Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 04:16

Қишлоқ хўжалиги

Анор билан «тиллашсангиз», у сизни қуруқ қўймайди

  • 16.Февраля.2023
  • 1195

Анордан юқори ҳосил олиш борасида юртимиз боғбонларининг етарлича тажрибалари бор. Миришкорларнинг қуйидаги тавсияларини амалда қўллаб, сиз ҳам анордан мўл-кўл даромад олишингиз мумкин.

Анор кўчатини экаётган пайтда чуқур атрофига қиррали тош териб қўйсангиз, анори ёрилмайди, меваси серҳосил бўлади.

Агар қуриган мевали дарахтлар кулини сув билан аралаштириб, бир неча кун анор томирига оз-оздан қуйиб турсангиз, анорингиз серҳосил ва дони рангдор бўлади.

Анорнинг ёввойи новдаларини бутаб, уни ахлатхонага ташламай сақлаб қўйинг. Ёз фаслида уни куйдириб, тупроқ билан аралаштириб анорга беринг, мевасини чиройли қилади.

Агар каптар гўнгини сувга аралаштириб, анор томирига қўйиб турсангиз, анорнинг меваси тўкилмайди, пишиши тезлашади. Агар бақлажон ширасини анор гулга кирган пайтда сочсангиз, ундан юқори ҳосил оласиз.

Турли суяк, жун, чарм қолдиқларини анорзорингизга кўминг, анорингиз хушранг бўлади. Анор учун от гўнги ҳам фойдалидир.

Анор дарахти ток билан яқин экилса, ҳар иккиси ҳам серҳосил бўлади. Айрим уста боғбонлар анорни нок дарахти билан пайвандлаб юқори ҳосил олишганини биламиз. Анорни апельсин дарахтига пайвандлаш усулларини ҳам эшитганмиз.

Айрим боғбонлар анорларини офтоб уриб, қорайтириб қўйганидан нолишади ва албатта бу ҳосилдорликка таъсир кўрсатади. Бу ўша анор дарахтингизга етарли озуқа миқдори бермаганингиздан дарак.

Уни ўғитлашга эътибор беринг, шунда анор меваси офтобда куймайди. Иложсиз ҳолда анор дарахтини кўпроқ қуёш тушадиган қисмига бир қават қуруқ хашак ташлаб қўйинг. Бу амални август ойининг кейинги иккинчи ярмида бажаринг.

Яна бир тавсия – экаётган анор кўчатингиз новдасини ёриб, ичидаги мағизини олиб, яна уни бир-бирига ёпиштириб, увада ёки латта билан ўранг. Тоза лой ва янги гўнг билан суваб ёрилган жойи ер юзасига уч бармоқ чиқиб турадиган қилиб экинг. Кўклагандан сўнг ёриқ устидаги қисмини кесиб ташлаб парвариш қилинг. Анорингиз мевасининг уруғи бўлмайди.

Бундай тажрибалар жуда ҳам кўп. Муҳими, анорингиз билан «тиллаша» олсангиз, унга меҳрингизни берсангиз, сизни қуруқ қўймайди.

Э.Усмонов,

Я.Турсунбоев,

Наманган вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Наманган ТИФ инспекторлари

 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь