтказилган тадбирлар ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат туйғуларини уйғота олди.
«Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги» доирасида Наманган шаҳри, Наманган, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Косонсой, Норин, Чортоқ, Уйчи туманларида «Ватанпарварлик фестиваллари»да Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий қисмлари, «Ватанпарвар» ташкилоти, ҳарбий қисмларнинг турли махсус асбоб-анжомлари кўргазмаси ташкил этилиб, тадбирлар давомида ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий оркестр, фахрий қоровул взводи ва қўл жанги гуруҳларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Ватан озодлиги йўлида жасорат кўрсатган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этиш асосида ўқувчи ёшларнинг қалбида миллий ғурурни кучайтириш ва ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмаслик туйғусини камол топтириш мақсадида «Ватанимни кўз қорачиғидек асрайман», «Эъзоз», «Эҳтиром», «Авлодлар учрашуви», «Қаҳрамонлар номи барҳаёт» шиорлари остида вилоятдаги таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар ва меҳнат жамоаларида маънавий-маърифий учрашувлар, хотира кечалари ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Байрамлар арафасида мустақилликни ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо қилган 34 нафар наманганлик мард ва жасур ҳарбий хизматчини хотирлаш тадбирлари ўтказилиб, уларнинг оилаларига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Тарбияси оғир ва ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турувчи жиноятчиликка мойил, девиант хулқ-атворли ёшлар учун мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги «Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш» марказида 5 маротаба 10 кунлик муддатли ҳарбий ватанпарварлик йиғини «Жасорат мактаби» ташкил этилиб, 450 нафар ёш жалб этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур ўқувларда иштирок этган ёшларимизда сезиларли даражада ижобий ўзгариш бўлди. Жорий йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар давом эттирилади.
Фурсатдан фойдаланиб, мард ва жасур, фидойи ўғлонларни 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан табриклайман.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.
Суҳбатни Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА ёзиб олди.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти