Қисқа сатрларда

ТИЛАНЧИ! ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ: У ВИРУС ЮҚТИРГАН БЎЛИШИ МУМКИН!!!

"АҚЛЛИ" ҲИСОБЛАГИЧНИНГ АФЗАЛЛИГИ НИМАДА?

КАРАНТИН ДАВРИДА ПЕНСИЯ БЎЙИЧА ҚАНДАЙ МУРОЖААТ ҚИЛАМАН?

САХОВАТ – БОЙЛИКНИНГ ХАМИРТУРУШИ

КАРАНТИН ЮМШАТИЛМОҚДАМИ?

28 May, 2020, 07:29

Қишлоқ хўжалиги

ВИЛОЯТИМИЗДАГИ СУВ ОМБОРЛАРИ, УЛАРНИНГ ДАМБАЛАРИ МУСТАҲКАММИ?

  • 16.Мая.2020
  • 1102

Сиз кутган суҳбат

Наманган заминида етиштириладиган нозу неъматлар довруғи бежизга дунёга кетмаган. Бу муқаддас юртнинг олмаси-ю анорларига бағишлаб шеърлар, қўшиқлар айтилган. Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан тизимга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли вилоятимиз боғбону соҳибкорлари томонидан етиштирилаётган мева-ю сабзавотлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажми ошди, экспортига кенг йўл очилди.

Аммо буларнинг барчаси таг заминида об-ҳаёт турганини ҳам эътибордан қолдирмаслигимиз керак. Зеро, сув бор жойдагина яратиш, яшнатиш бўлади,  ундан тежаб-тергаб фойдаланилсагина кутилган натижага эришиш мумкин.

Мухбиримизнинг вилоят сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир УМАРОВ билан қилган суҳбати ҳам шу мавзуда бўлди.

 

– Наманган географик жиҳатдан жойлашган ўрни бўйича ўзига хос хусусиятга эга – Норин-Сирдарё ҳавзасининг текисликлари, тоғлик, қир-адирликлардан иборат, – дейди Ж. Умаров. – Шундан келиб чиқиб, вилоятдаги суғориладиган ерларни суғоришда ўзи оқар сувлардан, насос-куч воситаларидан, шимолий худудлардаги қир-адирликларни сув билан таъминлашда эса тоғлардан оқиб тушувчи маҳаллий сойларнинг ўзанида қурилган сув сақлаш ҳавзалари – сунъий сув омборларидан кенг фойдаланилади. Бу юмушларнинг ўз вақтида уддаланишида эса 1985 йилда вилоят сув хўжалиги бошқармаси таркибида ташкил этилган ва республика Сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йилдаги буйруғи билан мустақил ташкилот сифатида фаолият юритиб келаётган бошқармамиз ишчи-ходимларининг хизматлари салмоқли.

Бошқарма таркибида 9 та сув ва 8 та сел омборлари мавжуд бўлиб, уларнинг доимий равишда ишчи ҳолатида бўлиши, соз сақланиши учун жамоамизнинг 193 нафар ходими самарали фаолият юритиб келмоқда. Чуст туманидаги «Резаксой» (лойиҳавий сиғими – 300 млн.м3), Попдаги «Жийдалисой» (лойиҳавий сиғими – 44 млн.м3), шунингдек, Чортоқ туманидаги «Чортоқ» (лойиҳавий сиғими – 30 млн.м3) сув омборларини сиғими жиҳатидан вилоятимиздаги энг катта сув омборлари сирасидан деб айтсак, Косонсойдаги «Қорасув» (6,3 млн.м3) сув омборини вилоятимиздаги энг кичик сув омборларидан дейиш мумкин. Шунингдек, Чуст туманида яна «Варзик», «Кўксераксой», Янгиқўрғонда «Эскиер», «Заркент», Косонсойда «Ертикон» сув омборлари ҳам мавжуд бўлиб, юқорида айтиб ўтган сув омборлари вилоятимиздаги жами 83500 гектар майдондаги қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлашга хизмат қилади, қиш ва эрта баҳорда кўп кузатиладиган ҳудудлардан оқиб ўтувчи маҳаллий сойлардаги сел сувларини ушлаб қолиб, уларни йиғиш учун ҳам мўлжалланган.

– Сўнгги кунларда мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларида кучли ёғингарчиликлар ва бунинг оқибатида сел келиш ҳолатлари кузатиляпти. Бу эса бошқарма ходимларини янада огоҳроқ, ҳушёрроқ бўлишга чақириши табиий, албатта...

– Тўғри, Сирдарёдаги «Сардоба» сув омборида юз берган кўнгилсизлик, Сурхондарё ва Навоий вилоятларининг айрим туманларида содир бўлган нохуш воқеалар барчамизни янада ҳушёрликка чақиргани шубҳасиз. Бу жиҳатдан олиб қараганда, юртдошларимиз хотиржам бўлишлари мумкин. Яъни, айтмоқчиманки, вилоятимиз ҳудудидаги жами сув омборларининг сиғими 440.7 млн. м3 бўлса, 14 май ҳолатига 196.732 млн.м3 сув йиғилди. 

Бундан ташқари, Наманган шаҳридаги «Ғирвонсой», Янгиқўрғон туманидаги «Қандиён», «Қизсой» ва «Гаистон», Тўрақўрғондаги «Кенгкулсой», Чортоқдаги «Бештол» ва «Қорамурут», Уйчи туманидаги «Сассиқсой» сел омборлари ҳам энг биринчи навбатда айнан вилоятимиз аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқлари  объектларини селдан ҳимоя қилишга хизмат қилади.

– Олдинда эса ёзнинг жазирамали кунлари...

– Фикрингизни тушундим. Вилоятимизда сув танқислигининг олдини олиш мақсадида мавжуд сув омборларининг сиғимини ошириш бўйича қабул қилинган Дастурларга асосан 2017-2018 йилларда Косонсой туманидаги «Қорасув» сув омбори қурилишининг 2-навбатидаги қолган ишларни бажариш учун 2 млрд. 656 млн. сўм маблағ сарфланиб, сув сиғими 3,0 млн.м3 дан 6,3 млн.м3 га етказилди.

 «Ертикон» сув омбори сув сиғимини 3 млн. м3 дан 20 млн м3 га етказиш ишлари учун эса 2017-2019 йилларда 49 млрд. 593 млн. сўм маблағ ажратилиб, бугунга келиб мазкур объектда ҳам қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Президентимизнинг 2018 йилда вилоятимизга қилган ташрифлари давомида битта сув омборини реконструкция қилиш ва иккитасининг қурилиши Республика дастурига киритилган. Яъни, Янгиқўрғондаги «Заркент» сув омборини реконструкция қилиш, Косонсой туманида «Испарон» ва Поп туманидаги «Чоркесар» сув омборларини қуриш кўзда тутилган. Мазкур ишлар амалга оширилгач, вилоятимизнинг Поп, Косонсой, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларидаги жами 10 минг гектар экин майдонининг сув таъминоти яхшиланади.

Ҳозирда сув омборларининг, улардаги гидроиншоотларнинг техник ҳолати мунтазам равишда малакали мутахассислар томонидан доимий  назорат қилиб борилмоқда, дамбалар ва қирғоқлар ҳолати бўйича мунтазам кузатув йўлга қўйилган. Шунингдек, гидроиншоотлардаги мавжуд механизмлар ўз вақтида техник қаровдан ўтказилиб, созлиги таъминланяпти.

Бундан ташқари, баҳор ойларида кузатиладиган сел ва тошқинларни беталофат ўтказиш мақсадида ҳар бир сув ва сел омборларида навбатчилик ташкил этилган. Техноген ва фавқулодда вазиятлар содир бўлганда хабардор қилиш тизими ишлаб чиқилиб, аҳолини огоҳлантирувчи сиреналар, алоқа воситалари ва қўшимча электр таъминоти воситалари билан таъминланган.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь