ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34151
05 October, 2024, 04:01
Америка оқ капалаги. Кўриниши оппоқ ва юмшоқ бўлса-да, ушбу ҳашорат қишлоқ хўжалигига жуда катта зарар етказиши мумкин. У айниқса мевали дарахтларни яхши кўради. Тут, олма, нок, ўрик, гилос, ёнғоқ, беҳи ва бошқа 300 га яқин мевали ҳамда манзарали дарахтлар унинг емишлари қаторига киради.
Асл ватани Шимолий Америка ҳисобланган ушбу ҳашарот Европа мамлакатларига 1936 йилда ўтиб, Австрия, Болгария, Венгрия, Руминия ва бошқа давлатларда, кейинчалик эса Японияда ҳам пайдо бўлган. Америка оқ капалаги 1952 йилда Украинанинг Закарпат (Карпат орти) ўлкасида пайдо бўлди. 1966 йилда Молдавия ҳудудига ўтгани қайд қилинди. Тез орада Шимолий Кавказ, Волга бўйи ва Каспий денгизининг ғарбий қирғоғидаги вилоятларга тарқалди.
Капалакнинг ташқи кўриниши оқ рангда бўлиб, ипакдек товланиб туради. 8-10 кун ҳаёт кечиради. Тухуми шарсимон, кўкимтир рангда бўлади. Капалак дарахт барглари остки томонига бир қатор қилиб, 300-500 тадан ортиқ тухум қўяди. Тухумнинг устидан тукчалар билан ўрайди. Қуртлари 35-45 кун яшайди. Етилган қуртлар дарахт пўстлоқлари остида ва тўкилган барглар орасида, юпқа пилла ичида ғумбакка айланади ҳамда ғумбак даврида қишлаб чиқади.
Ҳозир зараркунанда ҳашоратнинг Марказий Осиёга ўтиши, биринчи навбатда Туркманистон ва Ўзбекистонга тарқалиши хавфи кутилмоқда.
Ўзбекистонга, қолаверса, минтақадаги давлатларнинг қишлоқ хўжалиги, айниқса, ипакчилик соҳаси ва боғдорчиликка катта зарар етказиш эҳтимоли бор. Бу ҳашорат бизнинг иқлим шароитимизга тез кўникиб ва мослашиб кетиши билан ҳам хавфлидир.
Ушбу хавфли зараркунанданинг мамлакатимиз ҳудудига кириб келмаслиги учун зарур карантин чораларини кўриш талаб этилади. Сабаби бу давлат аҳамиятига молик муҳим тадбир ҳисобланади. Агар, сиз яшайдиган ҳудудда нотаниш зарарли ҳашоратнинг пайдо бўлиши аниқланса, зудлик билан карантин инспекциясига хабар берсангиз айни муддао бўлади.
Я. Турсунбоев,
М. Абдумуталов,
Наманган вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Наманган ТИФ назорат маскани инспекторлари
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти