Қисқа сатрларда

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

02 May, 2024, 04:16

Қишлоқ хўжалиги

Анор экинг, боғ қилинг!

  • 13.Февраля.2024
  • 91

Анор меваси – анордошлар оиласига мансуб, субтропик мева ўсимлиги ҳисобланади.

Вилоятимизнинг бир қатор ҳудудлари, Қува, Денов ва Китоб туманларида аъло сифатли анорлар кўп етиштирилади.

Анор асосан, мева сифатида истеъмол қилинади. Ундан қандолат ва тиббиётда кенг фойдаланилади, тери ошлашда ва газламаларни бўяшда ишлатилади.

Гулбарги ва мева пўстидан бўёқ, донидан шарбат тайёрланади. Ёввойисидан лимон кислотаси олинади.

Баъзи турлари хушманзара ўсимлик сифатида экилади.

Анор экиш учун бўйи ва кенглиги 50×50 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмини 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига олиб, қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади.

Кўчатни экишдан олдин тайёрлаб қўйилган шалтоққа ботириб олинади, сўнгра экилади. Кўчат ўрага тик қўйилиб, олдин олинган тупроқ чуқур тагига солиниб кўмилади. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўла сув қуйилади. Бунда тупроқ зичланиб, кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб тўлдирилади. Кўчатлар тупроқ намлигига қараб суғориб турилади.

Анор дарахти одатда қуруқроқ бўлган ерларга экилади.

Анор дарахти заиф бўлганлиги учун, қишки совуқлардан ҳимояланиши зарур. Бунинг учун анор дарахтлари қиш олдидан қамиш, похол, шох-шаббалар ёки ошқовоқ, қовун, тарвуз кабилар палаклари ёки тупроқ билан ўраб, кўмиб қўйилади.

Анор дарахтларини тўрт усулда кўпайтириш мумкин.

1-усул: донидан кўпайтириш бўлиб, жуда секин ривожланади;

2-усул: анор шохларидан кесиб экилади ёки қаламча қилиб кўпайтирилади, лекин бу усулда новдаларнинг кўкариши камроқ ва секинроқ кечади;

3-усул: бунда анор дарахти атрофидан ўсиб чиққан бачкилар асосий танадан ажратиб олинади ва экилади. Бунда ниҳолларнинг ўсиши тез бўлишига қарамасдан, ҳосилдорлиги камроқ бўлади;

4-усул: бунда бачкилардан бири ёки бир нечтаси эгилиб кўмилади ва новданинг учи очиқ қолдирилади. Бу усулда кўпайтириш бошқаларидан кўра самаралироқ ҳисобланади.

Кўкарган ниҳоллар 1 ёки 2 йил шу жойида қолдирилади, сўнгра бошқа жойларга ўтқазилади. Бу давр давомида кўчатлар ораси бегона ўтлардан тозаланади, касалликлардан ҳимоя қилинади.

Анор қишга кўмиладиган субтропик экин тури бўлганлиги учун уни бутасимон шакллантириш энг мақбул ҳисобланади. Бунда асосий 3 та йирик шох қолдирилади. Йирик шохлар ерга нисбатан 45 градус қияликда шакллантирилади. Вақт ўтиши билан ҳосил тупнинг марказидан четга чиқа бошлайди, шунинг учун новдаларни қисқартириш талаб этилади.

Бўз тупроқларда анор ўсув даври мобайнида 6–10 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Анор дарахтини асосан ўргимчаккана зараркунандаси зарарлайди. Ўргимчакканага қарши 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл) пуркалади.

Анор навлари куз ойларида пишиб етилади. Ҳосилни йиғиштиришда мевани бир қўл билан оҳиста узиб олинади ва яшикларга тахланади.

Анор мевалари турли шикастланишларга чидамли бўлгани учун уларни узоқ муддат сақлаш ва қатор-қатор қилиб тахлаш мумкин.

Анор мевалари пишган пайтда уни қушлардан ҳимоя қилиш учун ошқовоқ палак ва баргларини унинг дарахтига илиб қўйилса, қушлар унга яқин келмайди.

Э. Усмонов,

М. Абдумуталов,

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Наманган ТИФ инспекторлари

Энг кўп ўқилганлар

Календарь